Исломда шахсга хизмат қилиш масаласи

Савол: Мени қийнаётган саволларга жавоб берсангиз, илтимос. Фақатгина шу сайтдан саҳиҳ ҳадислар билан тўлиқ маълумот олиш мумкин…

Муслима аёл жуфти ҳалолига уй-жой қилишда ёрдам қилиш умидида бегона мамлакатда ғайридин уйида – то ўзларини тиклаб олгунларича холос – уй тозаловчи бўлиб ишласа, Шариатга тўғри келадими?
Фотима.
Жавоб: Аллоҳ таоло барчамизни ҳамиша Ўз ҳидоятида собит қилсин. Мажбурликдан бошқа юртларда ҳаёт кечираётган мусулмонларни ўз ватанларига дину иймонлари билан соғ-омон ҳолда қайтарсин.
Сизнинг саволингиз инсоннинг инсонга шахсий хизмат қилиши мавзусига тааллуқли масаладир. Бу мавзу анча кенг бўлиб, биз ҳозир шуларнинг ичидан баъзи нуқталарни кўриб ўтамиз.
* * *
·         Шахсга хизмат учун ёлланиш жоиз;
·         Мусулмоннинг кофирга хизмат қилиши;
·         Боланинг ўз ота-онасини хизматга олиши;
·         Аёл кишининг ёлғиз эркакка хизмат қилиши;
·         Шахсга хизмат қилишдан бошқа ишлар.
* * *
Шахсга хизмат учун ёлланиш жоиз
Исломда инсон ўзининг ҳалол ва мубоҳ юмушларини қилдириш учун ишчи ёллаши жоиз. Шунингдек, ўзи бошқа одамга ишчи бўлиб ёлланиши ҳам мумкин. Бундай хизмат турининг ўзига яраша шартлари, қоидалари ва истиснолари мавжуд. Жумладан, фиқҳ китобларида бу масаладан уч хил ҳолат истисно қилинган:
1. Мусулмоннинг кофирга хизмат қилиши;
2. Отаонанинг вояга етган болага хизмат қилиши;
3. Аёл кишининг сўққабош бегона эркакка хизмат қилиши.
Демак, бу уч хил турдаги хизмат жоизликдан мустасно. Китобларда бунинг сабаблари батафсил баён қилинган.
Мусулмоннинг кофирга хизмат қилиши
خِدْمَةُ الْمُسْلِمِ لِلْكَافِرِ :
اتَّفَقَ الْفُقَهَاءُ عَلَى أَنَّهُ يَحْرُمُ عَلَى الْمُسْلِمِ حُرًّا كَانَ أَوْ عَبْدًا أَنْ يَخْدُمَ الْكَافِرَ ، سَوَاءٌ أَكَانَ ذَلِكَ بِإِجَارَةٍ أَوْ إِعَارَةٍ ، وَلاَ تَصِحُّ الإِْجَارَةُ وَلاَ الإِْعَارَةُلِذَلِكَ ؛ لأَِنَّ فِي ذَلِكَ إِهَانَةً لِلْمُسْلِمِ وَإِذْلاَلاً لَهُ ، وَتَعْظِيمًا لِلْكَافِرِ ، وَاحْتَجُّوا بِقَوْلِهِ تَعَالَى : { وَلَنْ يَجْعَل اللَّهُ لِلْكَافِرِينَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ سَبِيلاً } (سورة النساء / 141).
(الموسوعة الفقهية الكويتية – 19 / 38).
Фуқаҳолар хоҳ озод бўлсин, хоҳ қул бўлсин, мусулмон одамнинг кофирга шахсан хизмат қилиши ҳаром эканига иттифоқ қилишган. Бу хоҳ хизмат ҳақи эвазига бўлсин, хоҳ бепул бўлсин, фарқи йўқ. Чунки бу ишда мусулмонни хорлаш ва таҳқирлаш, кофирни улуғлаш мавжуд. Бунга Аллоҳ таолонинг мана бу сўзини ҳужжат қилиб келтиришган:
“Аллоҳ ҳеч қачон кофирлар учун мусулмонлар устидан йўл бермайди”. (Нисо/141).
(Ал-Мавсуатул-фиқҳийя ал-кувайтийя – 19/38).
Боланинг ўз отаонасини хизматга олиши
وَلَا يَجُوزُ اسْتِئْجَارُ الرَّجُلِ أَبَاهُ لِيَخْدُمَهُ لِأَنَّهُ مَأْمُورٌ بِتَعْظِيمِ أبيه وفي الِاسْتِخْدَامِ اسْتِخْفَافٌ بِهِ فَكَانَ حَرَامًا فَكَانَ هذا اسْتِئْجَارًا على الْمَعْصِيَةِ وَسَوَاءٌ كان الْأَبُ حُرًّا أو عَبْدًا اسْتَأْجَرَهُ ابْنُهُ من مَوْلَاهُ لِيَخْدُمَهُ لِأَنَّهُ لَا يَجُوزُ اسْتِئْجَارُ الْأَبِ حُرًّا كان أو عَبْدًا وَسَوَاءٌ كان الْأَبُ مُسْلِمًا أو ذِمِّيًّا لِأَنَّ تَعْظِيمَ الْأَبِ وَاجِبٌ وَإِنْ اخْتَلَفَ الدِّينُ قال اللَّهُ تَعَالَى { وَصَاحِبْهُمَا في الدُّنْيَا مَعْرُوفًا } وَهَذَا في الْأَبَوَيْنِ الْكَافِرَيْنِ لِأَنَّهُ مَعْطُوفٌ على قَوْلِهِ عز وجل { وَإِنْ جَاهَدَاكَ على أَنْ تُشْرِكَ بِي ما ليس لك بِهِ عِلْمٌ فَلَا تُطِعْهُمَا }
بدائع الصنائع – 4 / 190)
Инсон ўз отасини ўзига хизмат қилдириш учун ишга ёллаши мумкин эмас. Чунки инсон отасини улуғлашга буюрилган. Отани хизмат қилдиришда уни менсимаслик маъноси бор. Шунинг учун бу иш ҳаромдир. Бундай қилиш гуноҳ иш учун ишга ёллаш бўлади. Ота хоҳ ҳур бўлсин, хоҳ қул бўлиб, ўғил унинг хўжайинидан ўзига хизмат учун ишга олган бўлсин, мумкин эмас. Чунки отани хоҳ у ҳур бўлсин хоҳ қул бўлсин, ишга ёллаш жоиз эмас. Ота хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ зиммий бўлсин фарқи йўқ. Чунки дини бошқа бўлса ҳам отани улуғлаш вожибдир. Аллоҳ таоло айтган: “У икковлари билан бу дунёда яхши муомалада бўл”. Бу сўзлар кофир ота-она ҳақида айтилган. Чунки бундан аввал “Агар у икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга шерик қилишга буюрсалар, уларга иотат қилма”, деган. (Бадоей ассаноеъ 4/190).
وَعَلَيْهِ فَلاَ يَجُوزُ لِلْوَلَدِ أَنْ يَسْتَأْجِرَ وَالِدَهُ لِلاِسْتِخْدَامِ وَإِنْ عَلاَ ، وَكَذَلِكَ وَالِدَتُهُ
(الموسوعة الفقهية الكويتية – 19 / 39).
Бинобарин, бола учун отасини, ҳар қанча юқориласа ҳам ишга ёллаши жоиз бўлмайди. Онаси учун ҳам шу ҳукмдир. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 19/39).
“Ҳар қанча юқориласа ҳам”, деган сўзнинг маъноси ота-онанинг ота-оналари, деганидир.
Уламолар агар ота ўз ихтиёри билан болага холис хизмат қилса, жоиз дейишган. Агар бола кичик ёки касал ё эса ишга яроқсиз бўлса, унга отаси хизмат қилиши лозим бўлади.
Боланинг отаонага хизмат қилиши эса энг улуғ савобли ишлардандир.
Аёл кишининг ёлғиз эркакка хизмат қилиши
ذَهَبَ جُمْهُورُ الْفُقَهَاءِ إِلَى أَنَّهُ لاَ يَجُوزُ اسْتِئْجَارُالرَّجُل الأَْعْزَبِ الْمَرْأَةَ الأَْجْنَبِيَّةَ الْبَالِغَةَ لِلْخِدْمَةِ فِي بَيْتِهِ ، مَأْمُونًا كَانَ أَوْ غَيْرَ مَأْمُونٍ وَذَلِكَ اتِّقَاءٌ لِلْفِتْنَةِ ، وَلأَِنَّ الْخَلْوَةَ بِهَا مَعْصِيَةٌ إِلاَّ إِذَا كَانَ الرَّجُل مَحْرَمًا لَهَا ، أَوْ صَغِيرًا ، أَوْ شَيْخًا هَرِمًا ، أَوْ مَمْسُوحًا أَوْ مَجْبُوبًا ، أَوْ كَانَتِ الْمَرْأَةُ الْخَادِمَةُ صَغِيرَةً لاَ تُشْتَهَى .(الموسوعة الفقهية الكويتية – 19 / 37).
Жумҳур фуқаҳолар сўққабош эркакнинг ўз уйида хизмат қилиши учун бегона аёлни ишга олиши жоиз эмаслигини айтишган. Бунда эркакнинг ишончли ёки ишончли эмаслигининг фарқи йўқ. Бу фитнадан узоқ бўлиш учундир. Чунки бегона аёл билан холи қолиш гуноҳ. Бундан мустасно бўладиган ҳолатлар: эркакнинг аёлга маҳрам бўлиши, ҳали балоғатга етмаган бола бўлиши, жуда қартайиб қолган кекса бўлиши… (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 19/37).
Шахсга хизмат қилишдан бошқа ишлар
وَأَمَّا إِذَا أَجَّرَ الْمُسْلِمُ نَفْسَهُ لِلْكَافِرِ لِعَمَلٍ مُعَيَّنٍ فِي الذِّمَّةِ ، كَخِيَاطَةِ ثَوْبٍ أَوْ قِصَارَتِهِ جَازَ ؛ لأَِنَّهُ عَقْدُ مُعَاوَضَةٍ لاَ يَتَضَمَّنُ إِذْلاَلاً وَلاَ اسْتِخْدَامًا …
 وَكَذَا إِنْ أَجَّرَ نَفْسَهُ مِنْهُ لِعَمَلٍ غَيْرِ الْخِدْمَةِ مُدَّةً مَعْلُومَةً جَازَ أَيْضًا .
وَكَذَا إِعَارَةُ عَبْدٍ مُسْلِمٍ لِكَافِرٍ لِعَمَلٍ مُعَيَّنٍ لاَ يَقْتَضِي الْخِدْمَةَ فَهُوَ جَائِزٌ أَيْضًا .
وَيُشْتَرَطُ فِيمَا جَازَ مِنَ الإِْجَارَةِ وَالإِْعَارَةِ أَنْ لاَ يَكُونَ الْعَمَل مِمَّا لاَ يَحْرُمُ عَلَى الْمُسْلِمِ ، كَرَعْيِ الْخَنَازِيرِ أَوْ حَمْل الْخَمْرِ… (الموسوعة الفقهية الكويتية – 19 / 38).
Аммо мусулмоннинг кофир учун бирор тайинли вазифада ишлашга ёлланиши жоиз. Бунга кийим тикиш ёки ювишни мисол қилиш мумкин. Чунки бу икки томонлама келишув бўлиб, камситиш ёки шахсга хизмат қилдиришни англатмайди… Шунингдек, шахсий хизматдан бошқа бирор ишга маълум муддатга ёлланса жоиз. Яна, мусулмон қулни кофирга шахсий хизматдан бошқа бирор муайян иш учун бепул ишлатишга бериб турса ҳам бўлади. 
Хоҳ пуллик, хоҳ бепул бўлсин жоиз бўлган ишлар чўчқа боқиш ёки ароқ ташиш каби мусулмон учун ҳаром ишлар бўлмаслиги керак. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя ал-кувайтийя – 19/38).

Аллоҳга ҳамдлар, Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин.