Кийимга қон теккан бўлса, намоз қандай ўқилади?
Бўлимлар: 02. Намоз
Савол: Биз бир масалада иккиланиб қолдик.Илтимос, аниқлик киритиб беринг.Яъни, қон теккан кийим билан намоз ўқиш жоизми? Жазакумуллоҳу хайран.
Абдулҳамид.
Жавоб: Қон нажосат саналади ва у қаерга теккан бўлса, ўша ер албатта ювилиши керак. Қуръони каримда кийимни покиза сақлашга буюрилган:
{ وَثِيَابَكَ فَطَهِّرْ } (المدثر/4).
“Кийимингизни покланг”. (Муддассир/4).
Аммо кийимга теккан қон жуда кам миқдорда бўлса, бундай кийимда ўқилган намоз саҳиҳ саналади.
Қон нажосатдир
Қоннинг нажосат экани саҳобалар, тобейинлар ва тўрт мазҳаб уламолари томонларидан таъкидланган.
ذَهَبَ الْفُقَهَاءُ إِلَى نَجَاسَةِ الدَّمِ ، لِحَدِيثِ أَسْمَاءَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ : جَاءَتِ امْرَأَةٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ : أَرَأَيْتَ إِحْدَانَا تَحِيضُ فِي الثَّوْبِ كَيْفَ تَصْنَعُ ؟ قَال : " تَحُتُّهُ ثُمَّ تَقْرُصُهُ بِالْمَاءِ وَتَنْضَحُهُ وَتُصَلِّي فِيهِ (الْبُخَارِيّ وَمُسْلِم). (الموسوعة الفقهية الكويتية – (40 / 88).
Фуқаҳолар қоннинг нажосат эканини айтишган. Бунда улар Асмо разияллоҳу анҳонинг ҳадисига асосланадилар. У киши деди: “Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб деди: “Биласизми, биздан биттамизнинг кийимига ҳайз келса, қандай қилади?” Расулуллоҳ айтдилар: “Қонни сидириб ташлайсан, кейин унга сув қуйиб ювасан ва шу кийим билан намоз ўқийверасан”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя ал-кувайтийя – 40/88).
Одамлар ичида ҳайз қони билан бошқа қоннинг ўртасини фарқлаш керак, деганлар ҳам бўлган. Аммо уларнинг сўзлари нотўғридир.
وقد بوب عليه البخاري ( باب غسل الدم ) ، كما بوب عليه النووي ( باب نجاسة الدم وكيفية غسله ) ، والحديث وإن جاء في دم الحيض ، إلا أنه لا فرق بين دم وآخر ، فالدم كله جنس واحد ، من أي محل خرج. وهذا الحكم لا اختلاف فيه بين العلماء من الصحابة والتابعين والأئمة الأربعة .
Бухорий “Қонни ювиш ҳақида боб”, очган. Нававий ҳам “Қоннинг нажосатлиги ва уни ювиш кайфияти ҳақида боб” очган. Ҳадис гарчи ҳайз қони ҳақида келган бўлса-да, илло қон билан қон ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Қон қайси ердан чиққан бўлмасин, ҳаммаси бир хил жинс саналади. Бу саҳоба ва тобеин уламолар, ҳамда тўрт имом ораларида бирор ихтилофи бўлмаган ҳукмдир. (Ислом: савоб ва жавоб – 114018).
Нажосат ҳукмидан истисно
Қон нажосат экани маълум бўлса ҳам, бу борада айрим истисноли ҳолатлар мавжуд.
وَاسْتَثْنَى الْفُقَهَاءُ دَمَ الشَّهِيدِ عَلَيْهِ فَقَالُوا بِطَهَارَتِهِ مَا دَامَ عَلَيْهِ ، لِقَوْلِهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِقَتْلَى أُحُدٍ : زَمِّلُوهُمْ بِدِمَائِهِمْ فَإِنَّهُ لَيْسَ كَلْمٌ يُكْلَمُ فِي اللَّهِ إِلاَّ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ يَدْمَى ، لَوْنُهُ لَوْنُ الدَّمِ وَرِيحُهُ رِيحُ الْمِسْكِ (أَخْرَجَهُ النَّسَائِيّ وَأَحْمَد) . فَإِنِ انْفَصَل الدَّمُ عَنِ الشَّهِيدِ كَانَ الدَّمُ نَجِسًا . (الموسوعة الفقهية الكويتية – 40 / 89).
Фуқаҳолар шаҳиднинг танаси устидаги қонни истисно қилганлар ва қон унинг устида турган пайтида покиза саналишини айтганлар. Бунга улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Уҳудда ўлдирилганлар ҳақида айтган мана бу сўзларини далил килганлар: “Уларни қонлари билан ўранглар. Чунки Аллоҳ йўлида етказилган ҳар бир жароҳат Қиёмат куни қони оқаётган ҳолда келади. Ранги қоннинг ранги, ҳиди мушкнинг ҳиди бўлади”. (Насоий ва Аҳмад ривоят қилишган). Агар қон шаҳиддан ажралса, у нажосат бўлади. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя ал-кувайтийя – 40/89).
Яна уламолар ҳайвон сўйилганда унинг томирлари ва гўшти орасида қолиб кетадиган қонни нажасликдан мустасно санашган. Шунингдек, балиқ қонини енгил нажосат қаторига киритганлар.
Оз миқдордаги қон намозни ман қилмайди
Шариатда нажосатни “ғализа” (оғир) ва “хафифа” (енгил) нажосатга тақсим қилинади. Ғализа нажосатнинг ҳукми қаттиқроқ, хафифанинг ҳукми енгироқ бўлади. Қон ҳам ғализа нажосатга киради.
Кийимга теккан нажосатнинг қандай турдаги нажас эканига қараб, ундан тозаланиш талаби ҳам ё қаттиқроқ ёки енгилроқ бўлиши мумкин.
فالمانع من الغليظة أن يزيد على قدر الدرهم مساحة إن كان مائعا ، ووزنا إن كان كثيفا. (الاختيار لتعليل المختار – 1 / 35).
Ғализа нажосатнинг намозни ман қиладиган миқдори дирҳам миқдоричадир. Нажосат агар суюқ бўлса, дирҳамнинг юзасига таққосланади, агар қаттиқ бўлса, оғирлигига солиштирилади. (Ал-Ихтиёр литаълил ал-мухтор – 1/35 ).
Фиқҳ китобларда дирҳамнинг ҳажмини қўл кафтининг ўртасидаги чуқурчага қиёсланади. Шунга кўра агар кийимга теккан қонни ювиш эсдан чиққан ҳолда намоз ўқилган бўлса, қоннинг миқдорига қаралади. Агар қон теккан жой бўйи ва энига уч-тўрт смдан ошмаса, зарари йўқ.