Сил касаллиги ҳақида Исломда нима дейилган?

Бўлимлар: 23. Тиббиёт

Савол: Аёлим сил касаллигига йўлиққан. Ўпкада оғир шикастлик бор, тинимсиз йўтал келади. Дўхтирлар ҳозирда бу касалликнинг олдини олишда заифлик қилмоқдалар. Биз мусулмонлар зарарни ҳам, фойдани ҳам Аллоҳдан деб биламиз. Бундай касалликнинг олдини олишда нимага эътибор беришимиз керак? Ҳамда Шариатда буни муолажа қиладиган баёнотлар келганми тиб китобларда? Шу гапларимга холис назарингизни солиб, тезроқ ечимини топишликда ёрдам беринг. Аёлимнинг аҳволи оғирлашиб қон қусмоқда. Устоз сиздан илтимос. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ. Олдиндан раҳмат.

Аҳмад.

Жавоб: Аллоҳ таоло синглимизга шифои комил ато қилсин. У кишига даво излаб, ҳаракат қилаётган экансиз, сизга ҳам Аллоҳ ажрлар берсин ва Ўз ёрдамни насиб этсин. Шифо берадиган Зот – Аллоҳ. Сиз билан биз эса Унинг Ўзига таваккул қилганимиз ҳолда сабабларини қидиришга буюрилганмиз. Зеро, Аллоҳ нима касаллик яратган бўлса, унинг давосини ҳам яратган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:

 » مَا أَنْزَلَ اللَّهُ دَاءً إِلَّا أَنْزَلَ لَهُ شِفَاءً «. (صحيح البخاري – 14 / 297).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Аллоҳ нимаики касаллик тушурган бўлса, унга шифо ҳам тушурган». (Саҳиҳ-ул-Бухорий – 14/297)

Маълумки, сил касаллиги қадимдан маълум бўлган ва инсоният бу касалликка қарши доимий суратда курашиб келади. Ҳадисда бу касаллик туфайли мусибат кўрган одамга бериладиган ажрлар ҳақида гапирилган. 

Ҳозирда сил касаллиги дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам, камбағал мамлакатларида ҳам турли сабабларга кўра давом этиб келади.

Ислом шариатида ҳар қандай касалликни ўзининг мутахассисига кўрсатиш тавсия қилинади. Шунинг учун аёлингизни даволашда доимо тажрибали ва ҳалол врачлар маслаҳати билан иш юритишингиз зарур. Шу билан бир қаторда ўзингиз ҳам шу мавзудаги мақолалар ва асарлар билан танишиб боришингиз фойдали бўлади. Беморнинг яқинлари касаллик ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлсалар, врачнинг кўрсатмасига тўғри амал қилишлари осон бўлади ва беморнинг тезроқ тузалишига ўз ҳиссаларини қўшадилар, иншоаллоҳ.

Интернетда, жумладан, Википедияда сил касаллиги ҳақида ҳар хил тилларда жуда кўп маълумотлар бор. (Бу касалликнинг номи: рус тилида – туберкулёз, араб тилида – السل).

Исламвеб саҳифасида 31599 рақамли фатвода сил касаллиги ва унинг давоси ҳақида уламолардан шайх Алавийнинг «Рушдул-ғофил», деган асари борлиги ҳақида айтиб ўтилган. Интернетдан шу китобни қидириб кўрсангиз, топа олсангиз керак.

Аллоҳдан барча мўмин беморларнинг дуоларини қабул этишини ва уларга шифо ато айлашини сўраймиз.