Намозга азон айтишнинг ҳукми

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Агар рус давлатларида бўлса, азон эшитилмайдиган жойда, уйда бир жамоат бўлсаю у жамоат намозни вақт киргандан кейин ҳар хил сабаб билан 30-50 минут кеч ўқиса, шунда азон айтиладими? 

Абдураҳмон.

Жавоб: Азон Ислом динимизнинг буюк шиорларидан бири бўлиб, уни жамоат билан ўқиладиган фарз намозлари учун айтилади. Азон намознинг саҳиҳлик шартларидан ҳисобланмайди. Шунинг учун азон айтмасдан ўқилган намоз дуруст саналади. Аммо жамоат намозини азон айтмасдан ўқиш макруҳ ишдир. Азон айтмай намоз ўқишни одатга айлантириб олиш эса гуноҳи кабира бўлади.   

Атрофда азон овози эшитилса, намозни албатта ўша жамоатга бориб қўшилиб ўқиш лозим. Агар азонни эшитиб туриб, узрли сабаб билан жамоатдан қолиб кетса, азон айтмасдан ўқиш жоиз.

Расулуллоҳнинг таълимотлари

عَنْ مَالِكِ بْنِ الْحُوَيْرِثِ أَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي نَفَرٍ مِنْ قَوْمِي فَأَقَمْنَا عِنْدَهُ عِشْرِينَ لَيْلَةً وَكَانَ رَحِيمًا رَفِيقًا فَلَمَّا رَأَى شَوْقَنَا إِلَى أَهَالِينَا قَالَ ارْجِعُوا فَكُونُوا فِيهِمْ وَعَلِّمُوهُمْ وَصَلُّوا فَإِذَا حَضَرَتْ الصَّلَاةُ فَلْيُؤَذِّنْ لَكُمْ أَحَدُكُمْ وَلْيَؤُمَّكُمْ أَكْبَرُكُمْ. (صحيح البخاري ت – 2 / 40).

Молик ибн Ҳувайрисдан ривоят. Мен қавмимнинг бир гуруҳ одамлари билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдим. Шунда у кишининг олдиларида йигирма кеча истиқомат қилдик. Расулуллоҳ меҳрибон ва мулойим инсон эдилар. Бизнинг оилаларимизни соғинганимизни кўриб, дедилар: «Оилангизга қайтинглар. Улар билан бирга бўлинглар, уларга таълим беринглар ва намоз ўқинглар. Намоз вақти бўлганда сизлар учун ичингиздан бирингиз азон айтсин ва ёши каттангиз сизларга имом бўлсин». (Саҳиҳул-Бухорий – 2/40).

Азон айтишнинг ҳукми

 اتَّفَقَ الْفُقَهَاءُ عَلَى أَنَّ الأْذَانَ مِنْ خَصَائِصِ الإْسْلاَمِ وَشَعَائِرِهِ الظَّاهِرَةِ ، وَأَنَّهُ لَوِ اتَّفَقَ أَهْل بَلَدٍ عَلَى تَرْكِهِ قُوتِلُوا ، وَلَكِنَّهُمُ اخْتَلَفُوا فِي حُكْمِهِ ، فَقِيل : إِنَّهُ فَرْضُ كِفَايَةٍ… )الموسوعة الفقهية الكويتية – 2 / 357(

Уламолар азон Исломга хос аломатлардан ва Исломнинг зоҳирий шиорларидан бири эканига иттифоқдирлар… Локин улар азоннинг ҳукми ҳақида турли фикрлар билдиришган. Баъзилар у фарзи кифоядир, дейишган… (Ал-Мавсуа – 2/357).

Баъзи олимлар назарида азон суннати муаккададир:

الْأَذَانُ سُنَّةٌ لِأَدَاءِ الْمَكْتُوبَاتِ بِالْجَمَاعَةِ كَذَا في فَتَاوَى قَاضِي خَانْ وَقِيلَ إنَّهُ وَاجِبٌ وَالصَّحِيحُ أَنَّهُ سُنَّةٌ مُؤَكَّدَةٌ. (الفتاوى الهندية – 1 / 53).

Азон фарз намозларини жамоат билан адо этиш учун суннатдир. Фатовойи Қозихонда шундай дейилган. Баъзилар уни вожиб, деганлар. Тўғриси у суннати муаккададир. (Фатовойи ҳиндийя -1/53).

Баъзи фуқаҳолар ижтиҳодларида азон вожибдир:

وَلَمَّا أَمَرَهُ بِأَنْ يَأْمُرَ بِلَالًا يُنَادِيَ بِهِ ثَبَتَ وُجُوبُهُ لِمَا بَيَّنَّا وَلِأَنَّ النبي صلى اللَّهُ عليه وسلم وَاظَبَ عليه في عُمْرِهِ في الصَّلَوَاتِ الْمَكْتُوبَاتِ وَمُوَاظَبَتُهُ دَلِيلُ الْوُجُوبِ مَهْمَا قام عليه دَلِيلُ عَدَمِ الْفَرْضِيَّةِ وقد قام هَهُنَا. (بدائع الصنائع – 1 / 147).

Расулуллоҳ (Абдуллоҳ бин Зайд орқали) Билолга азон айтишни буюрган эканлар, баён қилганимиздек, унинг вожиб экани собит бўлади. Яна Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз намозларига азон айттиришга умрлари давомида амал қилиб келганлар. У зотнинг доимий амал қилганлари вожибликка далилдир… (Бадоеъ ас-саноеъ-  1/147).

Аллоҳ таоло барчамизни Расулининг суннатларига мувофиқ ибодат қилишимизни насиб айласин. Аллоҳга ҳамдлар, Расулуллоҳга салавот ва саломлар бўлсин.