Билмасдан қилинган ширк амали кечириладими?
Савол: 18-19 ёшларда эдим. Бизга иссиқ-совуқ қилинган, ишлар юришмаяпти, деб қайтариқ қилишга бордик ва ўқийдиган хотиннинг айтганларини бажардик. Аллоҳ Ўзи кечирсин. Иссиқ-совуқ ширклигини билардим. Бир ўртоғим қайтарув қилиш ҳам ширкка киради, деди. Маърузаларда кўп эшитганман: Қиёматда инсон қанча тавҳид билан борса ҳам агар ширк келтирган бўлса, Аллоҳ кечирмаслигига шак-шубҳа йўқ.
Мен ширк қилдимми? Ёки бу ширк амалига кирмайдими? Агар ширк қилган бўлсам, менинг масалам қандай бўлади? Ҳозир Аллоҳга шукр намоз ўқийман, қўлимдан келганича пок юраман. Аллоҳнинг раҳматини умид қиламан. Ёки шунча қилаётган амалларим бефойдами?
Ориф.
Жавоб: Аллоҳ таоло гуноҳларингизни кечириб, қилаётган ибодатларингизни қабул айласин. Исломда тақиқланган ишни билиб туриб қилиш билан билмасдан қилиш баробар бўлмайди.
* * *
- Фолбин ва коҳинларга бориш ҳақидаги ҳадислар;
- Коҳиннинг олдига борувчилар уч хил;
- Билмасдан қилинган иш кечирилади.
* * *
Фолбин ва коҳинларга бориш ҳақидаги ҳадислар
Фолбин ва коҳинларга боришнинг ҳаром экани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўп ҳадислар ривоят қилинган. Шулардан иккитасини эслаб ўтамиз.
عن جابر بن عبد الله رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: » من أتى كاهنا فصدقه بما قال فقد كفر بما أنزل على محمد صلى الله عليه وسلم «. (الألباني: صحيح الترغيب والترهيب – 3 / 97).
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки коҳиннинг олдига борса ва у айтган нарсани тасдиқласа, бас Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди». (Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб, Албоний – 3/97).
Бу ҳадис ғойибдан хабар берувчи коҳин ва фолбинларнинг ўзи ҳам, уларнинг сўзига ишонган одамнинг ҳам кофир бўлишига далилдир.
عَنْ صَفِيَّةَ عَنْ بَعْضِ أَزْوَاجِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: » مَنْ أَتَى عَرَّافًا فَسَأَلَهُ عَنْ شَىْءٍ لَمْ تُقْبَلْ لَهُ صَلاَةٌ أَرْبَعِينَ لَيْلَةً «. (صحيح مسلم – 7 / 37).
Сафия Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи аёлларидан ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки «арроф»нинг олдига бориб, бирор нарса ҳақида сўраса, қирқ кечагача унинг намози қабул бўлмайди». (Саҳиҳи Муслим – 7/37).
Ушбу ҳадис фолбиннинг сўзига ишонмаган ҳолда унинг олдига бориш гуноҳи кабира бўлишини англатади.
Уламолар ҳадисдаги «намози қабул бўлмайди», деган иборани «унга савоб берилмайди», деган маънода шарҳлашган. Шунга кўра, ўша намозларни қайтариб ўқиш вожиб бўлмайди.
Коҳиннинг олдига борувчилар уч хил
Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳдан коҳиннинг олдига боришнинг ҳукми ҳақида сўралганда у киши бундай одамларнинг ҳаммаси ҳам бир хил даражада бўлмаслигини баён қилган.
«Коҳиннинг олдига борган одамлар уч гуруҳдан бирига киради:
Биринчи гуруҳ. Коҳинга бориб, уни тасдиқламаган ҳолда ундан савол сўрайди. Бу иш ҳаромдир. Бундай иш қилган одамнинг жазоси – унинг намози қирқ кунгача қабул бўлмайди. Бу ҳақда Саҳиҳи Муслимда келган…
Иккинчи гуруҳ. Коҳиннинг олдига бориб, савол сўрайди ва унинг берган хабарини тасдиқлайди. Бундай одам Аллоҳ азза ва жаллага кофир бўлади. Чунки у коҳиннинг ғайб илмини билишдаги даъвосини тасдиқлаган бўлади. Бировнинг ғайб илмини билиш даъвосини тасдиқлаш Аллоҳнинг сўзини ёлғонга чиқаришдир…
Учинчи гуруҳ. Коҳиннинг олдига бориб, унинг ҳолатини одамларга кўрсатиш, унинг ишлари фолбинлик, фирибгарлик, адаштириш эканини кўрсатиш учун савол сўраш. Бунинг зарари йўқ… (Ислом: савол-жавоб, 32863 – фатводан қисқартма)
Билмасдан қилинган иш кечирилади
Фолбиннинг сўзига ишониб юрган инсон шаҳодат калимасини айтиб, тавба қилиши, сўнг ўзини ҳам, оила аъзоларини ҳам куфр ва ширкдан эҳтиёт қилиши лозим.
Фолбиннинг сўзини тасдиқламаган ҳолда унинг олдига борган одам эса бу ишнинг зино, ўғирлик, қотиллик каби гуноҳи кабиралар қаторида турадиган жиноят эканини билгандан сўнг бу йўлдан қатъий қайтиши ва қилмишлари учун истиғфорлар айтиб, тавба қилиши зарур. Шунда унинг гуноҳи кечирилади, деб умид этилади.
وإذا كان الرجل جاهلاً ، ولا يدري أن الذهاب للسحرة حرام ، فنرجو أن يكون ذلك عذراً له عند الله تعالى ، فلا يترتب على ذهابه لهم شيء ، ولا يخرج بذلك من الإسلام .
«Агар инсон жоҳил бўлиб, сеҳргарлар олдига бориш ҳаром эканини билмаган бўлса, умид қиламизки, бу иш у одам учун Аллоҳ ҳузурида узр бўлади ва уларнинг олдига боргани учун бирор нарса содир бўлмайди, яъни бу билан у одам Исломдан чиқмайди». (Ислом: савол-жавоб, 164414).
Сиз ўз саволингизда «Бир ўртоғим қайтарув қилиш ҳам ширкка киради, деди», деб ёзгансиз. Шунга қараганда сиз «иссиқ-совуқ ширк, аммо уни қайтариқ қилиш ширкка кирмайди», деган фикрда бўлгансиз, деб тушундик. Демак, сиз бу ишни жоҳиллик туфайли қилгансиз.
Агар сиз бундай ишдан қатъий тавба қилган бўлсангиз, Аллоҳ кечиради ва ибодатларингизни қабул этади, деб умид қиламиз.
«Ислом: савол-жавоб» саҳифасида фолбиннинг олдига борган, кейин тавба қилган бир йигитга берилган мана бу жавоб сиз учун ҳам фойдали деб ўйлаймиз:
وحيث إنك قد تبت واستقمت فلا شك أنك قد كررت الشهادتين مرات ومرات ، فلا يلزمك الآن شيء ، وعليك العزم على عدم العودة لمثل هذا مرة أخرى . واجتهد في طلب العلم حتى تعبد الله على بصيرة . نسأل الله تعالى أن يوفقك لما يحب ويرضى .
«Сен албатта тавба қилган ва ҳақ йўлда давомли турган экансан, шубҳасиз икки шаҳолат калимасини такрор–такрор айтган бўласан. Шунга кўра ҳозир сенинг бирор иш қилишинг лозим бўлмайди. Сенинг зиммангда ундай ишга яна қайтиб қадам босмасликка қатъий қарор қилиш вожиб. Сен Аллоҳга ҳужжат билан ибодат қилишинг учун илм ўқишга астойдил бўл. Аллоҳ таолодан сени Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга муваффақ қилишини сўраймиз». (Ислом: савол-жавоб, 32863).