Учрашганда бир қўл билан сўрашиладими ёки икки қўл билан?
Савол: Саволим қўл бериб сўрашишдаги суннат ва одоблар ҳақида. Яъни, қўл берганда бир қўл билан сўрашиш керакми ёки икки қўллаб? Тошкендаги маъҳадда талабалар билан саломлашиб, бир қўлни узатсам, қўлимни бўш қайтаришди. Улардан бири: «Икки қўллаб сўрашиш шарт, бўлмасам сўрашмайман», деди. Мен бир қўлда ҳам, икки қўлда ҳам сўрашиш мумкин, деб эшитгандим. Шунга ҳужжатлари билан тушунтириб берсангиз, илтимос. Олдиндан раҳмат, илмингиз зиёда бўлсин ва бу хайрли ишингиз давомли ва манфаатли бўлсин.
Шайхов Шоолим.
Жавоб: Қўл бериб сўрашиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир.
عَنِ الْبَرَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قال :قال رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ «ما مِنْ مُسْلِمَيْنِ يَلْتَقِيَانِ فَيَتَصافَحانِ إلا غُفِرَ لَهُما قَبْلَ أنْ يَفْتَرِقا«. (رواه أبو داود، وصححه الألباني).
Баро разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Икки мусулмон учрашиб, қўл бериб сўрашар эканлар, бир-бирларидан ажралмасларидан туриб, гуноҳлари кечирилади». (Абу Довуд ривояти).
Қўл бериб сўрашиш қалбларни бир-бирига яқинлаштиради. Инсонларни дўстга айлантиради. Алоқаларни мустаҳкамлайди.
Қўл бериб сўрашишни араб тилида «ал-мусофаҳа» (الْمُصَافَحَة), деб айтилади.
Мусофаҳа бир қўл билан бўладими ёки икки қўл биланми, деган масалада уламолар ўрталарида икки хил қавл мавжуд бўлиб, тўғрироғи бир қўл билан, деган қавлдир. Аммо бундан икки қўллаб сўрашиш мумкин эмас, деган хулоса чиқмайди.
* * *
- Сўрашиш икки қўлда бўлади, деган уламолар;
- Бир қўл билан сўрашишнинг ҳужжатлари;
- Ибн Обидин: Ўнг қўл шарафли ишлар учундир;
- Абдулқодир Жийлоний: Ўнг қўлда қилинадиган амаллар;
- Муборакфурий: Ибн Масъуд сўзларининг мавзуга алоқаси йўқ;
- Ислом ҳамма учун бир хил.
* * *
Сўрашиш икки қўлда бўлади, деган уламолар
Фиқҳий қомусда «Қўл бериб сўрашишнинг кайфияти ва одоблари», деган бобда бундай ёзилади:
كَيْفِيَّةُ الْمُصَافَحَةِ الْمُسْتَحَبَّةِ وَآدَابُهَا:
تَقَعُ الْمُصَافَحَةُ فِي الأْصْل بِأَنْ يَضَعَ الرَّجُل صَفْحَ كَفِّهِ فِي صَفْحِ كَفِّ صَاحِبِهِ .
وَاخْتَلَفُوا فِي كَوْنِ الْمُصَافَحَةِ الْمُسْتَحَبَّةِ بِكِلْتَا الْيَدَيْنِ أَمْ بِيَدٍ وَاحِدَةٍ ، فَذَهَبَ الْحَنَفِيَّةُ وَبَعْضُ الْمَالِكِيَّةِ إِلَى أَنَّ السُّنَّةَ فِي الْمُصَافَحَةِ أَنْ تَكُونَ بِكِلْتَا الْيَدَيْنِ ، وَذَلِكَ بِأَنْ يُلْصِقَ كُلٌّ مِنَ الْمُتَصَافِحَيْنِ بَطْنَ كَفِّ يَمِينِهِ بِبَطْنِ كَفِّ يَمِينِ الآْخَرِ ، وَيَجْعَل بَطْنَ كَفِّ يَسَارِهِ عَلَى ظَهْرِ كَفِّ يَمِينِ الآْخَرِ ، وَاسْتَدَلُّوا بِأَنَّ هَذَا هُوَ الْمَعْرُوفُ عَنِ الصَّحَابَةِ وَالتَّابِعِينَ ، وَبِمَا وَرَدَ مِنْ قَوْل ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَلَّمَنِي النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ التَّشَهُّدَ وَكَفِي بَيْنَ كَفَّيْهِ (أخرجه البخاري ومسلم) وَبِمَا ذَكَرَهُ الْبُخَارِيُّ فِي بَابِ الأْخْذِ بِالْيَدَيْنِ مِنْ قَوْلِهِ : صَافَحَ حَمَّادُ بْنُ زَيْدِ بْنِ الْمُبَارَكِ بِيَدَيْهِ ، إِشَارَةً إِلَى أَنَّ ذَلِكَ هُوَ الْمَعْرُوفُ بَيْنَ الصَّحَابَةِ وَالتَّابِعِينَ… (الموسوعة الفقهية الكويتية – 37 / 363-364).
Қўл бериб сўрашиш (мусофаҳа) аслида эркак киши кафтининг ичини рўпарасидаги кишининг кафти ичига қўйши билан амалга ошади.
Уламолар мустаҳаб мусофаҳа икки қўл билан бўладими ёки бир қўл биланми, деган масалада икки хил фикр билдиришган. Ҳанафийлар ва баъзи моликийлар суннат шуки, мусофаҳа икки қўл билан бўлади, дейишди. Бунда сўрашаётган одам ўнг кафтининг ичини иккинчи одамнинг ўнг кафти ичига қўйиб, чап кафтининг ичини у одамнинг ўнг кафти устига қўяди. Бу қавлга ҳужжат қилиб, саҳобалар ва тобеинлардан маълум бўлган сўрашиш шу эканини айтишди. Яна Ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг мана бу сўзларини келтиришди: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ташаҳҳудни ўргатганларида кафтим у зотнинг икки кафтлари орасида эди». (Бухорий). Яна улар Бухорийнинг «Икки қўлдан ушлаш боби»да келтирган «Ҳаммод ибн Зайд Ибн Муборак билан икки қўллаб сўрашди», деган ривоятни ҳужжат қилдилар… (Ал-Мавсуа – 37/363-364).
Бир қўл билан сўрашишнинг ҳужжатлари
وَذَهَبَ آخَرُونَ إِلَى أَنَّ كَيْفِيَّةَ الْمُصَافَحَةِ الْمَشْرُوعَةِ لاَ تَتَعَدَّى الْمَعْنَى الَّذِي تَدُل عَلَيْهِ فِي اللُّغَةِ ، وَيَتَحَقَّقُ بِمُجَرَّدِ إِلْصَاقِ صَفْحِ الْكَفِّ بِالْكَفِّ .وَاسْتَدَل لِهَذَا الرَّأْيِ بِقَوْل عُبَيْدِ اللَّهِ بْنِ بُسْرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ : تَرَوْنَ كَفِّي هَذِهِ ، فَأَشْهَدُ أَنَّنِي وَضَعْتُهَا عَلَى كَفِّ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ … (أخرجه أحمد ( 4 / 189 ) (الموسوعة الفقهية الكويتية – 37 / 363-364).
Бошқалар эса машруъ мусофаҳанинг кайфияти араб тили далолат қиладиган маънодан ташқарига чиқмаслигини ва мусофаҳа кафтни кафтга ёпиштириш билан амалга ошишини айтишади. Улар бу фикрга Убайдуллоҳ ибн Буср разияллоҳу анҳунинг мана бу сўзларини ҳужжат қиладилар: «Мана шу кафтимни кўраяпсизларми? Гувоҳлик бераманки, мен мана шуни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кафтларига қўйганман… (Аҳмад ривоятлари).
(Юқоридаги манба).
Ибн Обидин: Ўнг қўл шарафли ишлар учундир
Термизий сунанларининг шарҳи Туҳфатул–аҳвазий китобида ёзадилар:
أعلم أن السنة أن تكون المصافحة باليد الواحدة أعني اليمنى من الجانبين سواء كانت عند اللقاء أو عند البيعة وقد صرح به العلماء الحنفية والشافعية والحنبلية قال الفقيه الشيخ محمد أمين
المعروف بابن عابدين رحمه الله في رد المحتار على الدار المختار قوله ( فإن لم يقدر ) أي على تقبيله إلا بالايذاء أو مطلقا يضع يديه عليه ثم يقبلهما أو يضع إحدهما والأولى أن تكون اليمنى لأنها المستعملة فيما فيه شرف ولما نقل عن البحر العميق من أن الحجر يمين الله يصافح بها عباده والمصافحة باليمنى انتهى. (تحفة الأحوذي – 7 / 430).
Билгилки, суннат мусофаҳанинг бир қўл билан бўлишидир. Яъни, хоҳ учрашганда бўлсин, хоҳ байъатда бўлсин ҳар икки томон ўнг қўлини узатади. Бу ҳақда ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий уламолар очиқ айтишган. Ибн Обидин номи билан танилган фақиҳ, шайх Муҳаммад Амин раҳимаҳуллоҳ Раддулмуҳтор алад–дуррилмухтор китобида айтганлар: «… Ўнг қўлдан шарафли ишларда фойдаланилади. Баҳрул–амиқ китобидан нақл қилинадики, Ҳажарул–Асвад Аллоҳнинг ўнг қўлидирки, у билан сўрашадилар. Мусофаҳа эса ўнг қўл биландир».
(Туҳфатул–аҳвазий – 7/430).
Абдулқодир Жийлоний: Ўнг қўлда қилинадиган амаллар
Яна шу китобда буюк олим Абдулқодир Жийлонийнинг сўзлари ҳам келтирилади:
وقال الشيخ العالم الرباني السيد عبد القادر الجيلاني في كتابه غنية الطالبين فصل فيما يستحب فعله بيمينه وما يستحب فعله بشماله يستحب له تناول الأشياء بيمينه والأكل والشرب والمصافحة والبداءة بها في الوضوء والانتعال ولبس الثياب الخ . (تحفة الأحوذي – 7 / 430).
Шайх, олими раббоний, саййид Абдулқодир Жийлоний ўзларининг Ғунятуттолибин китобларида айтганлар: «Фасл. Ўнг қўл билан қилиш мустаҳаб бўлган ва чап қўл билан қилиш мустаҳаб бўлган ишлар. Инсонга емоқ, ичмоқ, сўрашмоқ, таҳорат бошламоқ, кафш ва кийимларини киймоқ ишлари ўнг қўл билан бўлиши мустаҳабдир». (Юқоридаги манба).
Муборакфурий: Ибн Масъуд сўзларининг мавзуга алоқаси йўқ
وأما قول بن مسعود رضي الله تعالى عنه علمني النبي وكفي بين كفيه التشهد كما يعلمني السورة من القرآن أخرجه الشيخان فليس من المصافحة في شيء بل هو من باب الأخذ باليد عند التعليم لمزيد الاعتناء والاهتمام به. (تحفة الأحوذي – 7 / 432).
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг Шайхон ривоят қилган ҳадисларининг мусофаҳага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Балки бу иш таълим пайтида илмга жиддий эътибор қаратиш учундир.
(Туҳфатул–аҳвазий – 7/432).
Юқоридагилардан маълум бўладики, бир қўл билан сўрашиш суннатга мувофиқ амалдир. Аммо икки қўл билан сўрашиш ҳам жоиз.
Ислом савол ва жавоб саҳифасида келтирилган 92806 рақамли фатвода ҳар икки қавл ҳурмат билан тилга олинган.
ومع هذا ، فلا توصف المصافحة باليدين جميعا بأنها بدعة ، بل هي أمر جائز ، غير أن السنة والأفضل الاقتصار على المصافحة بيد واحدة . فقد جاء عن حماد بن زيد أنه صافح عبد الله بن المبارك بكلتا يديه . كما في صحيح البخاري معلقا (ص/1206).
Шу билан бир қаторда икки қўллаб сўрашишни бидъат, деб сифатланмайди. Балки бу ҳам жоиз ишдир. Локин суннат ва афзали бир қўлда сўрашиш билан кифояланиш. Ҳаммод ибн Зайддан ривоят бўлганки, у киши Абдуллоҳ ибн Муборак билан икки қўллари билан сўрашганлар. Бу ҳақда Саҳиҳул–Бухорийда келган.
Марказий Осиёда кексалар ва ҳурматли инсонлар билан икки қўллаб сўрашиш одат бўлган. Ушбу одат ҳукмрон бўлган ерларда шунга амал қилиш мумкимн. Аммо ёшлар ўзаро бир–бирлари билан бир қўлда сўрашишлари ҳам табиий ҳолат ва бунинг Ислом таълимотларига қанчалик мос эканини юқорида кўриб ўтдик.
Ислом ҳамма учун бир хил
Энди Тошкент Ислом маъҳади талабасининг «Икки қўллаб сўрашиш шарт, бўлмасам сўрашмайман», деган сўзига келсак, у кишидан мана буни сўраб кўриш керак: «Агар сизнинг олдингизга ҳокимиятдан ёки милициядан ё эса МХХдан бир ходим келиб, битта қўлини узатса, унга ҳам: «Икки қўллаб сўрашмасангиз, сўрашмайман», дея оласизми?» Табиийки, уларга бундай муомала қилиш ақлдан эмаслигини яхши биласиз. Шундай экан, бошқаларга ҳам тўғри муомала қилиш лозим.
Агар инсон икки қўллаб сўрашиш, афзал, деган тушунчада бўлса, ўзи шундай сўрашаверади. Бу – унинг ҳуқуқи. Аммо бошқа мусулмонлардан худди шуни талаб қила олмайди. Чунки Исломда икки қўллаб сўрашиш фарз қилинмаган. Инсон ўзи тўғри ёки афзал, деб билган нарсани далиллар билан чиройли услубда тушунтиришга ҳаракат қилади.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўз ҳидоятига бошласин. Динни У Зотнинг Ўзи учун ҳамма ерда бир хилда холис ушлаб боришимизни муяссар айласин.
Аллоҳга ҳамдлар, Унинг Расулига салавот ва саломлар бўлсин.