Ўзбекистон армиясида хизмат қилиш мумкинми?

Савол: Мен яқинда армияга кетаяпман. Армияда намозимни қандай қилиб ўқисам бўлади? Намозга шароит талаб қилишда ўзимга зарар етадими, деб қўрқаман. Ўзбекистондаги вазият ўзингизга маълум, бундай вазиятда нима қилиш керак? Илтимос, маслаҳат беринг! Олдиндан раҳмат! Аллоҳ рози бўлсин! Жазакаллоҳу хойрон касийрон!

Ҳабибуллоҳ.

Жавоб: Ўзбекистон ҳукумати хоссатан Ислом ва мусулмонларнинг, омматан эса оддий халқнинг душманидир. Ҳукуматнинг Ўзбекистон халқига қарши ўтган асрдан бери қўллаб келаётган қатағон ва ваҳшийликлари ҳақида инсон ҳуқуқи ташкилотлари, хорижий давлатлар вакиллари, сиёсатшунослар, турли соҳа мутахассислари биздан кўра кўпроқ ва қаттиқроқ гапирмоқдалар, ёзмоқдалар. Ҳукуматнинг биргина мусулмонларга қилаётган зулми ва мислсиз душманликларини эслашнинг ўзиёқ Ўзбекистон армияси сафида хизмат қилиш мумкин эмаслигига етарли далил бўлади.

Агар ҳукумат Исломга душман бўлмаганда

Агар ҳукумат Исломга душман бўлмаганда Аллоҳ Қуръонда фарз қилган ҳижобга қарши қўрқмасдан кураш олиб борармиди?! МХХ ва милиция ходимларининг ҳижобли аёлларни чақиртириб, қўрқитишларининг сабаби нима?

Агар ҳукумат Исломга душман бўлмаганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Куфр билан иймон ўртасидаги фарқ», деб таърифлаган намозга қаршилик кўрсатармиди?! Агар шу душманлик бўлмаса, МХХ ва ИИВ ходимларининг тергов изоляторларида, қамоқхоналарда намоз ўқиган мусулмонларни азоблаётганларининг сабаби нима?

Агар ҳукумат Исломга душман бўлмаганда муслима аёлларни қамоққа ташлаб, уларни беҳаё ва ноинсоний усуллар билан қийноққа солармиди?!

Агар ҳукумат Исломга душман бўлмаганда расмий масжидларда ўзи рози бўлган имомларга ҳам болаларга Ислом ва Қуръонни ўргатишни тақиқлармиди?

Агар ҳукумат Исломга душман бўлмаганда …

Бу иборани ҳали анча давом эттириш мумкин. Аммо шу бир неча мисолнинг ўзи ҳам бу золимнинг армиясида хизмат қилиш душманга хизмат қилиш, деган хулосага асос бўлади.

Золимларга мойиллик жаҳаннам оловига восита

Аллоҳ таоло ва Унинг Расули барча инсонларни зулмдан ва зулмга ёрдам беришдан қаттиқ қайтаришган. 

{ وَلَا تَرْكَنُوا إِلَى الَّذِينَ ظَلَمُوا فَتَمَسَّكُمُ النَّارُ وَمَا لَكُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ مِنْ أَوْلِيَاءَ ثُمَّ لَا تُنْصَرُونَ } (113 هود)

«Зулм қилганларга мойил бўлманглар – дўзах олови сизларни ўз домига тортади ва сизларга Аллоҳдан бошқа дўстлар бўлмайди. Сўнг ёрдамсиз қолурсизлар». (Ҳуд/113).

وَلاَ تَسْتَعِينُوا بِالظَّالِمِينَ ، وَلاَ تَعْتَمِدُوا عَلَيْهِمْ ، وَلاَ تَعْتَزُّوا بِهِمْ ، وَلاَ تَسْتَحْسِنُوا طَرِيقَتَهُمْ ( لاَ تَرْكَنُوا ) فَتَكُونُوا كَأَنَّكُمْ رَضِيتُمْ بِأَعْمَالِهِمْ ، فَإِنْ فَعَلْتُمْ ذَلِكَ أَصَابَتْكُمُ النَّارُ التِي هِيَ جَزَاءُ الظَّالِمِينَ ، وَلَنْ تَجِدُوا يَوْمَئِذٍ مَنْ يَنْصُرُكُمْ مِنْ عَذَابِ اللهِ .  ( وَالآيَةُ عَامَّةٌ تَشْمَلُ الظَّالِمِينَ دُونَ تَفْرِيقٍ بَيْنَ مُسْلِمٍ وَكَافِرٍ ) . لاَ تَرْكَنُوا – لاَ تَمِلْ قُلُوبُكُمْ بِالمَحَبَّةِ . أيسر التفاسير لأسعد حومد – (1 / 1587)

Золимлардан мадад сўраманглар, уларга суянманглар, улар сабабидан иззат топамиз, деб ўйламанглар ва уларнинг йўлларини мақбул, деманглар. Уларга мойил бўлманглар, акс ҳолда сизлар уларнинг ишларига рози бўлгандек бўласизлар. Агар шундай қилсанглар, золимларнинг жазоси бўлмиш дўзах олови сизларни ўз домига тортади. Ундай кунда сизларни Аллоҳнинг азобидан қутқарадиган кимсани асло топа олмайсизлар. (Бу оят мусулмон ва кофирга ажратмасдан золимларнинг ҳаммасини ўз ҳукми остига олади). Мойил бўлманглар қалбингиз яхши кўриш билан мойил бўлмасин. (Айсарут-тафосир Асъад Ҳавмад – 1/1587).

Агар инсоннинг қалби золимларни ёмон кўраётган экан, бу ҳиссиёт унинг сўзлари ва ҳатти-ҳаракатларида зоҳир бўлмай иложи йўқ. Инсон яхши кўрган нарсага тобора кўпроқ интилади ва уни ҳимоя қилади. Ёмон кўрган нарсасидан иложи борича узоқлашади ва уни ёрдамсиз қолдиришга ҳаракат қилади.

Мажбурликдан ҳарбий хизматга боришнинг икки шарти

Золим тузумларнинг ҳарбий хизматига боришга мажбур бўлган одамларнинг саволларига уламолар берган фатволар билан танишиб, қуйидаги хулосага келиш мумкин. Агар мажбурлик ҳолатига тушиб, бормасликнинг иложини топа олмай қолса, ҳарбий хизмат икки шарт билан жоиз бўлади:

1. Мусулмон йигит ҳарбийлар сафида бўлганда Аллоҳ буюрган намоз ва рўза каби фарз ибодатларни ўз вақтида бемалол адо эта оладиган имкониятга эга бўлиши лозим. Армияда мусулмон йигитлар учун зарур шароитлар яратилган бўлиши керак. Агар ибодат учун шароит бўлмаса, армияга борган мусулмон ўз ҳаққини талаб қилиб, ундира оладиган бўлиши шарт;

2. Агар халқ тинч норозилик намойишларига чиқиб қолса, ҳукумат уларни уришга ёки отишга буюрганда бундай буйруқни бажаришдан бош тортиш фарз бўлади. Ҳарбийларнинг вазифаси халқни калтаклаш ва ўлдириш эмас, балки ҳимоя қилишдан иборат бўлмоғи керак. Бировнинг ҳаёти эвазига ўз жонини сақлаб қолиш мумкин эмас.

Агар инсон ўзига ишонмаса, юқоридаги икки шартни бажаришга кўзи етмаса, армияга бормаслиги керак бўлади. Олимлар инсоннинг ўзидан зулмни даф этиш учун пул сарфлашини жоиз, дейишган. Бунинг шарти шуки, ҳеч ким ўзининг ўрнига бошқа бировни зулмга дучор қилиши мумкин эмас.

Намозни кечиктирадиган раҳбарлар ҳақидаги ҳадис

 عن أبي سعيد و أبي هريرة رضي الله عنهما قالا قال رسول الله صلى الله عليه وسلم :

«ليأتين عليكم أمراء يقربون شرار الناس ويؤخرون الصلاة عن مواقيتها فمن أدرك ذلك منكم فلا يكونن عريفا ولا شرطيا ولا جابيا ولا خازنا». (رواه ابن حبان في صحيحه صحيح الترغيب والترهيب – 1 / 194 790 -. الألباني: حسن لغيره).

Абу Саид ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. У икковлари дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг устингизга одамларнинг ёмонларини ўзларига яқин қиладиган, намозни вақтидан кечиктирадиган амирлар келади. Сизлардан кимки шундай замонни кўрса, бас ишбоши ҳам, миршаб ҳам, хирож йиғувчи ҳам, хазиначи ҳам бўлмасин». (Саҳиҳи Ибн Ҳиббон, Саҳиҳут-Тарғиб ват-тарҳиб – 1/194, Албоний: ҳасан лиғайриҳ – 790).

Бу ҳадисдаги амир калимаси фақат Араб Амирликларидаги амирларга хос эмас. Балки ҳар қандай кўринишдаги (подшоҳлик, президентлик ва ҳок.) давлатнинг раҳбарига тегишлидир.

«Ишбоши» (عريف  – «ариф») калимасидан мурод давлат раҳбарининг номидан ҳаракат қилувчи, ишнинг кўзини билувчи мансабдор шахсдир.

«Миршаб» (شرطي  – «шуртий») таърифига бугунги кундаги куч ишлатар тизимлар (милиция, махфий хизмат ва армия) ходимлари тўғри келади.

Намозга қарши курашадиган раҳбарнинг машруълиги йўқ

Юқоридаги ҳадисда намозга қарши зимдан уруш олиб бораётган давлат раҳбари ҳақида гапирилмаган. Балки намоз ўқиб туриб, уни вақтидан кечиктирган мусулмон раҳбарга хизмат қилмаслик талаб қилинган. Шундай экан, намоз ўқиганларни жазолаётган давлат раҳбарига қандай муносабатда бўлиш кераклигини ақлли одам яхши тушунади.   

Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати барча давлат муассасалари қаторида куч ишлатувчи тизим хизматчиларини намоз ўқигани учун албатта жазолайди. Намоз ўқиган ходимни давлат жуда қаттиқ душман деб билади ва уни кечирмайди. Милиция, МХХ ва ҳарбийлар режимнинг қон томиридир ва у ерларда намоз ўқийдиган одамнинг ишлашига давлат асло тоқат қила олмайди. Иймонли одам учун эса якка Аллоҳга ибодат қилишни амалда тақиқлайдиган армия ёки ташкилот сафида бўлиш мумкин эмас. 

Ҳозир МХХ ва ИИВ ходимлари учун оддий ишчилардан жойнамоз қидириш, топилса худди қурол топгандек жазога тортиш жиддий машғулотга айланган.

Исломда агар подшоҳ золим бўлса, унга амри маъруф, наҳйи мункар қилиниши, уни инсофга чақирилиши айтилган. Подшоҳга қарши бош кўтармаслик шартини диннинг энг буюк шиори бўлган намозга эркин йўл очиб қўйишга боғланган. Агар давлат мусулмонларни ишхоналарда намоз ўқиганлари учун жазолаётган экан, ёшларни Аллоҳнинг уйидан тўсаётган экан, унинг шаръийлиги ҳақида гапириб келганлар ҳам уялиб қолади ва Аллоҳдан қўрқади.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ السَّمْعُ وَالطَّاعَةُ عَلَى الْمَرْءِ الْمُسْلِمِ فِيمَا أَحَبَّ وَكَرِهَ مَا لَمْ يُؤْمَرْ بِمَعْصِيَةٍ فَإِذَا أُمِرَ بِمَعْصِيَةٍ فَلَا سَمْعَ وَلَا طَاعَةَ. (صحيح البخاري ت – 18 / 54)

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон банданинг зиммасида ўзи ёқтиргану ёқтирмаган ишларда модомики гуноҳга буюрилмас экан, қулоқ солиш ва итоат қилиш вожибдир. Қачонки гуноҳга буюрилса, қулоқ солиш ҳам итоат ҳам йўқ!» (Саҳиҳул-Бухорий-   18/54).

Мусулмон оламидаги ўзгаришлар алҳамдулиллоҳ диктатор режимларнинг пайтавасига қурт туширганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Зулм ва золимларнинг умри бирин-кетин тугаб бормоқда. Ҳозир ўзбек ҳукумати халқ агар давлат терроридан тўйиб кетиб, қўзғолиб кўчага чиқса, уни қандай бостириш йўлларини қидирмоқда. Табиийки, золимларнинг ақли қон тўкишдан бошқа нарсага етиши қийин. Ҳукумат бундай қотилликни албатта милиция ва армия зиммасига юклайди. Бундай вазиятда тинч намойишчиларни отиш, ўлдириш, уриш ҳаром ва улкан жиноятдир.

Сиз мусулмон одамни кофирликдан сақлаб турадиган хислат ҳақида сўраётган экансиз, Аллоҳ таолодан иймонингизни собит қилишини, қаерда бўлсангиз ҳам намозингиздан ажралмаслигингиз учун ёрдам беришини сўраймиз. Аллоҳнинг ёрдамига сазовор бўлиш учун албатта инсон У Зот томонга интилиши лозим.