Жанжал ва талоқнинг илдизи қаерда?

Савол:

Бир киши кечаси билан тинмай йиғлаётган боласини  тинчлантира олмаётган хотинини  асабийлашган ҳолда урса, хотини «мендами айб?» деб гап қайтарса эри унга  талоқ бериб қўйса, нима қилиш керак? Хотини болани бошқа хонага олиб чиқай деса, у ерда қайнонаси касал бўлиб ётган. Бу вазиятни ислоҳ этишнинг йўли борми? Аллоҳ рози бўлсин.

(Озодбек).

Жавоб:

«Аллоҳул Мустаан».

Агар воқеа ҳақиқатдан ҳам саволда баён қилингандек бўлса, у ҳолда cиз таърифлаётган инсон ёшлигидан Ислом, иймон ва ахлоқ тарбиясини кўрмай ўсган эркак бўлади. Бола йиғлагани учун аёлини урган бўлса, яна бошқа куни бола тинчимаса, болани ҳам уриб майиб қилмаслигига ким кафолат беради?!

Бу золим эркак Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба қилиши вожиб. Атрофдаги ақлли одамлар, ёши катта инсонлар бу эр ва аёлни инсофга чақиришлари ва келиштириб қўйишлари керак. Бу оилани илм аҳлларидан бирининг олдига олиб бориб, насиҳат қилиниши, сўнг яраштириб қўйилиши фойдали бўлади, валлоҳу аълам.

Бундай одамлар маънавий ёрдамга муҳтож инсонлар қаторида турадилар. Уларнинг аҳволидан бехабар қолиш оқил инсонлар учун гуноҳ бўлади.

* * *

  • Оилавий жанжаллар илдизи;
  • Ота-она ва бола тарбияси;
  • Эмиздириш кимнинг вазифаси?

* * *

Оилавий жанжаллар илдизи

Афсуски айрим оилаларда тез-тез келишмовчилик ва жанжаллар содир бўлади. Одамларнинг бир гуруҳи табиатида муаммоларни илм, ақл ва муомала билан ҳал қилиш қобилияти шаклланмаган. Айрим жоҳил кишилар ёки аёллар низоли масалаларни яккаҳокимлик билан ё эса талашиб-тортишиш, ғазабланиш ва куч ишлатиш билан ҳал қилинади, деган зўравонлик тушунчаси билан яшайди.

Юқоридаги иллатнинг илдизи оилада исломий тарбиянинг йўқлиги ва мактабларда таълим сифатининг ёмонлиги билан изоҳланади. Бу икки муҳим тарбия ўчоғи ўз вазифасини бажариши учун лозим бўлган шароитлар давлат томонидан бўғиб ташланган. Давлат сиёсатининг халқ манфаатларига мутлақо тескари ва душманлик руҳида олиб борилаётгани энг катта мусибатдир. Давлат арбобларининг биттаю-битта биладигани, 20 йилдан бери қўллаб келаётган услуби ҳам фақат зўравонлик ва зулмдан иборат.

Тўғри тарбиядан маҳрум этилган одам ўзига Аллоҳ берган фарзанд ва зурриётларни ҳам тарбия қилишни билмайди. Бундай инсон ахлоқсиз болаларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Халқнинг бошига ҳам кўп кулфатлар солади.

Аллоҳдан ундай кимсаларга ҳам иймон, ҳидоят, инсоф, илм ва ақл-фаросат ато қилишини сўраймиз. Ҳақиқатни тушунган инсонларни эса бу ишларга бепарво бўлмасликка ундаймиз.

Отана ва бола тарбияси

Олимларнинг кузатувларига кўра, боладаги хислат ёки иллатлар, жумладан, унинг хулқи туғма ва «касбий» бўлади.

Туғмаси отадан ва онадан ўтади.

«Касбий»си таълим ва тарбия воситасида ҳосил қилинади.

Агар ота-она ўз фарзандини яхши инсон бўлишини истаса, аввало ўзини тузатиши керак. Ўзини ислоҳ қила олса, нафсини жиловлаб, Аллоҳ ва Расулнинг йўллларига юришга кўнса, иншоаллоҳ унинг оиласидан жамиятга кўп фойдаси тегадиган олижаноб инсонлар етишиб чиқадилар.

Оилада бола тарбияси учун ота ва она баробар жавобгар бўлади. Фарзанднинг яхши тарбия топиши учун ота ҳам, она ҳам ҳусни хулқли, сабр-бардошли ақлли ва озгина бўлса ҳам илмли, маърифатли бўлишлари талаб қилинади.

Боланинг бахти – ота-онанинг бахти. Шундай экан, бу бахтга ота-онанинг теппа-тенг меҳнати ва машаққати билан эришилади. Уйқу ва роҳатга ўч бўлган, нафсини енга олмайдиган ота ёки онанинг қарамоғида яшаётган бола яхши инсон бўлиб ўсиши қийин. Ўзининг тор манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган баднафс ота-она ўзи учун ҳам, бола учун ҳам золимдир. Жаҳолат, ғазаб, баджаҳллик, юраги торлик ва баднафслик фақат ёмонлик ва зулмни олиб келади.

Аллоҳ барча ота-оналарга инсоф, ақл-заковат, меҳнаткашлик, ғайрат, сабр-тоқат ва кенг юраклик ато қилсин.

Эмиздириш кимнинг вазифаси?

Оилада аёлига зўравонлик қиладиган эркаклар учун яна бир масалани эслатиш ўринли бўлар эди.

Болани эмиздириш кимнинг вазифаси, отанингми ёки онанингми, деган масалада фуқаҳолар ўрталарида икки хил фикр мавжуд. Кўплаб уламолар (шофеийлар, ҳанбалийлар) болани эмизиш онага вожиб эмас, балки энага топиб эмиздириш отанинг вазифасидир, дейишган. Ҳанафийлар бу иш онанинг вазифаси, дейишади. Моликийларда эса урфга қаралади, дейилади. Уларга кўра, агар бу каби тоифадаги аёллар бола эмизмаслиги урф бўлган бўлса, бу ҳам эмизиши вожиб бўлмайди, эмизиш урф бўлса, бу аёл ҳам эмизиши лозим бўлади.

Бу ижтиҳодларнинг ҳаммаси албатта Қуръон оятларига асосланган. Аллоҳ таоло айтади:

{ فَإِنْ أَرْضَعْنَ لَكُمْ فَآتُوهُنَّ أُجُورَهُنَّ } (الطلاق / 6)

«Агар улар сизлар учун (болани) эмизсалар, бас уларга хизмат ҳақларини беринглар». (Талоқ/6).

Шофеий ва ҳанбалийлар шу оятга кўра аёл киши болани эмизгани учун эридан ҳақ талаб қилса, ўринлидир, дейишади. Аммо ҳанафийлар бу оят талоқдан сўнгги ҳолатга тегишли дейишади.

وَقَال الْحَنَفِيَّةُ : إِنْ كَانَتْ فِي عِصْمَةِ الأَْبِ أَوْ فِي عِدَّتِهِ فَلَيْسَ لَهَا طَلَبُ الأُْجْرَةِ ، لأَِنَّ اللَّهَ تَعَالَى أَوْجَبَ عَلَيْهَا الرَّضَاعَ دِيَانَةً مُقَيَّدًا بِإِيجَابِ رِزْقِهَا عَلَى الأَْبِ بِقَوْلِهِ تَعَالَى : { وَعَلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ } (سورة البقرة / 233) ، وَهُوَ قَائِمٌ بِرِزْقِهَا حَالَةَ بَقَائِهَا فِي عِصْمَتِهِ أَوْ فِي عِدَّتِهِ ، بِخِلاَفِ مَنْ لَمْ تَكُنْ فِي عِصْمَتِهِ وَلاَ فِي عِدَّتِهِ ، فَتَقُومُ الأُْجْرَةُ مَقَامَ الرِّزْقِ ؛ وَلأَِنَّ إِلْزَامَ الْبَائِنِ بِالإِْرْضَاعِ مَجَّانًا مَعَ انْقِطَاعِ نَفَقَتِهَا عَنِ الأَْبِ مُضَارَّةٌ لَهَا ، فَسَاغَ لَهَا أَخْذُ الأُْجْرَةِ بِالرَّضَاعِ بَعْدَ الْبَيْنُونَةِ . (الموسوعة الفقهية الكويتية – (22 / 240-241).

«Ҳанафийлар дедилар: Агар аёл эрнинг никоҳида ёки иддасида бўлса, эмизиш ҳаққини талаб қилиш мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло бола эмизишни унинг зиммасига диёнат юзасидан вожиб қилган. Аллоҳ аёлнинг нафақасини бериб туришни эса отага буюрган: «Аёлларнинг озуқа ва кийим-кечаклари туғилган гўдак уники бўлган шахснинг зиммасидадир». (Бақара/233). Эркак киши аёли ўзининг никоҳида турган ёки иддасида бўлган ҳолатида таъминотини адо этади. Аммо никоҳида ҳам, иддасида ҳам бўлмаса, шунда эмизиш ҳаққи таъминот ўрнига ўтади…» (Фиқҳий қомус – 22/240-241).

Бу мавзуни тилга олишдан мурод Ислом дини чақалоқ парваришини баъзи эркаклар ўйлаганидек фақат аёлнинг зиммасидаги вазифа қилиб қўймаганини эслатишдир. Ҳозирда айрим мамлакатлар қонунларида уйда чақалоққа қарашни ота-онага баробар мажбурий қилиб қўйилгани ҳам одамнинг эътиборини тортади.

Шундай экан, бола йиғлагани учун кимдир жавоб бериши керак бўлса, шу жавобгарнинг биттаси ота ҳамдир.

Барчамизга Исломни тўғри тушуниб, тўлиқ амал қилиш насиб бўлишини тилаймиз. Аллоҳга ҳамдлар, Расулуллоҳга салом ва салавотлар йўллаймиз.

Шайх Обидхон қори, Швеция
1432 ҳ. 21 рабиус-соний (2011 м. 26 март)

Алоқадор мавзулар:

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi