Эр ва аёл бир-бирини қандай чақириши керак?
Савол: Эркак киши ўз аёлини нима деб чақириш керак вa аёл киши турмуш ўртоғини нима деб чақиради? Шy мавзуга аниқлик киритиб беринг, илтимос.
Абдулҳамид. Жавоб: Шариатда эркак ўз аёлининг, аёл ўз эрининг исмини айтиб чақириши тақиқланмаган. Бу иш халқларнинг урф-одатлари доирасига киради. Агар бирор миллатнинг урфида исмни очиқ айтиб хитоб қилиш одобсизлик, деб қаралса, бундан сақланиш лозим. Аммо қайсидир халқда каттаю кичикка ўз исмини айтиб мурожаат қилиш одат бўлган бўлса, улар Исломга кирганларида ҳам ўз одатларига кўра амал қилаверадилар. Аммо шундай эркинлик билан бир қаторда Ислом дини инсоннинг инсонга мурожаат қилиши чоғида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишга тарғиб қилади.
Бир–бирига мурожаат одоби
Фиқҳий қомуснинг "Бир-бирини чақиришдаги шаръий одоблар" бобида бундай ёзилади:
الآْدَابُ الشَّرْعِيَّةُ لِلدَّعْوَةِ بِمَعْنَى الْمُنَادَاةِ :
34 – أ – مِنْ أَدَبِ الدَّعْوَةِ مِنَ الْمُسْلِمِ لأَِخِيهِ الْمُسْلِمِ أَنْ يُنَادِيَهُ بِالاِسْمِ أَوِ الْوَصْفِ الَّذِي يُحِبُّهُ .قَال ابْنُ عَقِيلٍ : " لاَ تَدْعُوَنَّ أَحَدًا إِلاَّ بِأَحَبِّ أَسْمَائِهِ إِلَيْهِ " وَمِنْ ذَلِكَ اسْتِعْمَال الْكُنَى فِي النِّدَاءِ كَقَوْلِكَ : يَا أَبَا فُلاَنٍ وَيَا أُمَّ فُلاَنٍ ، وَذَلِكَ عِنْدَ الْعَرَبِ نَوْعٌ مِنَ التَّكْرِيمِ ، وَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُكَنِّي أَصْحَابَهُ ، وَقَدْ وَرَدَ أَنَّهُ كَنَّى بَعْضَ الصِّغَارِ مِنْهُمْ ، كَمَا فِي حَدِيثِ أَنَسٍ أَنَّهُ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَال لأَِخِي أَنَسٍ وَكَانَ صَغِيرًا يَا أَبَا عُمَيْرٍ مَا فَعَل النُّغَيْرُ . (البخاري). (الموسوعة الفقهية الكويتية – (20 / 339).
"Мусулмон инсоннинг ўз биродарини унга ёқадиган исм ёки сифат билан чақириши хитоб одобидан саналади. Ибну Ақил айтган: "Кимни чақирсанг ҳам албатта у учун энг ёқимли бўлган исм билан чақир". "Эй Абу фулон", "эй Умму фулон" каби куняларни ишлатиш ҳам шу одобга киради. Бу усул арабларда эҳтиром кўринишларидан бири саналади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини кунялари билан чақирар эдилар. У зот баъзи кичик болаларни ҳам куняси билан чақирганлари айтилган. Анас ривоят қилган ҳадисда унинг кичкина укасига: "Эй Абу Умайр, чумчуқчага нима бўлди?" деганлар. (Бухорий ривояти).
Халқингизнинг урфи қандай?
Эр-хотиннинг бир-бирини қандай исм билан чақириши кераклиги ҳақидаги саволга шайх Мунажжиднинг жавоблари мана бундай бўлган:
لا حرج على المرأة في منادتها لزوجها باسمه ؛ إذ لا دليل يمنع من ذلك ، لكن أعراف الناس وعاداتهم معتبرة في هذا الباب . فإن تعارف الناس في بلدة على مخاطبة المرأة لزوجها بكنيته مثلا ، ورأوا أن مناداته باسمه من سوء الأدب ، أو كان الزوج لا يحب أن ينادى باسمه ، فعلى المرأة مراعاة ذلك ؛ لأنها مطالبة بإحسان العشرة لزوجها ، وليس من حسن العشرة أن تخاطبه بما يكره ، أو بما يعده الناس تنقصا. وينبغي لكل من الزوجين أن يخاطب أحدهما الآخر بأحب الأسماء إليه ، لما في ذلك من تحقيق المحبة والمودة.
"Аёл киши эрининг исмини айтиб чақиришида бирор зарар йўқ. Чунки буни таъқиқлайдиган далил мавжуд эмас. Локин бу бобда одамларнинг урф ва одатлари эътиборга олинади. Бас, агар бир мамлакатда одамлар аёл кишининг эрини масалан, кунясини айтиб чақиришига одатланишган ва эрининг отини айтиб чақиришни одобга зид, деб билишган бўлса, ёки эркак ўзининг отини айтиб чақирилишни ёқтирмаса, аёл киши бунинг риоясини қилиши керак. Чунки у эрига яхши муомала қилишга буюрилган. Эрни у ёқтирмайдиган исм билан чақириши ёки одамлар нуқсон, деб биладиган исм билан чақириши яхши муомала эмас. Эр ва аёл ҳар иккиси бир-бирига энг яхши исмлари билан хитоб қилишлари лозим. Чунки шунда муҳаббат ва дўстлик пайдо бўлади". (Ислом: савол-жавоб, 21532 рақамли фатво).