Ёш болага азон ва иқомат айттириш мумкинми?

Савол: Мен намоз ўқийман ва ўғлим 11 ёшда.Ўғлимга имкон қадар намоз рукнларини ўргатаман.Ёшига мос равишда ривоятлар айтиб бераман. Ҳар намоз вақтларида унга азон, фарзларда эса иқомат айттираман.Ўзим эса имомлик қиламан. Унинг ёши 11да. Агарда балоғат ёшида бўлмаса-да, унинг азон ва иқомат айтиши ўринлими? Аллоҳдан барчамизга кучли иймон тилаб ва авлодларимизга мазмунли ўрнак бўлишни дуо қиламан.

Улуғбек.
 
Жавоб: Аллоҳ таоло сизга фарзанд тарбияси йўлида қилаётган меҳнатларингизнинг чиройли самараларини ҳар икки дунёда ҳам ато айласин. Ўғлингизга фойдали илмлар насиб этиб, бахту саодатли қилсин.
 
Уйда бўлганда болага сиз қўллаётгандек тарзда азон ва иқомат айттириш тўғри ва фойдали услуб, валлоҳу аълам. Чунки болалар Ислом арконларини ўрганиш билан бир қаторда уларни амалда қўллашни билишга ҳам муҳтож бўладилар.
 
Шу ўринда сизга фарз намозларни уйда эмас, масжидда жамоат билан ўқишга ҳаракат қилиш лозим эканини эслатамиз. Болаларни масжид ва жамоатга ўргатиш ҳам оталарнинг вазифаларидир. Чунки намозни масжидда адо этиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларида ниҳоятда кўп таъкидланган. Бола тарбиясида оила ва мактаб каби масжиднинг ўрни ҳам алоҳида туради.
 
Ёш боланинг жамоат учун азон айтиши масаласида фиқҳ китобларида қуйидаги ҳукмлар баён қилинган.
 
  
وَكَذَا أَذَانُ الصَّبِيِّ الْعَاقِلِ وَإِنْ كان جَائِزًا حتى لَا يُعَادَ ذَكَرَهُ في ظَاهِرِ الرِّوَايَةِ لِحُصُولِ الْمَقْصُودِ وهو الْإِعْلَامُ لَكِنَّ أَذَانَ الْبَالِغِ أَفْضَلُ لِأَنَّهُ في مُرَاعَاةِ الْحُرْمَةِ أَبْلَغُ
وَأَمَّا أَذَانُ الصَّبِيِّ الذي لَا يَعْقِلُ فَلَا يجزىء وَيُعَادُ لِأَنَّ ما يَصْدُرُ لَا عن عَقْلٍ لَا يُعْتَدُّ بِهِ كَصَوْتِ الطُّيُورِ… (بدائع الصنائع – 1 / 150).
 
Шунингдек, ақлли ёш боланинг азони бошқаттан айтишни талаб қилинмайдиган, жоиз бўлса ҳам макруҳдир. Бунда азондан кўзланган мақсад – эълон ҳосил бўлган бўлади. Локин балоғатга етган инсоннинг азони афзал. Чунки бунда ҳурмат риояси кучлироқдир…
 
Аммо ақли кирмаган боланинг азон айтиши жоиз эмас ва унинг азони бошқаттан айтилади. Чунки гўдакнинг иши ақлдан содир бўлмайди ва у худди қушнинг овози каби эътиборсиз қолдирилади. (Бадоеъассаноеъ 1/150).
 
Фиқҳий қомусда муаззиннинг сифатлари бобида бундай келади:
 
 الصَّبِيُّ غَيْرُ الْعَاقِل ( أَيْ غَيْرُ الْمُمَيِّزِ ) لاَ يَجُوزُ أَذَانُهُ بِاتِّفَاقٍ ؛ لأَِنَّ مَا يَصْدُرُ مِنْهُ لاَ يُعْتَدُّ بِهِ ، أَمَّا الصَّبِيُّ الْمُمَيِّزُ فَيَجُوزُ أَذَانُهُ عِنْدَ الْحَنَفِيَّةِ ( مَعَ كَرَاهَتِهِ عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ ) وَالشَّافِعِيَّةِ ، وَهُوَ إِحْدَى الرِّوَايَتَيْنِ عِنْدَ الْحَنَابِلَةِ ، وَهُوَ أَيْضًا مَذْهَبُ الْمَالِكِيَّةِ إِذَا اعْتَمَدَ عَلَى بَالِغٍ عَدْلٍ فِي مَعْرِفَةِ دُخُول الْوَقْتِ… (الموسوعة الفقهية الكويتية – 2 / 367).
 
Ақли кирмаган, яъни оққорани ажратмайдиган боланинг азони билиттифоқ мумкин эмас. Чунки ундан содир бўладиган иш эътиборга олинмайди. Аммо ақли кириб қолган боланинг азони ҳанафийлар наздида (Абу Ҳанифа макруҳ деган бўлсалар ҳам) ва шофеийлар назарида жоиздир… Моликийлар мазҳабида ҳам ҳукм шу. Аммо улар намоз вақти кирганини билишда бола адил болиғга суяниши керак, дейишган. (АлМавсуа – 2/367).
 
Расулуллоҳга салом ва салавотлар, Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.