Ал-Ҳорис исмининг маъноси нима?
Савол: Сиздан бир исм ҳақида сўрамоқчи эдим. Алҳорис исмининг маъноси қанақа бўлади? Сизнинг исмлар ҳақдаги даъватингизни эшитгандим. Алҳорис исмини ҳам яхшилигини айтгандингиз, лекин маъносини қидириб тополмаяпман. Илтимос, домла, шу исмнинг маъносини ва қандай ёзилишини билдирсангиз. Яқинда иншоаллоҳ фарзандлик бўламиз. Агар ўғил бўлса исмини Алҳорис қўймоқчи эдик.
Муслима.
Жавоб: Аллоҳ таоло сизга Расулуллоҳнинг суннатларига бўлган муҳаббатингиз шарофати ила икки олам саодатини насиб айласин. Солиҳ зурриётлар ато қилсин.
Ҳақиқатан, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам бир неча исмлар қаторида Ҳорис исмини мақтаганлар.
عَنْ أَبِى وَهْبٍ الْجُشَمِىِّ وَكَانَتْ لَهُ صُحْبَةٌ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: " وَأَحَبُّ الأَسْمَاءِ إِلَى اللَّهِ عَبْدُ اللَّهِ وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ وَأَصْدَقُهَا حَارِثٌ وَهَمَّامٌ وَأَقْبَحُهَا حَرْبٌ وَمُرَّةُ ". رواه أبى داود والنسائي
Саҳобий Абу Ваҳб Ал–Жушамийдан ривоят. У деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Исмларнинг Аллоҳга севимлиси Абдуллоҳ ва Абдурраҳмондир. Энг рости Ҳорис ва Ҳаммомдир. Энг хунуги Ҳарб ва Муррадир”. (Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).
Бу ҳадиснинг шарҳида Азимободий ёзадилар:
( وأصدقها حارث وهمام ) فإن الأول بمعنى الكاسب والثاني فعال من هم يهم فلا يخلو إنسان عن كسب وهم بل عن هموم ( وأقبحها حرب ومرة ) لما في حرب من البشاعة وفي مرة من المرارة وكان صلى الله عليه و سلم يحب الفأل الحسن والإسم الحسن عون المعبود – (13 / 200)
“Энг рости Ҳорис ва Ҳаммомдир”. Биринчи исмнинг маъноси косиб, дегани. Иккинчиси ташвиш чекмоқ феълидан олиган бўлиб, кўп ташвиш чекувчи, дегани. Чунки инсон касб билан шуғулланишдан ва ташвишлар ичида яшашдан холи бўлмайди. “Энг хунуги Ҳарб ва Муррадир”. Чунки уруш (ҳарб) ёмондир. Мурра аччиқликдан олинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшиликка йўйиш ва чиройли исмни яхши кўрар эдилар. (Авнул-Маъбуд – 13/200).
Сиз сўраган исм араб тилида Алҳорис, деб ҳам, Ҳорис, деб ҳам айтилади. Аммо ўзбек тилида араб тилидан кирган исмларнинг олдидаги “ал” (аниқлик белгиси) айтилмайди. Шунинг учун сизлар чақалоқни Ҳорис, деб айтсангиз, ўзбекчага яқинроқ бўлади. Алҳорис, деб атасангиз, араб тилига яқинроқ бўлади. Юқоридаги ҳадисда ҳам Ҳорис, деб келган. Қайси бирини танлаш ота-онанинг ихтиёрида.
Аллоҳга ҳамдлар, Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин.