Дунёвий илм ўқиётган талабага закот берса бўладими?

Савол: Ҳурматли сайт соҳиблари ва Обидхон Қори ака, сизларни Аллоҳ учун яхши кўраман ва кўп ҳурмат қиламан. Қилаётган хайрли ишларингизга Аллоҳ барака берсин.

Тоғам – ишбилармон. Менга ўқишимни контракт пулини тижоратларидан закот сифатида тўлаб бермоқчи эканликларини айтдилар. «Фақат шу мумкинми-йўқми, домладан сўраб билгин», – дедилар.

Ҳозир хорижда ўқияпман. Лекин ҳотиржамлигим йўқ. Чунки инглиз тилидаги салафий сайтларда аралаш таълим даргоҳлари қатъиян ман қилинганлиги ва куфр диёрида истиқомат қилиш ҳам яхши эмаслиги ёзилган.

Ҳозирги ҳолатим ёмон эмас, динимга қўлдан келганча амал қилаяпман, яъни намозларни вақтида адо қилиш ёки жумъа намозларига бориш кабилар.

Закот пулини дунёвий илм ўрганиш учун сарфласа бўладими? Ниятим Аллоҳ учун ҳалол касб қилиш ва қўлдан келганча мусулмонларга ёрдам бериш.

Муслим.

Жавоб: Бизни ким учун яхши кўрган бўлсангиз, ўша Зот сизни ҳам яхши кўрсин. Дуоларингизни қабул қилиб, самараларидан ўзингизга ҳам насиб этсин. 

Мусулмон бўлмаган юртларга бориб илм олиш

Агар мусулмонлар ўзлари учун зарур бўлган илмни ўз юртларида топа олмасалар, маълум шартлар билан номусулмон ўлкаларга бориб илм олишлари жоиз. Шайх Абдуллоҳ бин Жибрин раҳимаҳуллоҳ бу масалада бундай деганлар:

يجوز ذلك إذا أمن على دينه وكانت تلك العلوم والصناعات لا يوجد من يعرفها ولا من يتعلمها في بلاد المسلمين، وكانت أيضًا مما يخدم الإسلام وينفع المسلمين في دينهم ودُنياهم ...

Агар инсон ўз динидан хотиржам бўлса, у илмлар ва саноатларни биладиганлар ва ўрганувчилар мусулмонлар юртида бўлмаса, бу нарсалар Исломга хизмат қиладиган ва мусулмонларнинг динлари ва дунёларида фойда берадиган бўлса, (куфр юртларга бориш) жоиз. (11619 рақамли фатво).

Динидан хотиржамлик деганда ўз динини яxши билиш ва уни фитналардан ҳимоя қила олиш, тақво ва ибодатда мустаҳкам туриш, тушунилади.

Дунёвий илм олаётган талаба закотга лойиқми?

Маълумки, касб-кор қилишга куч-қуввати бор инсон закот ва садақалар олиши мумкин эмас. Аммо фуқаҳолар илм олаётгани туфайли бирор касб билан шуғулланишга вақт топа олмайдиган қобилиятли муҳтож талабага закот молидан берилиши мумкинлиги ҳақида баён қилишган.

فقد أجاز العلماء لطالب العلم الفقير المشتغل بتحصيل علم من العلوم التي يحتاجها المسلمون والذي يتعذر عليه الجمع بين طلب العلم والكسب أن يعطى من الزكاة إذا كان نجيبا؛ لأن تحصيل مثل هذا العلم فرض على الكفاية، ولأن نفع علمه يعود على المسلمين وليس عليه فحسب.

Уламолар мусулмонлар муҳтож бўлган илмлардан биронтасини ўрганиш билан машғул бўлган ва илм ўқиш билан бир вақтнинг ўзида касб-кор билан шуғулланиши қийин бўлган камбағал толиби илмга – агар у қобилиятли бўлса  – закотдан берилишини жоиз санашган. Чунки бу каби илм фарзи кифоядир ва бу талабанинг илми фақат ўзи учун эмас, балки мусулмонлар учун ҳам фойда келтиради. (Исламвеб саҳифаси, 58739 рақамли фатво).  

Бу сўзлар дунёвий илмларни ўрганаётган мусулмон толиби илмлар ҳақида айтилган. Буни мана бу фатво ҳам тасдиқлайди: 

فاعلم أيضا أن دفع الزكاة لمن يدرسون بالجامعة ليس مما يجوز إلا إن كانوا من طلبة العلم الشرعي النجباء، أو كانوا يدرسون علما يحتاجه المسلمون كما بينا ذلك في الفتوى رقم: 58739 .

Билгилки, университетда ўқиётганларга закот бериш жоиз ишлардан саналмайди. Илло агар шаръий илм олаётган ва қобилиятли талабалар бўлса, жоиз. Ёки мусулмонлар муҳтож бўлган (дунёвий) илмни ўрганаётганлар бўлсалар, жоиз. (Юқоридаги манба, 136189 рақамли фатво).  

Шуларга асосланган ҳолда айтамизки, агар сиз ўрганаётган илм мусулмонлар учун фойда келтирадиган соҳалардан бўлса ва сиз ўз касбингизнинг билимдони бўлишга ҳаракат қилаётган бўлсангиз, закот молидан олишингиз мумкин, валлоҳу аълам.