Яхшилик қилиш умрни қандай узайтиради?

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Савол: Аллоҳ умрингизни узун ва баркотли қилсин. Домла, қариндошларга яхшилик қилиш умрни узайтирадими? Қандай қилиб? Ахир, ҳамманинг умри аниқ белгиланган бўлса? Аниқ қилиб тушунтириб беринг, илтимос. Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Амин.

Умар.

Жавоб: Аллоҳ дуоларингизни ижобат айласин ва ўзингизга ҳам насиб этсин, омин.

Яхшилик ва ёмонлик эгасига қайтади

Сиз «Бировга ёмонлик қилсанг, ўзингга қайтади», деган мазмундаги мақолларга ишонасизми? Масалан, «Бировга чоҳ қазисанг, ўзинг йиқиласан», дейди халқ. Шу сўз тўғрими?

Бегонага бўлса ҳам яхшилик қилсанг, ўзинг кутмаган ердан қайтади, деган сўзга-чи? Алишер Навоий: «Яхшилик қил, тенгизға сол – болиқ билур, болиқ билмаса – Холиқ билур», деган. Бу сўзга ҳам ишонсангиз керак?

Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам эгасига қайтишига яхши одамлар албатта ишонишади. Аммо «Қачон ва қандай тарзда қайтади?» деган саволга ҳеч ким жавоб бера олмайди. Чунки қачонлигини ёлғиз Аллоҳ билади. У Зот жавобни қачонга белгилаган бўлса, ўша куни, ўша соатда келади. Қандай кўринишда келишини ҳам Аллоҳ Ўзи белгилайди. Шуни тақдир, дейилади.

Мақоллар – оддий халқнинг сўзи. Оддий халқнинг сўзига ишонган одам барча халқларни яратган Раббул-оламиннинг сўзига, У Зот юборган Расулнинг сўзларига ҳам албатта ишонади. Аллоҳ билмаса гапирмайди. Аллоҳ билмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Расулуллоҳ ҳам Исломдаги ҳукмни Аллоҳдан ваҳй олмасдан гапирмайдилар.

Халқнинг минглаб йиллик тажрибасига кўра бегонага қилинган яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам эгасига қайтиб келадиган бўлса, қариндошга қилинган яхшилик ёки – Аллоҳ асрасин – ёмонлик нега қайтмасин? Қариндошга қилинган яхшилик энг яхши кўринишдаги мукофот – умр узоқлиги бўлиб келса, бунга ҳайрон бўлмасдан хурсанд ва рози бўлиш керак. Алҳамдулиллоҳ ва Аллоҳу Акбар, деб қариндошга, қўшнига ва бегонага яхшилик қилишдан асло чарчамаслик, оғринмаслик керак.

Тақдир ва сабаб

Ҳақиқатда нафақат инсон умрининг узун-қисқалиги, балки, инсоннинг бу дунёда ўтказадиган кунларининг яхшилигию ёмонлиги, соатию лаҳзалари ҳам тақдирга битилган бўлади. Шунинг учун бировга қилинган яхшилик ёки ёмонликнинг натижаси ўлароқ кўриладиган яхшилик ва ёмонлик ҳам тақдирдан ташқарида бўлмайди. Бу олам – сабаблар дунёси. Аллоҳ тақдирга битган ҳар қандай иш сабаблар воситасида амалга ошади. Яхшилик – яхшиликка сабаб, ёмонлик – ёмонликка сабаб. Иймон ва ибодат – роҳат ва мукофотга сабаб, куфр ва гуноҳлар – азоб ва кулфатга сабаб. Умр узоқлиги ва ризқ кенглигига сабаб бўладиган ишлардан бири – сиз сўраган мавзу, яъни ота-онага ва қариндошларга яхшилик қилишдир. 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:

 «مَنْ أَحَبَّ أَنْ يُمَدَّ لَهُ فِي عُمْرِهِ وَأَنْ يُزَادَ لَهُ فِي رِزْقِهِ فَلْيَبَرَّ وَالِدَيْهِ وَلْيَصِلْ رَحِمَهُ». رَوَاهُ أحمد.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимки умрим узун, ризқим мўл бўлсин, деса, ота-онасига яхшилик қилсин, қариндошлари билан алоқасини мустаҳкамласин». (Имом Аҳмад ривояти).

Шу билан бир қаторда баъзан ҳаётда ота-она ва қариндошларга яхшилик қилиб ўтган, аммо умри қисқа бўлган одамлар ҳам учрайди. Бунда ўша одам умрининг қисқа бўлса ҳам баракали ва ибратли бўлгани эътиборга олинади.

Биз сабаблар ҳақида гапирдик. Аммо баъзи ишларнинг сабаблари инсон учун мавҳум қолиши ҳам мумкин. Буни Аллоҳнинг синови ва имтиҳони, дейилади. Бу ҳақда «Инсон, Ҳаёт, Синов» туркумидаги суҳбатларни тинглашни тавсия қиламиз.

Аллоҳга ҳамдлар, Расулуллоҳга саломлар бўлсин.