Турмуш ўртоғи ҳижрат қилган аёл талоқ сўраши мумкинми?

Бўлимлар: 19. Талоқ

Савол: Менинг турмуш ўртоғим динини олиб, ҳижрат қилиб кетган. Мен у билан хабарлашиб тураман, лекин бир ўзим қийналиб кетдим. Сиздан маслаҳат сўрамоқчиман, улардан талоқ сўрасам бўладими? Аллоҳга осий бўлмайманми? Илтимос, Аллоҳ учун жавоб берсангиз. Олдиндан раҳмат.

Муҳсина.

Жавоб: Аллоҳ таоло сизга ва турмуш ўртоғингизга муаммоларингизнинг чиройли ҳал бўлишини насиб этсин.

Дарҳақиқат, Ислом душманларининг зулми туфайли жуда кўп оилалар сизлар каби айрилиқ азобини тортишга маҳкум этилганлар. Минглаб йигитлар – қамоқларда, минглаб инсонлар  – муҳожирлик юртларида, яна минглаб мусулмонларнинг тақдирлари номаълум. Ноҳақлик қурбони бўлганларга, ўз ватанидан, оиласидан узоқларга кетишга мажбур қилинганларга Аллоҳ таоло ажр ва савоблар ато этади, деб умид қиламиз. Аммо бунинг шарти ҳалоллик ва тақво билан ҳаёт кечириш, мусибатга чиройли сабр қилиш, ҳақ учун курашга ўз ҳиссасини қўшишга интилишдан иборатдир.

Саволда сўралган масала фиқҳ китобларида эркакнинг ғойиб бўлиши сабабли никоҳни бузиш, деб номланган. Фиқҳий қомусда аввало ғойибнинг таърифи келтирилган:

 الْغَائِبُ هُوَ : مَنْ غَادَرَ مَكَانَهُ لِسَفَرٍ وَلَمْ يَعُدْ إِلَيْهِ ، وَحَيَاتُهُ مَعْلُومَةٌ… (الموسوعة الفقهية الكويتية – 29 / 62).

«Ғойиб ўз юртидан сафар қилиб кетган ва уйига қайтмаган одам бўлиб, унинг тирик экани маълум…» (Ал-Мавсуа – 29/62).

Сўнг Қомусда ғойибнинг аёли агар ажралишни талаб қилса, бунга қандай жавоб қилиниши ҳақида ёзилади. Унда қадимги Ислом фуқаҳоларининг фикрлари келтирилади.

Ҳанафий фуқаҳолар ижтиҳодига кўра, агар эр сафарда ҳар қанча узоқ қолиб кетса ҳам аёл ажралишни талаб қилиши мумкин эмас.

Ҳанбалийларнинг иккинчи қавлида агар эркак ўз аёлидан узрсиз равишда 6 ойдан ортиқ узоқда қолиб кетса, аёл бундан зарар кўраётган бўлса, ажралишни талаб қилиш ҳаққига эга. Бу қавлга Умар разияллоҳу анҳу жиҳодда юрганлар учун 6 ой муддат белгилаганларини ҳужжат қилишган. Бунда инсон 1 ой йўл юриб етиб боради, 4 ой жиҳодда юради, сўнг орқага қайтиши учун яна 1 ой кетади, жаъми 6 ой бўлади, деб ҳисоб қилинган.

Моликийлар эса узоққа кетиш хоҳ узрли бўлсин, хоҳ узрсиз бўлсин, агар 1 йилдан ошса, аёл киши ажралишни талаб қилиши мумкин, дейишади.

Биз сизнинг ҳолатингизни аниқ тасаввур қила олмаймиз. Бинобарин, бу қавлларнинг қайси бири сизга кўпроқ тўғри келишини ҳам айта олмаймиз. Энг тўғри йўл – сиз ўзингиз турган шаҳар ёки мамлакатдаги исломий ташкилот раҳбарига учраб вазиятингизни тушунтирасиз. Сўнг уларнинг тавсияларига риоя қиласиз.

Аммо сиз бундан аввал турмуш ўртоғингиз билан фикр алмашишингиз, унга ўз ҳолатингизни тушунтиришингиз, унинг сўзини эшитишингиз лозим. Эҳтимол у сизни олиб кетиш учун ҳаракат қилаётгандир.

Шу билан бир қаторда бундай вазиятда аёл киши албатта агар ҳаёт бўлсалар, ота-она, қайнота-қайнона ва бошқа яқин қариндошлар билан маслаҳатлашиб, уларнинг ёрдамида иш тутади.   

Сизларга Аллоҳдан мадад сўраймиз.