Фосиқ одамнинг уйида хизмат қилиш

Савол: Менинг уйим йўқ эди. Қарз олиб, Тошкентда уй сотиб олдим. Қарзни тўлаш учун Россияга бир бойнинг уйига ошпаз бўлиб келдим. Хўжайин ўзи мусулмон, лекин йиғилишларда, базмларда ичкиликбозлик, фоҳишабозлик кўпайиб боряпти. Мен бу гуноҳларга хизмат қилган бўлиб қолмаяпманми? Буни ҳукми қандай бўлади? Ўзи ҳаққимни вақтида ортиғи билан беради. Бир-бир ярим ойда уйга билет олиб беради. Шароит яхши, вақтида намоз ўқиймиз, жумъа намозларига ҳам рухсат бор. Нима қилишни билмай қолдим, ҳали қарзим бор. Раҳмат.

Ботирхўжа.

Жавоб: Сиз «хўжайин» деб айтаётган одамни Шариатда фосиқ, дейилади. Унинг қилаётган гуноҳларини эса фисқ, деб айтилади. Фисқ фарз ибодатларни тарк этиш ёки ҳаром ишларни қилишда намоён бўлади.   

وَقَال الشَّوْكَانِيُّ نَاقِلاً عَنِ الإِْمَامِ الْقُرْطُبِيَّ : وَالْفِسْقُ فِي عُرْفِ الاِسْتِعْمَال الشَّرْعِيِّ : الْخُرُوجُ عَنْ طَاعَةِ اللَّهِ عَزَّ وَجَل ، فَقَدْ يَقَعُ عَلَى مَنْ خَرَجَ بِكُفْرٍ ، وَعَلَى مَنْ خَرَجَ بِعِصْيَانٍ

الموسوعة الفقهية الكويتية – (32 / 141(

Шавконий имом Қуртубийдан ривоят қилиб айтган: «Фисқ шаръий истеъмол урфида Аллоҳ азза ва жалланинг тоатидан чиқиш бўлиб, бу чиқиш гоҳо куфр келтирган одамнинг ишида кўринади, гоҳо исён қилган одамда пайдо бўлади». (Ал-Мавсуа – 32/141).

Сиз айтаётган одам агар мусулмон бўлса ва Аллоҳ ҳаром қилган ароқ ва зинони ҳалол, деб эътиқод қилмаса, унинг фисқи иккинчи турдаги фисқ (исён) бўлиб, у Исломдан чиққан саналамайди. Бундай одамга албатта насиҳат қилиш, уни тавбага ундаш, ҳаром ишлардан қайтариш лозим. Акс ҳолда унинг атрофидагилар ҳам гуноҳкор бўладилар.  

حكْمُ التَّوَدُّدِ لِلْفَاسِقِ :

اتَّفَقَ الْفُقَهَاءُ عَلَى أَنَّهُ لاَ يَجُوزُ التَّوَدُّدُ لِلْفَاسِقِ لأَِجْل فِسْقِهِ ، وَلاَ الْجُلُوسُ مَعَهُ وَهُوَ يُمَارِسُ شَيْئًا مِنَ الْمَعَاصِي إِينَاسًا وَمُجَارَاةً لَهُ ، لِقَوْلِهِ تَعَالَى : { وَلاَ تَرْكَنُوا إِلَى الَّذِينَ ظَلَمُوا فَتَمَسَّكُمُ النَّارُ } (2) ، وَلِقَوْل النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : لاَ تُصَاحِبْ إِلاَّ مُؤْمِنًا وَلاَ يَأْكُل طَعَامَكَ إِلاَّ تَقِيٌّ (3) ، وَقَوْلِهِ : الرَّجُل عَلَى دِينِ خَلِيلِهِ ، فَلْيَنْظُرْ أَحَدُكُمْ مَنْ يُخَالِل (4) .

 (2) سورة هود / 113 .

(3) حديث : » لا تصاحب إلا مؤمنًا . . . » . أخرجه الترمذي ( 4 / 601 ) من حديث أبي سعيد الخدري، وقال : حديث حسن .

(4) حديث : » الرجل على دين خليله . . . » . أخرجه الترمذي ( 4 / 589 ) من حديث أبي هريرة، وقال : حديث حسن صحيح .

الموسوعة الفقهية الكويتية – (32 / 145).

Фосиқ билан дўстлашишнинг ҳукми:

Фуқаҳолар шунга иттифоқдирларки, фосиқ одам билан унинг фисқи туфайли дўст бўлиш ва бирор гуноҳ ишни қилаётган пайтда уни маъқуллаётган ва унга ҳамфикр бўлган каби у билан бирга ўлтириш мумкин эмас. Чунки Аллоҳ айтган: «Зулм қилганларга мойил бўлманглар, дўзах олови сизларни ўз домига тортади». (Ҳуд/113). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Сен фақат мўмин билан дўстлаш, таомингни фақат тақволи одам есин». (Термизий, Абу Саиддан ривоят). Яна У зот дедилар: «Инсон ўз дўстининг динида бўлади. Қаранг, ким билан дўстлашаяпсиз?!» (Термизий, Абу Ҳурайрадан ривоят).

(Ал-Мавсуа – 32/145).

Сиз уйнинг эгаси ҳаром ишларни қилаётган пайтда унинг ёнида турмасангиз ҳам у билан битта уйда туришингиз аянчли ҳолат.

كَمَا أَنَّهُ وَرَدَ النَّهْيُ عَنْ مُخَاطَبَةِ الْفَاسِقِ وَالْمُبْتَدِعِ وَنَحْوِهِمَا بِسَيِّدٍ وَنَحْوِهِ مِنَ الأَْلْقَابِ الَّتِي تَدُل عَلَى تَعْظِيمِهِ ، لأَِنَّ فِي ذَلِكَ تَعْظِيمَ مَنْ أَهَانَهُ اللَّهُ تَعَالَى . (الموسوعة الفقهية الكويتية – (32 / 145).

«Шунингдек, фосиқ ва бидъатчи кимсани «саййид» ёки шу каби эҳтиромга далолат қиладиган сифатлар билан аташ, чақиришдан қайтарилган. Чунки бу ишлар Аллоҳ таҳқирлаган кимсани улуғлаш бўлади». (Юқоридаги манба).

Шунга қараганда ҳаром ишларни қиладиган одамни «хўжайин» деб айтиш мусулмон одам учун муносиб эмас.

Сизнинг ундай одамнинг уйида ишлашингиз тўғри бўлмайди, валлоҳу аълам. Сиз у ерни ташлаб кетишдан аввал уй эгасига насиҳат қиласиз. Қилаётган ҳаром ишларининг оқибати ёмон бўлишини чиройли ва мулойимлик билан тушунтирасиз. Агар қабул қилмаса, унинг уйидан кетасиз.