Ан-Найм китобини эгаларининг розилигисиз кўпайтириш мумкинми?
Савол: Биз ўзбек талабаларидан аҳли илмларга бир муҳим савол бор. Сизларга маълум бўлса керак, Арабча-ўзбекча луғат бор, номи Ан-найм. Бу китобга ўхшаш бошқа луғат китоб бўлмагани учун унинг нархи жудда қиммат, яъни 50000 сўм, уни ҳамма ҳам ололмаяпти. Шундай бўлса ҳам, бу китоб кам ададда нашр қилинади ва бозорда тез сотилиб кетади. Толиби илмлар китоб қайта нашр қилинишини анча вақт кутиб қолишади. Авваллари китобнинг сифати яхши бўлар эди. Баъзи одамлар унинг нусхасини олиб кўпайтириб юборишди. Бундан хабар топган китобнинг эгалари бу ишни қилган одамларни топиб, «бошқа бу ишни қилмайдиган» қилишди шекилли, бу китоб яна китоб расталарида кўринмай қолди. Кейинчалик китобнинг эгалари китобнинг сифатини ёмонлаштириб, яъни сўзларни хиралаштириб, нусха олиб бўлмайдиган қилиб нашр қилишди.
Кейин менга бу китобни программалаштириш фикри келди. Ҳозирги кунда бу китобнинг ҳамма сўзларини компъютерга ёзиб, тартиблаб чиқсак Арабча-ўзбекча, ўзбекча-арабча луғат ҳосил бўлади ва бу программадан ҳамма бепул фойдаланиши мумкин бўлади. Топилиши қийин, сифати ёмон, нархи қиммат бўлган бу китобга эҳтиёж камаяди. Шунинг учун бўлса керак, китоб эгалари бунга рози бўлишмаяпти. Уларни кўндириб бўлмади. Шу ҳолатда китобни уларнинг розилигисиз программалаштириб, тарқатсам тўғри бўладими? Илтимос, масалани ечишда ёрдам берсангиз.
Абдуллоҳ ибн Умар.
Жавоб: Аллоҳ таоло сизга ва барча илм толибларига кенг имкониятлар йўлини очсин. Сизнинг иймон ва ҳиммат аломати бўлган хатингизни ўқиб, хурсанд бўлдик.
Сиз сўраган масалада бир неча аҳамиятли нуқталар бор.
Биринчиси – мусулмон халқ, айниқса илм толиблари ўта муҳтож бўлиб турган китобни кенг тарқатмаслик, чоп эттирмаслик, унинг ўқилишини қасддан қийинлаштириш гуноҳи кабира ва жиноятдир. Бу иш ўзбек ҳукуматининг мусулмонларга қарши душманлик сиёсати билан боғлиқ эканига шубҳа қилмаймиз. Мазкур китоб Ўзбекистон махфий хизматларининг назорати остида туради. Уни чоп эттириш муаллифларнинг ихтиёрида эмас, деб ўйлаймиз.
Масаланинг иккинчи жиҳати шуки, Исломда муаллифлик ҳуқуқи ҳимоя остига олинган. Бировнинг қўл ёки ақлий меҳнати унинг мулкидир. Китоб таълиф этиш ҳам шу қаторга киради. Китоб эгасининг рухсатисиз уни ўзгартириш, кўпайтириш, сотиш мумкин эмас. Аммо шахсий тарзда фойдаланиш учун ундан нусха кўчириш жоиз.
* * *
- Яхшилик адл ва эҳсон орасида;
- Муаллифлик ҳуқуқига тажовуз қилиш мумкин эмас;
- Шахсий тарзда фойдаланиш учун нусха кўчириш жоиз;
- Муаллифлик ҳуқуқи ҳақида икки хил ижтиҳод;
- Илмни «ҳибс қилиш» гуноҳи кабирадир;
- Бировнинг меҳнати маҳсулини бошқалар эгалламасин.
* * *
Яхшилик адл ва эҳсон орасида
Ислом ривож топиши, илм тараққий этиши, фуқаролар ҳаёти фаровонлашиши учун инсонлар орасида ўз меҳнатини Аллоҳ учун халққа холис бағишлайдиган одамлар бўлиши зарур. Агар ҳамма ўзининг барча хизматини фақат моддий тўлов муқобилида тақдим этадиган бўлса, эҳсон қадрияти йўқолса, бу ҳолат нафс ва ёвузлик устун келиб, яхшилик ортга чекинаётганини кўрсатади. Инсоний жамият адолат билан ҳимояланади, эҳсон билан гуллаб-яшнайди. Агар ҳаётда фақат адлнинг ўзи бўлиб, эҳсон унутилганда ривожланиш бўлмаган, дунё аллақачон тугаб битган бўлур эди. Бугун Ўзбекистон каби мусибатлар ботқоғида қолиб кетган ўлкаларнинг муаммоси давлат ва жамият ҳаётига таъсир ўтказадиган кучларда эҳсон ва одамийликнинг йўқлигидадир.
(/?p=633)
(/?p=636)
Агар жамиятни бошқараётган доираларда эҳсон хислати бўлганда юқоридаги саволлар ҳам туғилмаган бўлар эди. Афсуски ҳозир Ўзбекистон ҳукуматида халққа нисбатан бахиллик, юлғичлик ва ичи қоралик сиёсати давом этмоқда.
Биз эҳсон ҳақида гапирар эканмиз, албатта адлни ҳам тилга оламиз. Адл ҳар бир ишнинг баҳосини тўғри аниқлаш, ҳар бир инсоннинг ҳаққини эътироф этиш ва ўзига етказишдир. Шунинг учун Ан-Найм Арабча-Ўзбекча луғат китобини қайта чоп этиш, кўпайтириб тарқатиш қанчалар зарур иш эканига қарамасдан бу иш китоб муаллифларининг ҳаққи эканини тан оламиз. Муаллифлик ҳуқуқи шуни тақозо қилади.
Муаллифларга яхши ва зарур ишлар сари Аллоҳдан ҳидоят ва тавфиқ тилаймиз.
Муаллифлик ҳуқуқига тажовуз қилиш мумкин эмас
Исламвеб саҳифасида эълон қилинган фатвода Ислом Фиқҳи Академиясининг 1405 ҳижрий йилда маънавий ҳуқуқлар ҳақида чиқарган қарори келтирилган. Унда жумладан бундай дейилади:
ثالثا: حقوق التأليف والاختراع، أو الابتكار مصونة شرعا, ولأصحابها حق التصرف فيها, ولا يجوز الاعتداء عليها. هـ.
«Учинчидан. Муаллифлик, ихтирочилик ва кашфиётчилик хуқуқи Шариатда ҳимоялангандир. Бу янгиликларни қандай тасарруф этиш уларнинг эгаларининг ҳаққи бўлиб, унга тажовуз қилиш мумкин эмас».
(http://islamweb.net/ver2/Fatwa/ShowFatwa.php?lang=A&Id=151427&Option=FatwaId)
Шахсий тарзда фойдаланиш учун нусха кўчириш жоиз
Ислом таълимотларида муаллифлик ҳуқуқини ҳимоялаш билан бир қаторда Аллоҳнинг илҳоми ва тавфиқи билан юзага келган асарлар асли халқ учун экани, уни халойиқдан тўсиш керак эмаслиги айтилади. Шунинг учун уламолар толиби илмларнинг ўзлари муҳтож бўлган китоб ва программалардан якка тартибда фойдаланиш учун нусха кўчиришларини жоиз, деб айтишган.
لكن من أهل العلم من قال إنه إذا احتاج المرء إلى نسخ الكتب، أو البرامج لعدم وجود النسخة الأصلية، أو عجزه عن شرائها ونحو ذلك جاز له نسخها للنفع الشخصي فقط بشرط أن لا يتخذ ذلك وسيلة للكسب، أو التجارة, ولا بد من الاقتصار هنا على قدر الحاجة, لأن الزيادة عليها بغي وعداون وهو موجب للإثم، وبالتالي فما نسخته للاستفادة الشخصية كمطالعة ونحوها نرجو أن لا يلحقك حرج بسببه، قال الشيخ محمد العثيمين: إذا أراد إنسان أن ينسخ لنفسه فقط دون أن يصيب الشركة بأذى, ثم قال الشيخ ـ رحمه الله ـ على أن هذه ثقيلة علي، لكني أرجو أن لا يكون فيها بأس.
Локин аҳли илмлардан агар инсон асл нусха мавжуд бўлмагани ёки сотиб олишдан ожизлиги туфайли китоб ёки программадан нусха олишга муҳтож бўлса, ундан фақат шахсий фойдаланиш учун, даромад ёки тижорат воситаси қилиб олмаслик шарти билан нусха кўчириш жоиз деганлар бор. Бунда эҳтиёжга ярашаси билан кифояланиш лозим. Чунки зиёдаси зулм ва ҳаддан ошишдир ва бу гуноҳга сабаб бўлади. Демак, шахсий мақсадда фойдаланиш учун, масалан, мутолаа қилиш ва ҳоказо учун нусха олган бўлсангиз, сизга бунинг сабабидан бирор зарар бўлмайди, деб умид қиламиз. Шайх Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтган: «Агар инсон ширкатга зарар етказмасдан фақат ўзи учун кўчирмоқчи бўлса, – бунга рухсат бериш мен учун қийин – аммо умид қиламанки бунда зарар йўқ».
http://islamweb.net/ver2/Fatwa/ShowFatwa.php?lang=A&Id=151427&Option=FatwaId
Муаллифлик ҳуқуқи ҳақида икки хил ижтиҳод
Исламвеб саҳифасида эълон қилинган 6080 рақамли фатвода маънавий ҳуқуқлар масаласида олимлар ўрталарида икки хил ижтиҳод бўлгани ва бунинг сабаблари зикр қилинган:
وقد اختلف العلماء في هذه المسألة: هل يجوز أخذ المؤلف للعوض على مؤلفه أم لا يجوز؟
والخلاف في هذه المسألة من أثر الخلاف بين أهل العلم في أخذ العوض على تعليم القرآن، وأمر الحلال والحرام.
«Уламолар муаллифнинг ўзи таълиф қилган асари эвазига бирор нарса олиши жоизми ёки жоиз эмасми, деган масалада ихтилоф қилишган. Бу масаладаги икки хил фикр аҳли илмлар орасида Қуръон таълими учун ҳизмат ҳақи олиш масаласидаги ихтилофдан келиб чиққан».
(http://islamweb.net/ver2/Fatwa/ShowFatwa.php?Option=FatwaId&lang=A&Id=6080)
Шундан кейин фатвода ҳар икки гуруҳнинг далиллари келтирилган.
Илмни «ҳибс қилиш» гуноҳи кабирадир
Биз қуйида муаллифлик ҳуқуқини рад этадиган олимларнинг далилларидан баъзиларини кўриб ўтамиз. Биз рад этувчиларнинг фикрига қўшилмасак ҳам улар келтираётган далиллардан хабардор бўлишимиз лозим. Бу нарса бизнинг ушбу масалага холисона ёндошишимизга ёрдам беради.
وحاصل أدلة المانعين ما يلي:
1- أنه لا يجوز التعبد بعوض، والـتأليف في العلوم الشرعية عبادة، وعليه فلا تجوز المعاوضة عليه.
2- أن حبس المؤلف لكتابه عن الطبع والتداول إلا بثمن يعد باباً من أبواب كتم العلم، وقد جاء فيه الوعيد، في قوله صلى الله عليه وسلم: «من كتم علماً يعلمه ألجم يوم القيامة بلجام من نار» رواه أبو داود والترمذي وابن ماجه.
3- أن بذله للنشر والانتفاع ـ بمعنى جعل حق الطبع لكل مسلم ـ يحقق مقصدا من مقاصد الشريعة، هو نشر العلم، وتيسيره، وتقريبه للناس.
1. Ҳақ олиш эвазига ибодат қилиш мумкин эмас. Шаръий илмлар соҳасида таълиф қилиш ибодатдир. Шунга биноан бу илмлар муқобилида ҳақ олиш жоиз эмас.
2. Муаллифнинг ўз китобини агар пул келмаса, табъ этиш ва тарқатилишидан тўсиб туриши илмни беркитиш йўлларидан бири, деб қаралади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларида қаттиқ таҳдид келган: «Кимки ўзи биладиган бир илмни яширса, у Қиёмат куни оловдан бўлган юган билан жиловланади». (Абу Довуд, Термизий, Ибни Можа).
3. Асарни нашр этиш ва ундан фойдаланиш ҳаққини ҳар бир мусулмонга бериш Шариат мақсадларидан биридир. Бу иш илмни тарқатиш, одамларга осонлаштириш ва яқинлаштиришдир». (Юқоридаги манба).
Бировнинг меҳнати маҳсулини бошқалар эгалламасин
Муаллифлик ва ихтирочилик ҳуқуқини ҳимоялаш билан ниҳоятда муҳим мақсадлар томон йўл очилган бўлади. Таълиф ва кашфиётлар улкан маънавий бойликдир. Агар бу бойликнинг қадри ва баҳоси тўғри белгиланмас, соҳибининг ҳуқуқлари ҳимоя остига олинмас экан, бу неъмат ножинс одамларнинг қўлида ўзгартирилиши, бузилиши ва барбод қилиниши ёки унинг ҳузурини инсофсиз одамлар кўриши ҳеч гап эмас.
Таълиф учун хизмат ҳақи олиш жоиз, деб билгувчиларнинг айрим далиллари билан танишамиз.
3- أن التأليف عمل يد وفكر، والرسول صلى الله عليه وسلم يقول: «من أطيب الكسب عمل الرجل بيده، وكل بيع مبرور» رواه أحمد. ويقول: «إن أطيب ما أكلتم من كسبكم، وإن أولادكم من كسبكم» رواه أصحاب السنن.
4- العمل بقاعدة: درء المفاسد مقدم على جلب المصالح. فإن المفسدة الحاصلة بترك الكتب الشرعية بلا حفظ لحق طبعها مفسدة ظاهرة في هذا الزمان، من جراء قلة أو عدم الوازع الديني، ومراقبة الله في نشر علوم الشريعة، وبثها للناس، فما لم تدرأ مفسدة شيوع حق النشر استحكم الناشرون في إفساد الكتب، وترك تصحيحها وتصويبها، وترك الاعتناء بالآيات والأحاديث ونحو ذلك، وقد يسقطون ما يسقطون جهلاً، ويزيدون ما يزيدون جهلا كذلك، والمصالح التي قد تكون مع شيوع حق النشر، لا تقدم على درء هذه المفسدة.
5- أن تجويز ذلك فيه دفع عظيم للبحث والتحقيق وترويج سوق العلم ونشره وبثه، وشحذ لهمم العلماء لنشر نتائج أفكارهم وإبداعهم، وهذا من أهم وسائل تقدم الأمة وتصحيح لنهجها. وفي المنع سلب لهذه، ووسيلة ركود للحركة العلمية في مجال التأليف والإبداع. لا سيما مع تغير الزمان والأحوال، وندرة المتبرع وشدة الحاجة، وضعف الهمم وقصورها.
6- أنهم أجازوا أخذ الأجرة على نسخ المصحف، فعن ابن عباس أنه سئل عن أجرة كتابة المصاحف فقال: لا بأس! إنما هم مصورون، وإنما يأكلون من عمل أيديهم. واختلفوا أيضا في حكم إجارة المصحف على قولين: هما وجهان لدى الحنابلة، أحدهما الجواز. فهذان ضربان من الجواز على أخذ العوض بشأن القرآن، وهو أصل العلم وأساسه، وهو واجب النشر والتعليم، أفلا يصح بعد هذا أن يقال بجواز أخذ العوض على التأليف، وقد بذل فيه ما بذل؟!.
7- أن في حماية حقوق الطبع دفعاً لتسلط الناشرين من مسلمين وكافرين عليها، حتى لا تكون جواداً رابحاً يغامرون عليه من غير أي عوض. وهل لهذا نظير في الشريعة أن يعمل الإنسان عملاً يحرم عليه عوضه، وينساب لغيره؟.
3. Таълиф қўл ва ақл амалидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Касбнинг энг покизаси инсоннинг ўз қўли билан қилган касби ва ҳар бир ҳалол савдодир». (Аҳмад)…
4. «Зарарларни даф этиш манфаатларни жалб этишдан устун туради», деган қоидага амал. Чунки шаръий китобларни чоп этиш ҳаққини ҳимоясиз ташлаб қўйиш ҳозирги замонда кўриниб турган зарардир… Нашр ҳаққининг бемалол бўлиб кетиш хавфи даф этилмас экан, ноширлар китобларни бемалол бузаверадиган ва хатоларни тўғриламайдиган бўлиб олади. Оят ва ҳадисларга эътибор бермайди. Билиб-билмай ниманидир тушуриб қолдиради ёки қўшиб юборади. Нашр этиш ҳаққини оммавий қилиб қўйишдан ҳосил бўладиган манфаатни бу айтилган зарарлардан устун қўйиб бўлмайди.
5. Муаллифлик ҳуқуқини жорий этиш тадқиқот ва изланишлар учун, илмни ривожлантириш ва тарқатиш учун улкан тарғиботдир…
6. Уламолар Мусҳафни кўчириш учун ҳақ олишни жоиз, деб айтишган. Ибн Аббосдан мусҳафлар китобати учун хизмат ҳақи олиш тўғрисида сўрашганда у киши: «Бунинг зарари йўқ, улар фақат рассомлардир. Ўз қўлларининг меҳнати билан ризқ топиб ейдилар», деганлар…
7. Нашр ҳаққини ҳимоялаш билан мусулмон ва кофирлардан бўлган ноширлар қаршисига бу ҳуқуқларни эгаллаб олишдан тўсиқ қўйилган бўлади. Токи улар учун ҳеч кимга бирор нарса тўламасдан бойлик орттириш йўли очиб берилмасин. Шариатда бир инсон меҳнат қилиб, унинг ҳаққини олишдан маҳрум этиладиган, бунинг ўрнига бошқаси фойда кўрсин учун йўл очиб бериладиган бирор иш борми?
http://islamweb.net/ver2/Fatwa/ShowFatwa.php?Option=FatwaId&lang=A&Id=6080
Хулоса сифатида айтишимиз мумкинки, толиби илмлар ўзлари сотиб олишдан ёки топишдан қийналаётган китоблардан шахсий тарзда фойдаланиш учун, моддий фойдани кўзламаслик шарти билан нусха кўчиришлари жоиз, валлоҳу аълам.
Муаллифлар учун халқ муҳтож бўлиб турган китоб ва қўлланмаларни чоп эттирмай бирор узрсиз тўсиб туриш гуноҳдир.
Асарларни муаллифнинг рухсатини олмасдан ўзгартириш, қайта ишлов бериш мумкин эмас.
Аллоҳдан барчамизни ҳақ йўлга бошлашини сўраймиз. Унинг Ўзига ҳамдлар айтамиз. Расулуллоҳга салавоту саломлар йўллаймиз.