Маҳбусларга рўза тутиш фарз бўладими?
Бўлимлар: 03. Рўза
Савол: Илтимос, бизга тушунтириб беринг, қай ҳолатларда фарз рўзани тутмасак бўлади? Ҳадислар борми бу тўғрисида? Қамоқхонада шароит бор, каша, нон, сут, ширин чой беради бизга. Ҳеч ким қарши эмас. Лекин ҳозир тутмасдан, кейин, озодликда тутиб берсак бўладими?
Маҳбуслар.
Жавоб: Аллоҳ таолодан сизларга нажот беришини сўраймиз. Ўзбекистон қамоқхоналарида азоб чекаётган мусулмонларнинг ҳам тез кунлар ичида золимлар чангалидан озод бўлишларини илтижо қиламиз.
Ал-Мавсуатул–фиқҳийяда “Рамазон ойини аниқ билмаган маҳбуснинг рўзаси”, деган бўлим бор. Унда жумладан, бундай дейилади:
صوْمُ الْمَحْبُوسِ إِذَا اشْتَبَهَ عَلَيْهِ شَهْرُ رَمَضَانَ :
ذَهَبَ جُمْهُورُ الْفُقَهَاءِ إِلَى أَنَّ مَنِاشْتَبَهَتْ عَلَيْهِ الشُّهُورُ لاَ يَسْقُطُ عَنْهُ صَوْمُ رَمَضَانَ ، بَل يَجِبُ لِبَقَاءِ التَّكْلِيفِ وَتَوَجُّهِ الْخِطَابِ. )الموسوعة الفقهية الكويتية – (28 / 84(.
Жумҳур фуқаҳолар ойлар ҳисобини аниқ била олмаган одамнинг зиммасидан Рамазон рўзаси соқит бўлмайди, дейишган. Аксинча, таклиф ва хитоб боқий эканлиги туфайли рўза фарз бўлади. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 28/84).
Таклиф ва хитоб деганда Аллоҳ таолонинг Рамазон рўзаси фарз бўлганини эълон қилиб, мўминларга қарата йўллаган хитоби назарда тутилган. Аллоҳ таоло айтган:
{ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ } (البقرة\183)
“Эй иймон келтирган инсонлар, сизлардан аввалгиларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди. Шоядки тақволи бўлсаларингиз”. (Бақара/183).
Аллоҳ таоло бундан кейинги оятларда касал ёки сафарда бўлган ё эса оғир шароитлар туфайли рўза тута олмайдиган одамларни бошқа кунларда тутиб бериш шарти билан бу ибодатдан озод қилган.
Рамазон келганини билмай қолиш оқил ва болиғ инсондан бу ибодатни соқит қилмайди. Зеро, инсон ўз зиммасидаги бурчни адо этиши учун ойлар ҳисобини билиши, билмаса, сўраб-суриштириши фарздир.
Юқоридагиларга кўра, агар сизларда рўза тутишга шароит бўлар экан, Рамазондек улуғ ойга соғ-саломат етказган пайтда Оламлар Раббисига беҳисоб шукроналар қилиб, рўза ибодатини адо этишга киришасизлар, иншоаллоҳ.