Мактабда жумъа ўқиш жоизми?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Мен ғарб давлатларидан бирида мактабда ишлайман. Энг яқин масжид мактабдан 1км узоқда. Дарс ва танаффус вақтлари масжиддаги жумъа намоз вақтларига тўғри келмайди. Шунинг учун биз билганимизча жумъа намозини мактабда ўқиймиз. Одатда жамоатимиз ўқитувчи ва ўқувчилар билан 5-10 киши бўлади.

1. Мактабда жумъа намозини ўқийверсак бўладими?

2. Жумъа намози ва хутбанинг тартибини, унда ўқиладиган дуоларни ёзиб бера оласизми?

Бир биродар.

Жавоб: Аллоҳ таоло ибодатларингизни қабул айласин.

Агар шарт-шароитлар мавжуд бўлса, мактабда ёки ишхонада жумъа ўқиш жоиз. Аммо сизлар жумъани жомеъ масжидда ўқиш учун имконият қидиришингиз лозим. Шунда фиқҳий ихтилофлардан холи иш тутган бўласизлар ва жумъа намозидан кўзланган ҳикматларни тўлароқ қўлга киритасизлар, иншоаллоҳ.

***

  • Жумъани масжидда ўқиш афзал;
  • Омматан рухсат нима дегани?
  • Жумъа намози ҳаммани бир ерга тўплайди.

***

Жумъани масжидда ўқиш афзал

Мaълумки жумъа намози Ислом динининг улкан шиорларидан биридир. Бу ибодатга бепарво бўлиш мумкин эмас. Жумъа намозини фарзу суннатлари, шартларию мустаҳаблари билан мукаммал суратда адо этишга ҳаракат қилиш зарур. Жумъа куни мусулмонларнинг байрами. Шунинг учун жумъани масжидда ўқиган афзал бўлади.

Мусулмон ўқитувчилар ёки ишчилар дарс ва иш жадвалини тузишда жумъа ва намоз вақтларини ҳисобга оладилар. Улар бу масалада иш берувчи билан аввалдан келишишлари керак. Инсон ҳуқуқларига риоя қилинадиган мамлакатларда бунинг иложи бўлади.

Сизлар мактаб раҳбари билан келишган ҳолда жумъани масжидда адо этиш учун шароит яратишга ҳаракат қиласизлар. Қонунлар бу муаммони ечишга қаршилик қилмайди, аксинча ёрдам беради.

Жумъа ўқийдиган ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам бу масалани мактаб раҳбари билан гаплашиб ҳал қиладилар.

Омматан рухсат нима дегани?

Фуқаҳолар жумъанинг саҳиҳлик шартларини санаганларида омматан рухсат (إذْنٌ عَامّ) ва бир ерга тўпланиш  (مَنْع التَّعَدُّدِ) шартини зикр қилишган. Бу икки шарт ихтилофсиз, ҳамма бирдек иттифоқ қилган масала бўлмаса ҳам ҳар ҳолда эътиборга лойиқ ва иложи борича амал қилиш лозим бўлган қоидадир.

Омматан рухсат, дегани шуки, жумъа ўқиладиган жой, яъни жомеъ ҳамма учун баробар очиқ бўлади. У ерга кириш учун алоҳида рухсат олиш шарт қилинмайди. Бу таъриф албатта ишхоналарга эмас, масжидларга мос келади. Масжидга келган одам намоз ўқиш учун махсус рухсат сўрамайди. Аммо мактабда ўқиладиган жумъа намозига ташқаридан бирор одам келиб рухсатсиз қўшилиб кета олмайди.  

وَاشْتَرَطَ الْحَنَفِيَّةُ أَنْ تُؤَدَّى بِإِذْنٍ عَامٍّ يَسْتَلْزِمُ الاِشْتِهَارَ ، وَهُوَ يَحْصُل بِإِقَامَةِ الْجُمُعَةِ فِي مَكَان بَارِزٍ مَعْلُومٍ لِمُخْتَلَفِ فِئَاتِ النَّاسِ ، مَعَ فَتْحِ الأَْبْوَابِ لِلْقَادِمِينَ إِلَيْهِ ، قَال فِي تَنْوِيرِ الأَْبْصَارِ : فَلَوْ دَخَل أَمِيرٌ حِصْنًا أَوْ قَصْرَهُ وَأَغْلَقَ بَابَهُ ، وَصَلَّى بِأَصْحَابِهِ لَمْ تَنْعَقِدْ (تنوير الأبصار بهامش ابن عابدين 1 / 570، الموسوعة الفقهية الكويتية – (27 / 203).

«Ҳанафийлар жумъа машҳурликни тақозо қиладиган оммавий рухсат билан адо этилишини шарт қилишган. Бу шарт жумъани одамларнинг турли гуруҳлари учун маълум, кўзга ташланиб турадиган жойда, келувчиларга эшиклар очиб қўйилган ҳолда адо этиш билан амалга ошади. Танвир-ул-абсор китоби муаллифи айтганки, «Агар амир бир қалъага ёки ўзининг қасрига кириб, эшикни беркитиб, ўзининг одамлари билан жумъа ўқиса, жумъани адо этган ҳисобланмайди».(Ал-Мавсуа – 27/203).

Уламолар жумъанинг фарзлигини эълон қилган оятдаги «Эй иймон келтирган инсонлар», деган нидо калимасидан бу ибодатнинг кенг оммага ошкор қилган ҳолда ўқилиши лозимлигини хулоса қилишган.

Жумъа намози ҳаммани бир ерга тўплайди

Маълумки, жумъа жамланиш маъносини ифодалайди. Жумъа намози шаҳар аҳолисини ҳар ҳафтада бир марта бир жойга тўпланишларини назарда тутади. Мужтаҳид уламолар шу ҳикматни сақлаш учун жумъанинг саҳиҳлик шартларидан бири жумъалар сонини кўпайтирмасликдир, дейишган.

قَالُوا : لأِنَّ الْحِكْمَةَ مِنْ مَشْرُوعِيَّتِهَا هِيَ الاِجْتِمَاعُ وَالتَّلاَقِي ، وَيُنَافِيهِ التَّفَرُّقُ بِدُونِ حَاجَةٍ فِي عِدَّةِ مَسَاجِدَ ، وَلأنَّهُ لَمْ يُحْفَظْ عَنْ صَحَابِيٍّ وَلاَ تَابِعِيٍّ تَجْوِيزُ تَعَدُّدِهَا . (الموسوعة الفقهية الكويتية – 27 / 204).

«Жумъанинг жорий этилиш ҳикмати учрашув ва мулоқотдир. Заруратсиз бир неча масжидларга бўлиниш бу мақсадга зид келади. Чунки биронта саҳобий ёки тобеийдан жумъанинг сонини кўпайтириш жоизлиги ривоят қилинмаган». (Ал-Мавсуа – 27/204).

Аммо мусулмонлар сонларининг муттасил ортиши, шаҳарларнинг йириклашиб бориши бу шартнинг аҳамиятини камайтирган. Шунинг учун кўпгина уламолар бу борада кенгроқ йўл тутишга рухсат беришган.

وَالثَّانِيَةُ : يَجُوزُ فِي مَوْضِعَيْنِ إِذَا كَانَ الْمِصْرُ عَظِيمًا (مجمع الأنهر 1 / 262 ، ورد المحتار 1 / 565 ، وبدائع الصنائع 1 / 260 . الموسوعة الفقهية الكويتية – 27 / 204).

«Иккинчи риовят: агар шаҳар катта бўлса, икки ерда ўқиш жоиз бўлади». (Мажма-ул-анҳур 1/262).

Бу масалани зикр этишдан мақсад шуки, жумъа намозини расмий масжидларга иложи борича кўпроқ одамлар тўпланиб ўқишга ҳаракат қилишлари лозим. Шунда жумъадан кутиладиган ҳикматлар тўлиқроқ ҳосил бўлади, иншоаллоҳ.

Жумъа намози ва хутба хақида иншоаллоҳ кейинги суҳбатларимизда маълумот беришга ҳаракат қиламиз.