Исломда меҳнат ва касб билан шуғулланиш қоидалари (3 қисм)
Бўлимлар: 21. Касб-ҳунар, пул, банк, рибо
* * *
- Инсоннинг қадри меҳнат ва ҳунар билан;
- Ҳамма ҳунарларга йўл очиқ бўлсин;
- Ёшларни касб–ҳунарга ўргатиш;
- Бугун мусулмонлар учун қайси соҳалар зарур?
* * *
Инсоннинг қадри меҳнат ва ҳунар билан
Касблар орасидаги фарқлар билан танишганимиздан сўнг мусулмон одам учун бирор муносиб касб-ҳунар билан шуғулланишнинг қанчалик зарурлиги ҳақида икки оғиз сўзлайлик.
Инсон дунё ҳаётини покиза ўтказиши, иффатини сақлаши, бошқаларга қарам бўлиб қолмаслиги учун меҳнат билан шуғулланиши, иложи бўлса, бирор касб-ҳунар эгаси бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Шунда унинг қадри баланд, шаъни улуғ, ҳаёти ибратли, сўзи эътиборли бўлади, иншоаллоҳ.
يُنْدَبُ لِلْمَرْءِ أَنْ يَخْتَارَ حِرْفَةً لِكَسْبِ رِزْقِهِ ، قَال عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ : إِنِّي لأََرَى الرَّجُل فَيُعْجِبُنِي ، فَأَقُول : لَهُ حِرْفَةٌ ؟ فَإِنْ قَالُوا : لاَ ، سَقَطَ مِنْ عَيْنِي () كنز العمال برقم 9859. الموسوعة الفقهية الكويتية – 2 / 72).
Инсоннинг ўз ризқини қўлга киритиши учун бирор ҳунарни эгаллаши мустаҳабдир. Умар ибн Ал-Хаттоб дедилар: “Менга бир одам кўринишидан яхшига ўхшаб туюлса, “унинг бирор ҳунари борми?” деб сўрайман. Агар “ҳунари йўқ”, деб жавоб қилишса, менинг назаримда унинг қадри тушади”. (Канзул-уммол/9859, Ал-мавсуа – 2/72).
* * *
(Шу ўринда “меҳнат” билан “ҳунар” тушунчасини фарқлаш даркор. Араб тилида ҳам الْكَسْبкалимаси биланالْحِرْفَة калимаси ўртасида фарқ бор. الْكَسْب ўзбек тилига “меҳнат”, деб, الْحِرْفَة эса “ҳунар”, деб таржима қилинади. Меҳнат билан ҳунарнинг ўзаро муносабатини Фиқҳий қомусда бундай изоҳланади:
وَالصِّلَةُ بَيْنَ الْحِرْفَةِ وَالْكَسْبِ هِيَ أَنَّ الْكَسْبَ أَعَمُّ مِنَ الْحِرْفَةِ ؛ لأَِنَّ الْكَسْبَ قَدْ يَكُونُ حِرْفَةً وَقَدْ لاَ يَكُونُ .
(الموسوعة الفقهية الكويتية – 34 / 234)
Ҳунар билан меҳнат ўртасидаги алоқа шуки, меҳнатнинг маъноси ҳунардан кўра кенгроқдир. Чунки меҳнат баъзан ҳунар бўлади, баъзан ҳунар бўлмайди. (Ал–Мавсуа –34/234).
Бу фарқни ўзбек тилида ҳам кузатамиз. Изоҳли луғатда меҳнатга “Кишининг ақл ёки куч билан амалга оширадиган мақсадли фаолияти; иш.” деб таъриф берилган. Ҳунарнинг таърифида эса “Кишининг муайян тайёргарлик талаб қиладиган, тирикчилигининг асосий манбаи бўлган машғулоти; касб.” дейилган. Демак, меҳнат – инсоннинг нима бўлса ҳам бирор иш тури билан машғул бўлиши, касб-ҳунар эса – махсус илм ва тайёргарлик сўнггидан ҳосил қилинадиган малака, ихтисос. Энди Фиқҳий қомусдаги “Инсоннинг ўз ризқини қўлга киритиши учун бирор ҳунарни эгаллаши мустаҳабдир”, деган ибора тушунарли бўлса керак. Яъни, инсон пулга муҳтож бўлса, меҳнат қилиши фарз, аммо бирор аниқ ҳунарни эгаллаши мустаҳаб, дейилмоқда).
Ҳамма ҳунарларга йўл очиқ бўлсин
Касб-ҳунарли бўлиш илмдан сўнгги ўринда турадиган шарафли хислат экан, мусулмонлар жамияти фойдали касбу корлар учун очиқ бўлиши лозим. Дунёвий илм ва ҳунарларни ривожлантиришга шароитлар муҳайё қилиниши зарур.
وَيَجِبُ – عَلَى الْكِفَايَةِ – أَنْ يَتَوَفَّرَ فِي بِلاَدِ الْمُسْلِمِينَ أُصُول الْحِرَفِ جَمِيعِهَا ، احْتِيجَ إِلَيْهَا أَوْ لاَ . قَال ابْنُ تَيْمِيَّةَ : قَال غَيْرُ وَاحِدٍ مِنْ أَصْحَابِ الشَّافِعِيِّ وَأَحْمَدَ وَغَيْرُهُمْ كَالْغَزَالِيِّ ، وَابْنِ الْجَوْزِيِّ ، وَغَيْرِهِمْ : إِنَّ هَذِهِ الصِّنَاعَاتِ فَرْضٌ عَلَى الْكِفَايَةِ ، فَإِنَّهُ لاَ تَتِمُّ مَصْلَحَةُ النَّاسِ إِلاَّ بِهَا . (فتاوى ابن تيمية – 28 / 79 ، 29 / 194 ط مطابع الرياض 1383 هـ)…
Мусулмонлар юртида хоҳ эҳтиёж бўлсин, хоҳ эҳтиёж бўлмасин, барча ҳунарларнинг асоси йўлга қўйилган бўлиши фарзи кифоядир. Ибн Таймия айтган: “Шофеий, Аҳмад ва бошқаларнинг асҳобларидан бир қанчалари, жумладан, Ғаззолий, Ибнул-Жавзий кабилар дедилар: “Шубҳасиз, бу касбу ҳунарлар фарзи кифоядир. Чунки одамларнинг манфаатлари шусиз амалга ошмайди”. (Ибн Таймия фатволари – 28/79, 29/194).
Жамият ичида турли касбларни ривожлантириш шундай касб ва илмларнинг эгалари зимммасида фарз бўлади. Шу билан бир қаторда бу ишларни амалга оширишда бош-қош бўлиш мусулмонларнинг раҳбарлари олдидаги вазифа ҳисобланади. Агар касб эгалари бу ишларда сусткашлик қилсалар, раҳбарлар ўзларида масъулият ҳис қилишлари даркор.
فَإِذَا امْتَنَعَ الْمُحْتَرِفُونَ عَنِ الْقِيَامِ بِهَذَا الْفَرْضِ أَجْبَرَهُمُ الإِْمَامُ عَلَيْهِ بِعِوَضِ الْمِثْل. (الموسوعة الفقهية الكويتية – 2/ 72).
.. Агар ҳунар эгалари бу фарзни адо этишдан бош тортсалар, имом уларни муносиб ҳақ эвазига бу вазифани бажаришга мажбур қилади”. (Ал-Мавсуа – 2/72).
Ёшларни касб–ҳунарга ўргатиш
وَلَمَّا كَانَ إِقَامَةُ الصِّنَاعَاتِ فَرْضَ كِفَايَةٍ كَانَ تَوْفِيرُ الْمُحْتَرِفِينَ الَّذِينَ يَعْمَلُونَ فِي هَذِهِ الصِّنَاعَاتِ فَرْضًا ، لأَِنَّ مَا لاَ يَتِمُّ الْوَاجِبُ إِلاَّ بِهِ فَهُوَ وَاجِبٌ ، وَهُوَ مَا ذَهَبَ إِلَيْهِ الشَّافِعِيَّةُ ، قَال الْقَلْيُوبِيُّ فِي حَاشِيَتِهِ مَا مُفَادُهُ : يَجِبُ أَنْ يُسَلِّمَ الْوَلِيُّ الصَّغِيرَ لِذِي حِرْفَةٍ يَتَعَلَّمُ مِنْهُ الْحِرْفَةَ. وَرَغْمَ أَنَّ الْحَنَفِيَّةَ وَالْمَالِكِيَّةَ وَالْحَنَابِلَةَ لَمْ يَنُصُّوا عَلَى وُجُوبِ دَفْعِ الْوَلِيِّ الصَّغِيرَ إِلَى مَنْ يُعَلِّمُهُ الْحِرْفَةَ إِلاَّ أَنَّ كَلاَمَهُمْ يَقْتَضِي ذَلِكَ . (3) الموسوعة الفقهية الكويتية – (2 / 73)
Модомики, турли касбу ҳунарларни йўлга қўйиш фарзи кифоя экан, шу соҳада ишлайдиган ишчиларни тайёрлаш ҳам фарз бўлади. Чунки вожиб амални адо этиш учун зарур бўлган воситаларни пайдо қилиш вожибдир. Бу шофеийлар мазҳабидир. Қайлубий ўз ҳошиясида айтган сўзнинг маъноси шуки, валий ўз қарамоғидаги болани ҳунар ўрганиши учун ҳунармандга бериши вожиб бўлади. Ҳанафийлар, моликийлар ва ҳанбалийлар валийнинг болани ҳунар ўрганишга бериши вожиб, деб очиқ айтмаган бўлсалар ҳам уларнинг сўзлари шунга далолат қилади”. (Ал-Мавсуа – 2/72).
Тушунган ота–оналар, устозлар ва раҳбарлар ёшларда турли билим ва ҳунарларга қизиқиш уйғотадилар. Талабаларнинг қобилият ва қизиқишларига қараб, уларни яхши мақсадлар сари йўналтирадилар. Ўқув юртлари раҳбарлари талабалар билан турли корхона ва муассасаларга танишув ташрифлари уюштиришлари ҳам ибратли тажрибадир.
Бугун мусулмонлар учун қайси соҳалар зарур?
Инсон бу оламда ва Охиратда нажот ва муваффақиятга эришмоғи учун иймон ва Исломда мустаҳкам бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Шу йўлда у қандай илмларга муҳтож бўлар экан, ўша илмларни олишда нуқсонга йўл қўймаслиги керак.
Мусулмон одам дунё ҳаётини ҳалоллик билан ўтказишни, Исломга амал қилиб, унинг ривожига ҳисса қўшишни ўзи учун вожиб, деб билади. Шундай ақидада бўлган инсон исломий билимлар қаторида дунёвий илм ва касб-ҳунарларга муҳтож бўлишини англаб етади. Ислом ва мусулмонлар азиз ва қудратли бўлган замонларда мана шу қоидага амал қилинган. Ушбу тушунчадан келиб чиқадиган бўлсак, бугунги мусулмонлар учун муҳим бўлган соҳаларнинг айримларини қуйидагича ифодалаш мумкин:
Биз суҳбатимизнинг иккинчи қисмида илмга боғлиқ соҳалар энг шарафли касблар бўлишини зикр қилдик. Бинобарин, мударрислик ва имомлик исломий билим ва ахлоқни ўзида жамлайдиган, халқ орасида илм ва маърифат тарқатадиган шарафли касбдир. Шу билан бир қаторда омма мусулмонлар учун ўқитувчилик, журналистика, ёзувчилик, таржимонлик, матбаа ва ноширлик, компьютер ва программалаштириш, радио-телевидение, операторлик ва режиссёрлик, веб-саҳифалар юритиш, дизайнерлик, инсон ҳуқуқлари, табобат, сиёсатшунослик, жамиятшунослик, ҳуқуқ каби соҳаларни муҳим, деб ўйлаймиз. Булар мисоллар тариқасида айтилган бўлиб, умуман олганда халқ хўжалигининг қайси соҳаси бўлмасин, инсоният ҳаётининг фаровонлашувига хизмат қилар экан, уларни ўзлаштириш мусулмонларнинг вазифаларидир.
Мусулмон ёшлар бундай касбларни эгаллашлари қандай зарур бўлса, шу соҳаларнинг амалдаги вакиллари ҳам агар ўзларини мусулмонлар, деб билар эканлар, фаолиятларини исломий билим ва ахлоқ билан уйғун ҳолда олиб боришни ўргансалар, катта фойда бўлар эди. Акс ҳолда улар иймон ва Исломдан узоқ минглаб мутахссислар сафига қўшиладилар ва жамият ҳаётини фаровонлаштириш учун кўп ҳам фойдалари тегмайди. Улар ўзлари билиб-билмай мусулмонларнинг зиддига фаолият юртишлари ҳам мумкин. Ислом тарбиясидан бегона мутахассис учун касб-кор фақат шахсий манфаат воситасига айланади. Касбини яхши билган мутахассислар ичида ҳам худбинлик, порахўрлик, жиноятчилик ривожланади.
Бугун биз санаган соҳаларда меҳнат қилаётганларнинг сонлари роса ҳам кўп. Аммо уларнинг жуда кўплари ёшликда ҳам, кейин ҳам иймон тарбиясини олмаганлари сабабли мусулмон халқлар ичига кириб бора олмайдилар. Уларнинг яратаётган асарларидан, кўрсатаётган хизматларидан ўзларини Ислом аҳлидан бегонадек ҳис қилаётганларини англаш мумкин. Оқибатда мусулмон миллатларнинг ҳаёти енгиллашаётгани йўқ. Дунёвий билимларга чанқоқ мусулмон ёшлар ҳам ҳаётда осонлик билан илм ўргана олмаяптилар. Аксарият мутахассислар дин билан дунёни бирга ушлашни истаган мусулмон талаба ёшларга ёрдам бера олмайдилар. Ўртада ё сиёсий ёки фикрий тўсиқлар халақит беради. Бу муаммони ҳал қилишнинг йўли шуки, мусулмон ёшлар дунёвий билимларга интилганлари каби турли соҳа касб эгалари ҳам Исломни чуқурроқ ўзлаштиришга ҳаракат қилганлари яхши.
Аллоҳ таолодан барчамизга ҳам Исломда, ҳам дунёвий соҳаларда илғорлик муяссар этишини сўраймиз.