“Нафл” калимаси ва исломий истилоҳлар ҳақида

Савол: тўғри тушунган бўлсам, намоз вақтларида ўқийдиган суннат намозларимиз ҳам нафл намозга кирадими?Аниқлик киритиб берсангиз. Жазакаллоҳу хойрон.

Нодир. 

Жавоб: Беш маҳал фарз намознинг аввали ва кейинидан ўқиладиган суннат намозлар нафллар таркибига киради.

«Нафл» калимасининг луғавий ва истилоҳий маънолари

«Нафл» калимасининг араб тилидаги луғавий маъноси зиёда, кўп, ортиқча, демакдир. Истилоҳий маъноси эса Иброҳим Ал-Ҳалабий таърифи бўйича қуйидагича:

  الْعِبَادَةُ الَّتِي لَيْسَتْ بِفَرْضٍ وَلاَ وَاجِبٍ ، فَهِيَ الْعِبَادَةُ الزَّائِدَةُ عَلَى مَا هُوَ لاَزِمٌ ، فَتَعُمُّ السُّنَنَ الْمُؤَكَّدَةَ وَالْمُسْتَحَبَّةَ وَالتَّطَوُّعَاتِ غَيْرَ الْمُؤَقَّتَةِ (غنية المتملي في شرح منية المصلي ص 383. الموسوعة الفقهية الكويتية – (41 / 100).

«(Нафл) Фарз ҳам, вожиб ҳам бўлмаган ибодатдир. У қилиш лозим бўлганидан кўра ортиқроқ амал бўлиб, суннати муаккадаларни, мустаҳаб суннатларни, бирор вақтга тайин қилинмаган ихтиёрий ибодатларни ўз ичига олади». (Ал-Мавсуа – 41/100).

Баъзи олимлар нафл, бу – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимий равишда қилмаган, баъзан қилиб, баъзан тарк этиб юрган амаллар, дейишган. Шунга кўра, нафл фарз бўлмаган, аммо Ислом тарғиб этган  барча турдаги ибодатларни ўз ичига олади. Фарз бўлмаган, деганда фарз амаллар туридаги ишларни талаб қилинган миқдор ва вақтдан ташқари, алоҳида ва ихтиёрий суратда бажариш тушунилади. Буларнинг ичига намоз, рўза, садақа, ҳаж, муҳтожларга ёрдам қилиш ва ҳоказо жуда кўп амалларни киритиш мумкин.

Нафл ибодатлар икки қисмга бўлинади: 1. Вақт ва миқдори тайинланган нафллар. 2. Вақт ва миқдор билан чекланмаган нафл амаллар. Биринчи қисмга, жумладан, беш маҳал фарз намознинг аввали ва кейинидан ўқиладиган суннатлар киради.

Суннат билан нафлнинг муносабати ҳақида Шурунбулолийдан бундай таъриф ривоят қилинган:

 وَأَمَّا الصِّلَةُ بَيْنَ النَّفْل وَالسُّنَّةِ فَقَدْ قَال الشُّرُنْبُلاَلِيُّ : النَّفْل أَعَمُّ ، إِذْ كُل سُنَّةٍ نَافِلَةٌ وَلاَ عَكْسَ. (مراقي الفلاح ص 211. الموسوعة الفقهية الكويتية – (41 / 101).

«Нафл билан суннат орасидаги муносабат шундайки, нафл умумийдир. Чунки ҳар бир суннат нафлдир. Аммо аксинча эмас». (Мароқилфалоҳ/211).

Мусулмон зиёлиларга исломий истилоҳлар ҳақида

Юқоридаги савол муносабати билан замонамиз мусулмонлари ва зиёлилари зиммасидаги бир вазифани эсга олиб ўтиш даркор, деб ўйлаймиз. Айтмоқчи бўлганимиз – кундалик турмушда қўлланадиган оддий исломий истилоҳлар (терминлар) ҳақида. Мусулмон инсон бу истилоҳларни ўрганиб, ўз тилида ўзлаштириб бориши лозим. Чунки ушбу атамаларни билиш инсон учун ўзининг зиммасидаги кундалик вазифаларини тўғри адо этишига ёрдам беради. Исломий истилоҳларни билиш чуқур илм ва машаққатли меҳнатни талаб қилмайди. Бу маълумотлар атрофдаги нарсаларга қизиқувчан бўлиш ва фойдали илм йўлида сал фаоллашиш орқали қўлга киритилади. Бундай фаолликнинг шахс ва жамият ҳаётига таъсири ижобий бўлади.

Илм ва маърифатга чанқоқликнинг шахс учун фойдаси ҳаммага тушунарли. Аммо бу ишларнинг жамият учун фойдаси нималарда кўриниши мумкин? 

Агар мусулмонлар, айниқса, уларнинг ораларидаги зиёли, маърифатли инсонлар ўз динлари ва тилларини яхши билишга интилсалар, Ислом кўрсатмаларини ҳаётга оқилона татбиқ қилиб борсалар, бу улар яшаётган муҳит ва даврнинг илм-фани, маданияти ва сиёсатида ўзининг муносиб аксини топади. Бунга мисол қилиб Ўзбек тилининг изоҳли Луғатини кўрсатиш мумкин. Луғатда жуда кўп учрайдиган исломий истилоҳлар китоб чоп этилган замон ва муҳитдан, дарак бериб туради. Китобдаги диний атамаларга қараб туриб, ўша давр кишиларининг, тилшуносларининг дунёқараш ва тушунчаларини, билим ва маданиятларини англаш мумкин. Шунингдек, Луғатда Совет империясининг сиёсати ва мафкураси акс этади.

Шу айтилганлардан келиб чиққан ҳолда Ўзбек тилининг изоҳли Луғатидаги Ислом динига алоқадор атамаларнинг ёзилиши ва уларга берилган таърифлар жиддий танқид ва таҳрирга муҳтождир. Баъзи сўзлар ва изоҳлар хато ёки чала ёзилган. (Биз мисолларга тўхташни алоҳида мавзу, деб биламиз). Нуқсонларнинг айримлари муаллифларнинг мавзудан яхши хабардор эмасликларидан келиб чиққан бўлса, баъзи хатолар давр сиёсати ва замона шароитлари билан боғлиқ.

Ҳозир эса сиёсат ҳам, шароит ҳам тубдан ўзгарган. Шундай экан, Ўзбек тилининг изоҳли Луғатини хатолардан тозалаш, исломий таърифларни тўғрилаш, луғатга кирмай қолган, аммо ҳаётда ишлатилаётган сўзлар билан тўлдириш зарур. Бу каби ишлар албатта давлат раҳбарининг кўнглига қараб ҳал бўлишини ҳамма билади. Аммо нима бўлганда ҳам олимлар ва мутахассислар ўз вазифаларини адо этиш йўлларини қидиришлари керак. Оддий одамларнинг маърифатга томон интилишлари, ўз илмларини оширишга бўлган ҳаракатлари эса олимлар ва соҳа мутахассислари учун иншоаллоҳ, туртки бўлади, деб умид қиламиз