Овқат еяётган одам билан қандай саломлашилади?
Савол: Мени анчадан бери бир савол қийнайди. Овқат еяётган одамларнинг олдига кирганда салом бериб кириш ҳақида бирон маълумот бера оласизми?
Аюбхон. Жавоб: Салом бериш – бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келаётган суннат, саломга жавоб қайтариш – Аллоҳ таоло буюрган фарз.
عَنِ الْبَرَاءِ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم ، قال: "أفْشُوا السَّلامَ تَسْلَمُوا". رواه ابن حبان، حسن.
Баро разиялоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Саломни ёйингиз – саломат бўласиз ". (Ибн Ҳиббон ривояти). Овқат еётган одамларнинг олдига салом бериб киришнинг ҳеч қандай мулоҳазали ери йўқ. Аксинча, бу ҳам Расулуллоҳнинг суннатларидан ҳисобланади. Чунки овқат устида одамлар билан сўзлашиш ва савол-жавоб қилиш Расулуллоҳ ва саҳобаларнинг одатларидан бўлган. Шундай экан, саломлашишни овқат сабабли тарк этиш мумкин эмас. Қўл бериб сўрашиш ҳам мусулмонлар учун суннат амаллардан саналади. Аммо овқат еётган одам билан қўл бериб сўрашиш кўпинча ноқулайлик туғдиради. Овқатланаётган одамга фақат салом бериш билан кифояланган маъқул. Истасангиз, у одамга чиройли салом берганингиздан сўнг: "Бемалол овқатланaверинг, кейин сўрашамиз", деб айтишингиз мумкин. У одам овқатни еб бўлиб, қўлини артгандан сўнг қўл беришиб кўришса бўлади, валлоҳу аълам. Баъзан муайян ҳолатларда турган одамларга салом берилмайди. Саломлашилмайдиган одамлар мана булар:
1. Таҳорат қилаётган одам; 2. Дуо қилаётган одам; 3. Намоз ўқиётган одам; 4. Қуръон ўқиётган одам; 5. Ҳожатхонадаги (ҳаммомдаги) одам; 6. Маст ёки ақли йўқ одам; 7. Мусулмон бўлмаган одам. (Мусулмон бўлмаган одам билан унинг тилида саломлашилади).
Аллоҳга ҳамдлар, Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин.