Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлишнинг маъноси нима? (1)

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Савол: Аллоҳга бўлган гумон ҳақидаги ҳадис билан "Аллоҳнинг макридан фақат кофир қавм ҳотиржам бўлади", деган оят ўртасида қандай амал қиламиз? Мисол учун Аллоҳдан яхши гумонда бўлиб, Аллоҳ асрайди, деб, хотиржам юрамизми ёки Аллоҳнинг макридан қўрқиб, хотиржам бўлмаймизми? Чунки Аллоҳ бу оятда айтаяпти-ку, “Фақат кофирлар Аллоҳнинг макридан хотиржамдирлар”, деб. Шу масаланинг фарқини айтиб беринг, илтимос. Аллоҳ қалбингизни илм нурига тўлдирсин ва Ўзи асрасин. Раҳмат.

Абдурраҳим.
Жавоб: Аллоҳ таоло яхши тилакларингизни ижобат айласин ва сизга ҳам фойдали илмлар ато қилсин.
Сиз сўраган савол ҳар бир мусулмоннинг эътиқодида муҳим ўрин эгаллайдиган икки ижобий сифат – “хавф” ва “ражо” ҳақидадир. Бу икки иймоний сифатнинг муқобилида иккита салбий сифат туради: “амн” ва “иёс” (ёки яъс). Мусулмон инсон хавф ва ражо билан яшаши, амн ва иёсдан сақланиши лозим. Бу қоида ақида китобларида аниқ қилиб белгилаб қўйилган.
وهو بين الغلو والتقصير وبين التشبيه والتعطيل وبين الجبر والقدر وبين الأمن والإياس. (العقيدة الطحاوية – (1 / 60).
“Ислом дини чуқур кетиш ва нуқсонга йўл қўйиш орасидаги, ташбеҳ ва таътил орасидаги, жабр ва қадар орасидаги, амн ва иёс ўртасидаги йўлдир”. (Ақидаи таҳовия/60 ).
Имом Нававий ўзларининг машҳур ва ниҳоятда фойдали Риёзус-солиҳин китобларида “Хавф ҳақида” (50), “Ражо ҳақида” (51), “Ражо фазилати ҳақида” (52), “Хавф ва ражони жамлаш ҳақида” (53) боблар очганлар ва ўша ерда жуда кўп ояту ҳадисларни зикр қилганлар. Сизга шуларни ўқишни тавсия қиламиз. 
Хавф, ражо, амн ва иёснинг маънолари
Хавф – Аллоҳдан, унинг азоби ва синовларидан қўрқув, дегани.
Журжоний: “Хавф ёмон нарса келишини ёки суюкли нарсанинг йўқолишини қўрқув билан кутишдир”. (Таърифот/101).
Ибн Ражаб: “Хавфнинг инсонга вожиб бўлган меъёри фарзларни адо этишга ва ҳаром ишлардан сақланишга сабаб бўладиган миқдордир”.( Ат-Тахвиф минан-нор/21).
Ражо – Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратидан умид қилиш.
Ибн Қаййим: “Ражо Аллоҳ раҳматининг чексизлиги ҳақида фикрлашдир. Муновий: “Ражо бир муқаддам сабаб туфайли фойда олишни кутишдир”. (Назратуннаийм 5/2022).
Амнхотиржамлик. Амн калимаси ақида китобларида “Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлиш”, деган ибора билан бирга ишлатилади. 
Ибн Ҳажар: “Аллоҳ таолонинг макридан хотиржамлик Аллоҳнинг раҳматига суяниб, гуноҳларни бемалол қилишда вужудга келади”. (Завожир – 1/86).
Ал-иёс (ал-яъс) – умидсизлик.
Ал-Изз: “Аллоҳнинг раҳматидан умид узиш, бу Унинг раҳмати ва мағфирати чексиз эканлигини менсимасликдир. Бу улкан гуноҳ саналади ва Аллоҳнинг жуду саховат фазосини торайтириш бўлади”. (Шажаратулмаориф валаҳвол/120).
Банданинг Аллоҳ ҳақидаги эътиқоди
Мусулмон инсон Аллоҳга иймон келтирар экан, У Зотни исм ва сифатлари орқали таниши лозим бўлади. Аллоҳ исм ва сифатларининг ҳаммаси энг комил ва энг гўзал исмлар бўлиб, улардан бизга берилганлари Аллоҳнинг Ўзи тушурган Қуръонда ва У юборган пайғамбарларнинг сўнггиси Расулуллоҳнинг саҳиҳ ҳадисларида баён қилинган.
Инсон Аллоҳни Қуръон ва ҳадислар орқали тўғри таниб, Унинг бандалар устидаги ҳақи нималардан иборат эканини англаса, ўз зиммасидаги вазифаларни адо этишга киришади. Бундай инсон Аллоҳ таоло ҳақида тўғри ва чиройли тушунчада бўлади. Аммо бандаларнинг Аллоҳга бўлган иймонлари даражаси турлича бўлишига қараб, уларнинг Аллоҳ ҳақидаги гумонлари, ўй ва фикрлари даражаси ҳам ҳар хил бўлади. Оят ва ҳадислар инсонларни Аллоҳ ҳақидаги эътиқод ва ўй-фикрларини тўғрилашга ва мукаммаллаштиришга тарғиб этади. 
(Давоми бор)