Таркибида желатин бўлган маҳсулотлар ҳукми
Бўлимлар: 22. Таом, ичимлик
Савол: Пишлоқ ва желатин тўғрисида маълумот берсангиз. Баъзи уламолар бу маҳсулотлардан истифода қилиш ман этилади дейишган, баъзилари эса рухсат беришган.
Амина.
Жавоб:
Маълумки, желатин ҳайвонлардан ёки ўсимликлардан олинади ва озиқ-овқат саноатида, дори-дармон ишлаб чиқаришда ва яна бир қатор соҳаларда кенг ишлатилади. Желатин жуда кўп маҳсулотлар таркибида учрагани боис одамлар орасида шубҳалар, саволлар ва айрим машаққатлар ҳам пайдо бўлади. Биз тўлиқроқ тушунча пайдо қилиш ва тўғри хулоса чиқариш учун айрим тафсилотларга тўхталамиз, иншоаллоҳ.
Шаръий йўл билан сўйилган ҳайвондан олинган желатин – ҳалол
“Ислом: савол-жавоб” саҳифасида эълон қилинган фатвода аввало желатиннинг қандай ҳайвондан олинганлиги масаласи мубоҳаса этилган:
لا حرج في استعمال الجيلاتين أو الكبسولات الجيلاتينية في الأدوية وغيرها ، إذا كانت مستخلصة من جلد أو عظم حيواني مذبوح ذبحاً شرعياً .
وأما المأخوذ من الميتة أو الخنزير ، ففيه خلاف بين أهل العلم ، وعلى القول بأن الاستحالة مطهّرة [وهي تحول الشيء المحرم النجس إلى مادة أخرى] ، فلا حرج في استعماله ؛ لتحوّل العين المحرمة إلى مادة أخرى مباحة لا تشملها أدلة التحريم .
Желатин ёки дори ва бошқа маҳсулотлардаги желатинли капсулалар агар шаръий йўл билан сўйилган ҳайвоннинг териси ёки суягидан олинган бўлса, уларни истеъмол қилишда ҳеч қандай зарар йўқ.
Ўлимтик ёки чўчқадан олинган желатин ҳақида эса аҳли илмлар орасида икки хил фикр бор. “Истиҳола” (яъни, нажосат бўлган нарсанинг бошқа моддага айланиши) покловчи омилдир, деган қавлга кўра, уни истеъмол қилишнинг зарари йўқ. Чунки ҳаром нарса мубоҳ моддага айланади ва ҳаром қилувчи далиллар бу моддага тегишли бўлмайди. (118266 рақамли фатво).
Модда моҳиятининг ўзгариши ҳукмни ўзгартиради
Ислом фиқҳида “истиҳола” ёки “таҳаввул” деган истилоҳ мавжуд бўлиб, бу икки атама моддаларнинг бир турдан иккинчи турга айланишини назарда тутади. Тезакнинг ёниб кул бўлиши, узоқ турган ароқнинг сиркага айланиши ёки туз конига тушиб ўлган чўчқанинг тузга айланиши бунга мисолдир. Ҳанафийлар ва моликийлар наздида (бир ривоятда имом Аҳмадда) “истиҳола” нажасни поклайди. Шофеийлар ва ҳанбалийлар назарида эса “истиҳола” билан нажосат покланмайди.
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ нажосатнинг вақт ўтиши билан табиий равишда покиза нарсага айланиши, ҳалол нарсанинг эса нажасга айланиши ҳақида баён қилиб, бунга бир қанча мисоллар келтирган. Масалан, ароқ кўп туриш билан табиий равишда сиркага айланади. Ҳалол емиш инсон ошқозонидан ўтиб, нажасга айланади. Ҳар икки ҳолатда ҳам моддалар ўзининг аввалги хусусиятларини буткул йўқотади. Бинобарин, уларнинг ҳукми ҳам ўзгаради.
فكيف أثرت الاستحالة في انقلاب الطيب خبيثا ولم تؤثر في انقلاب الخبيث طيبا ؟ والله – تعالى – يخرج الطيب من الخبيث والخبيث من الطيب ، ولا عبرة بالأصل ، بل بوصف الشيء في نفسه ، ومن الممتنع بقاء حكم الخبث وقد زال اسمه ووصفه ، والحكم تابع للاسم والوصف دائر معه وجودا وعدما(إعلام الموقعين – 2/14).
Бас, “истиҳола” покизани ифлосга айланишига шундай таъсир кўрсатар экан, нима учун ифлос нарсани покизага айлантирмасин? Аллоҳ таоло покизани ифлосдан, ифлосни покизадан чиқаради. Аслга эътибор берилмайди, балки нарсанинг ўзидаги сифатга қаралади. Ифлос нарсанинг исми ва сифати йўқолган экан, унинг ҳукми сақланиб қолиши мумкин эмас. Ҳукм мавжуд бўлиш ва йўқолишда исм ва сифатга эргашади. (Эъломул–муваққиин 2/14).
(Давоми бор).