Ота-она ажрашган ҳолатда бола тарбияси
Савол: Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло сиздан рози бўлсин. Кўп фойдали ишлар қиляпсиз, ажрини иншоаллоҳ Охиратда оласиз. Менга ҳам маслаҳат берсангиз, жуда қийин аҳволда қолдим. 2 фарзандим бор, ўзим Европада яшайман. Биринчи турмушимдан Исломга тўғри келмаганлиги сабаб ажрашдим. Жуда ҳам жоҳил эди, номаҳрам эркаклар билан гаплашиб муомала қилишгача мажбурлади. Ишқилиб мен Аллоҳ йўлини танладим… Лекин энди собиқ менга болаларимни қарши қилиб қўяяпти. Мен Исломда тақиқланган нарсаларни тақиқласам, у тескарисини қилиб, «Эркинлик, демократия», деб уларни йўлдан ураяпти. Шунга сиздан маслаҳат олмоқчи эдим. Менинг ҳаққим борми болларимга отаси билан учрашишни тақиқлашга? Чунки у болларга салбий таъсир ўтказяпти. «Европада болларнинг ҳаққи устун туради, агар онанг айтганингларни қилмаса, полицияга шикоят қилинглар», деб айтади. Жуда бошим қотиб қолди, мен болаларим ёмон йўлга кириб кетмасин, деб қаттиқ тураман, лекин урмайман, кўп ҳаром нарсалардан қўлдан келганича қайтараман, огоҳлантираман, лекин унга ҳаромнинг фарқи йўқ. Ҳамма нарсага ижозат бериб қўяяпти. Жуда қийналиб кетдим, кучим етмаяпти… Ёки болларни унга бериб юборсаммикин? Нима қилсам тўғри бўлади? Шу масалага тегишли бирор бир ҳадис ёки Қуръон ояти бўлса, тўлиқ жавоб берсангиз. Шуни кўрсатиб болалар билан бу масалани ҳал қилмасам бўлмайди. Ўзимни Ислом тарафдан билимим кўп эмас. Лекин шу Диним учун ватандан, жигарлардан айрилиб, ҳижратда ёлғиз аёл бошим билан 2 йил яшадим… Минг шукр, фақат бу йўлда кўп қийинчиликлар бор, биламан. Кўп инсонларни ҳақиқий юзини кўрдим, ҳақиқий дўст ким, душман ким билиб олдим, лекин собиқ… Илтимос, ёрдам беринг. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳижратдаги барча мусулмонларни Ўз паноҳида асрасин. Тезроқ бизнинг Ватан ҳам озод бўлсин. Биз ҳам ғалаба билан қайтсак, иншоаллоҳ…
Малика.
Жавоб: Дарҳақиқат, бола тарбияси бугунги кунда ҳамма ерда ҳам машаққатли ишдир. Қадимга замонларда ҳам бу осон амал бўлмаган. Аммо фарзанддек бебаҳо неъматни ато қилгани учун Аллоҳга чин қалбдан шукрона айтадиган инсон яна шу қудратли Зот Аллоҳнинг мадади билан машаққатларни енгади. Сизга ҳам Унинг Ўзидан ёрдам, фарзандларингизга бахту саодат, болаларнинг отасига ҳам ҳидоят тилаймиз.
Ҳар бир юртнинг ҳам ижобий, ҳам салбий жиҳатлари бор. Жумладан, Европа мамлакатларининг шароитлари ҳам ўзига хос. Аммо инсон қайси жамиятда яшамасин, ўз дини ва урф одатларини сақлаш учун қўлидан келганича ҳаракат қилмоғи, иложини қила олмаган ўринларда атрофидаги одамлардан сизга ўхшаб ёрдам ва маслаҳат сўрамоғи лозим.
Ислом динимиз бола тарбиясига ниҳоятда муҳим амал сифатида қарайди ва бу вазифани ота-она зиммасига баробар жиддий масъулият сифатида юклайди.
Агар ота-она бир-биридан ажраладиган бўлса, болалар ким билан бўлиши керак, деган савол туғилганда қуйидаги масалалар кўндаланг бўлади.
Бола – бошқарувга муҳтож
Ислом фиқҳида ўз–ўзини идора қила олмайдиган одамларни ўз қарамоғига олишни «вилоят» (الْوِلاَيَة) ёки «валийлик», деб аталади.
وَالْوِلاَيَةُ اصْطِلاَحًا : … تَشْمَل قِيَامَ شَخْصٍ كَبِيرٍ رَاشِدٍ عَلَى شَخْصٍ قَاصِرٍ فِي تَدْبِيرِ شُؤُونِهِ الشَّخْصِيَّةِ وَالْمَالِيَّةِ . الموسوعة الفقهية الكويتية – 45 / 135(
«Вилоят истилоҳда … ҳақда мустаҳкам болиғ инсоннинг шахсий ва молиявий ишларда қосир шахс устидан бошқарувини назарда тутади». (Ал-Мавсуа 45/135).
Болалар ҳам то балоғат ёшига етгунларига қадар ўзларидан бошқанинг вилоятига муҳтож бўладиган инсонлар қаторида турадилар.
Боланинг катталар қарамоғида бўлиш даври икки қисмга бўлинади. Биринчиси боланинг «тамйиз» ёшигача бўлган даври. Тамйиз ёши кўпинча 7 ёш, деб эътибор қилинади. Иккинчи қисм – тамйиз ёшидан то балоғат ёшига етгунча ўтадиган давр.
Вилоятнинг биринчи палласини «ҳазонат» (الْحَضَانَةُ), деб, иккинчи палласини «кафолат» (الْكَفَالَة), деб ҳам айтилади. Ҳазонат ҳуқуқи асосан аёлларда, кафолат ҳуқуқи кўпроқ эркакларда бўлади. Фиқҳ китобларида ҳазонат ва кафолатга тегишли қоидалар, бу икки вазифани ўз зиммасига оладиган шахсда топилиши лозим бўлган шартлар батафсил зикр қилинган.
Бола тарбиясига лойиқ бўлишнинг шартлари
مَا يُشْتَرَطُ فِيمَنْ يَسْتَحِقُّ الْحَضَانَةَ :
…
1 – الإْسْلاَمُ . وَذَلِكَ إِذَا كَانَ الْمَحْضُونُ مُسْلِمًا ، إِذْ لاَ وِلاَيَةَ لِلْكَافِرِ عَلَى الْمُسْلِمِ ، وَلِلْخَشْيَةِ عَلَى الْمَحْضُونِ مِنَ الْفِتْنَةِ فِي دِينِهِ …
أَنْ يَأْلَفَ الْكُفْرَ فَإِِنَّهُ حِينَئِذٍ يَنْزِعُ مِنْهَا وَيُضَمُّ إِِلَى أُنَاسٍ مِنَ الْمُسْلِمِينَ ، لَكِنْ عِنْدَ الْمَالِكِيَّةِ إِنْ خِيفَ عَلَيْهِ فَلاَ يَنْزِعُ مِنْهَا ، وَإِِنَّمَا تُضَمُّ الْحَاضِنَةُ لِجِيرَانٍ مُسْلِمِينَ لِيَكُونُوا رُقَبَاءَ عَلَيْهَا.
2 – الْبُلُوغُ وَالْعَقْل ، فَلاَ تَثْبُتُ الْحَضَانَةُ لِطِفْلٍ وَلاَ لِمَجْنُونٍ ، أَوْ مَعْتُوهٍ ، لأَِنَّ هَؤُلاَءِ عَاجِزُونَ عَنْ إِدَارَةِ أُمُورِهِمْ وَفِي حَاجَةٍ لِمَنْ يَحْضُنُهُمْ ، فَلاَ تُوكَل إِلَيْهِمْ حَضَانَةُ غَيْرِهِمْ ، وَهَذَا بِاتِّفَاقٍ فِي الْجُمْلَةِ حَيْثُ إِنَّ لِلْمَالِكِيَّةِ تَفْصِيلاً فِي شَرْطِ الْبُلُوغِ.
3 – الأَْمَانَةُ فِي الدِّينِ ، فَلاَ حَضَانَةَ لِفَاسِقٍ ، لأَِنَّ الْفَاسِقَ لاَ يُؤْتَمَنُ ، وَالْمُرَادُ : الْفِسْقُ الَّذِي يَضِيعُ الْمَحْضُونُ بِهِ ، كَالاِشْتِهَارِ بِالشُّرْبِ ، وَالسَّرِقَةِ ، وَالزِّنَى وَاللَّهْوِ الْمُحَرَّمِ…
4 – الْقُدْرَةُ عَلَى الْقِيَامِ بِشَأْنِ الْمَحْضُونِ ، فَلاَ حَضَانَةَ لِمَنْ كَانَ عَاجِزًا عَنْ ذَلِكَ لِكِبَرِ سِنٍّ ، أَوْ مَرَضٍ يَعُوقُ عَنْ ذَلِكَ ، أَوْ عَاهَةٍ كَالْعَمَى وَالْخَرَسِ وَالصَّمَمِ ، أَوْ كَانَتِ الْحَاضِنَةُ تَخْرُجُ كَثِيرًا لِعَمَلٍ أَوْ غَيْرِهِ وَتَتْرُكُ الْوَلَدَ ضَائِعًا ، فَكُل هَؤُلاَءِ لاَ حَضَانَةَ لَهُمْ إِلاَّ إِذَا كَانَ لَدَيْهِمْ مَنْ يُعْنَى بِالْمَحْضُونِ ، وَيَقُومُ عَلَى شُؤُونِهِ ، فَحِينَئِذٍ لاَ تَسْقُطُ حَضَانَتُهُمْ… الموسوعة الفقهية الكويتية – 17 / 306-305(
Бола тарбия қилиш ҳаққига лойиқ инсонда топилиши лозим бўлган шартлар: …
1. Ислом. Бу шарт тарбия қилинувчи мусулмон бўлган ҳолатга тегишлидир. Чунки кофир учун мусулмоннинг устидан валийлик йўқ ва тарбия қилинувчини динидан чалғитиш фитнасидан сақлаш лозим…
2. Балоғат ва ақл. Гўдак, ақли ожиз ва ногирон кимсалар тарбиячи бўла олмайдилар. Чунки бу инсонлар ўз ишларини идора қилишдан ожиздирлар ва ўзлари тарбия қилувчига муҳтождирлар. Шундай экан, уларга бошқа бировни тарбия қилиш иши юклатилмайди…
3. Динда омонатдорлик. Демак, фосиқ кимсада тарбиячилик ҳаққи йўқ. Чунки фосиқ ишончсиз одамдир. Фисқ, деганда тарбия қилинадиган бола қаровсиз қолишига сабаб бўладиган ишлар тушунилади. Масалан, арақхўрлик, ўғирлик, зино ва ҳаром ўйин-кулгу билан танилиш каби ишлар…
4. Болага қараш учун қурби етиш. Масалан, қартайиб қолганлик, кўзи ожизлик, тилсизлик, қулоғи эшитмаслик каби ишга халақит берадиган ҳолатдаги одамда тарбиячилик ҳуқуқи бўлмайди. Ёки иш ва бошқа сабаблар билан уйда кўп бўлмайдиган, болани қаровсиз ташлаб қўядиган одам ҳам – агар болага қарашда ўзининг ўрнини босадиган одами бўлмаса, – валийликка ярамайди. Агар ўзининг ўрнига болани боқиб ўтирадиган одами бўлса, валийлиги сақланади…. (Ал–Мавсуа – 17/305–306).
Қомусда яна бундан ташқари тарбиячининг «рушд»да бўлиши, бола балоғат ёшига яқинлашиб қолган бола бўлса, уни бузғунчиликлардан сақлай олиши ҳам шарт қилинган.
«Рушд» деган сифатнинг таърифида бундай дейилган:
الرُّشْدُ فِي اللُّغَةِ : الصَّلاَحُ وَإِصَابَةُ الصَّوَابِ وَالاِسْتِقَامَةُ عَلَى طَرِيقِ الْحَقِّ مَعَ تَصَلُّبٍ فِيهِ ، وَهُوَ خِلاَفُ الْغَيِّ وَالضَّلاَل الموسوعة )الفقهية الكويتية – 22 / 212(
«Рушд луғатда салоҳ, тўғриликка эришиш ва ҳақ йўл устида мустаҳкам туришни англатади. Рушд адашиш ва залолатнинг зиддидир». (Ал-Мавсуа – 22/212).
Юқоридаги қоидалардан келиб чиққан ҳолда айтиш лозимки, Исломда бола тарбиясини хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, Қуръон буюрган ишларга қарши турадиган, ҳаром ва гуноҳ ишларга ташвиқ қиладиган инсонга топшириш мумкин эмас.
Эркинлик ва демократияни мусулмонларга қарши қурол қилиб ишлатмоқчи бўлган одам адашади. Қонунлар сиз каби мусулмон она учун фарзандингизни ўз динингиз кўрсатмалари асосида тарбия қилиш ҳуқуқини кафолатлайди.
Аллоҳ таолодан ҳақ йўлда бўлганларга нусрат ва мадад тилаймиз.