Аёлнинг кўзи ёриётган пайтда эр ҳозир бўлиши мумкинми?
Савол: Жуда кўп ўзбеклар чет элда яшашмоқда ҳозирги кунда. Диндорлари ҳам, динсизлари ҳам. Мени қизиқтирган савол, эркак киши аёлини туғруқхонага олиб борганда, аёлини кўз ёришини тўғридан-тўғри кузатиб ёки қўлини ушлаб туриш шартми? Шариатда шунга қандай ҳукм бор?
Жазакаллоҳу хойрон.
Фарруҳ.
Жавоб: Қадим замонлардан бери давом этиб келаётган одатга кўра, аёл кишининг фарзанд кўрадиган соати етган пайтда доянинг хизматидан фойдаланилади. Фиқҳ китобларида доя аёлни الْقَابِلَة деб аталган. الْقَابِلَة луғатда «қабул қилувчи» деган маънода бўлиб, истилоҳда болани туғдириб олувчи аёл тушунилади. Ислом фиқҳида дояга тегишли бир қатор ҳукмлар баён қилинган. Жумладан, туғилганлик ва она-болаликни исботлаш, боланинг тирик ёки ўлик туғилгани борасидаги шубҳани кеткизиш каби ишларда низо пайдо бўлса, доянинг сўзи сўз бўлади. Бундай ўринларда доя аёлнинг гувоҳлигини бошқаларнинг сўзидан муқаддам тутилади. Чунки аёлларга хос ишларда улар билувчироқдир.
Шариатда аёл кишининг кўзи ёриётган пайтда эрнинг ҳозир бўлиши шарт қилинмайди. Шу билан бир қаторда агар эҳтиёж туғилар экан, бундан қайтарилмайди ҳам.
Қуйида айрим мамлакатлардаги одатга кўра, эрнинг бола туғилиш пайтида аёлнинг ёнида бўлиши масаласида берилган бир фатво билан танишамиз.
Илмий тадқиқотлар ва фатволар бўйича Европа мажлисининг фатвосида бундай ёзилади:
لا مانع شرعا من حضور الزوج عملية الولادة لزوجته إن شاء ذلك ورأى في ذلك مصلحة ، كأن يسلي زوجته بالتذكير بالله والكلمة الطيبة تخفيفا عن معاناتها، أو ليرى تلك المعاناة والآلام منها فيقدر لها ذلك ، ويعرف بذلك فضل أمه عليه وما عانته من أجله ، ويحدث أولاده بذلك ليعرفهم فضل أمهم عليهم .
وهو على كل حال أمر جائز ليس هو بالواجب ولا بالمستحب ولا بالحرام ولا بالمكروه، إلا أن يترتب عليه ضرر مادي أو معنوي .
«Эркак киши агар ўзи истаса ва бирор фойда бор, деб билса, аёлининг кўзи ёриётган пайтда унинг ёнида ҳозир бўлишига шаръан монеълик йўқ. Бунда эркак масалан, аёлнинг машаққатларини бир оз енгиллатиш учун унга Аллоҳ таолони эслатишни ва ширин сўзлар билан тасалли бериб туришни кўзлаши мумкин. Ё эса аёлининг машаққатлари ва оғриқларини кўриб, уни яхшироқ қадрлашга ўрганиши, шу билан бир қаторда елкасида ўзининг онасининг ҳам қандай ҳақлари борлигини эслаши, онаси бу инсон учун қандай азоб чекканини ҳис қилиши, кейин ўз хулосаларини болаларига ҳам гапириб бериши мумкин. Шунда болалар ҳам ўзларининг устларида оналарининг қандай ҳақлари борлигини биладилар.
Бу ҳар ҳолда жоиз иш, аммо вожиб ҳам эмас, мустаҳаб ҳам эмас ёки ҳаром ҳам, макруҳ ҳам эмас. Илло агар бу ишдан бирор моддий ёки маънавий зарар келиб чиқса, ман этилиши мумкин».
http://www.onislam.net/arabic/ask-the-scholar/8255/49961-2004-08-01%2017-37-04.html