Кофир кимсанинг молини ўғирлаш мумкинми?
Савол: Биз Москвада ишлаймиз. Бу ерда баъзан сим карталарни қарзга беради. Шу пайтдан фойдаланиб, баъзи болалар гаплашиб, сим картани кўп қарздор қилиб синдириб ташлайди. «Бу дуруст эмас-ку», десак, «Бу компания кофирларники-ку, дуруст», дейди. Шунинг ҳақиқати нима? Илтимос, тезроқ жавоб берсангиз. Ҳафизакумуллоҳ.
Мансур.
Жавоб: Аллоҳ таоло ҳаммамизни тўғри ва покиза йўлга бошласин. Сиз сўраган мазмундаги саволга «Исламвеб» саҳифасида жумладан, бундай жавоб берилган:
فاعلم أن الشرع قسم الكفار إلى صنفين: محاربين ومسالمين أو معاهدين، والمسالمون أو المعاهدون قسمان: قسم له عهد دائم وهم الذين يعرفون في الإسلام بأهل الذمة.. أي لهم ذمة الله ورسوله والمسلمين. وقسم له عهد مؤقت وهم المستأمنون.
«Билгилки, Шариат кофирларни икки қисмга ажратган: уруш ҳолатидагилар (محاربون) ва тинчлик битими остидагилар (ёки сулҳда, келишув ичида яшовчилар). Тинчлик битими ичидагилар ҳам икки қисмдир. Биринчиси: доимий келишув доирасидагилар. Булар Исломда зиммийлар, деб айтилади (أهل الذمة). Зиммийларнинг ҳимояси Аллоҳ, Унинг Расули ва мусулмонларнинг зиммасида бўлади. Иккинчи қисм: муваққат келишув доирасида бўлганлар (المستأمنون)». (http://www.islamweb.net/ver2/fatwa/ShowFatwa.php?lang=A&Id=20632&Option=FatwaId) Исломда бу гуруҳларнинг ҳар бири учун алоҳида ҳукмлар мавжуд. Саволда сўралган масала муваққат келишув остида бир-биридан омонлик олганлар (المستأمنون) қисмига тўғри келади. Фиқҳий қомусда омонлик сўровчи шахс (الْمُسْتَأْمِنُ) бобида ёзилади:
وَفِي الاِصْطِلاَحِ : الْمُسْتَأْمِنُ : مَنْ يَدْخُل إِقْلِيمَ غَيْرِهِ بِأَمَانٍ مُسْلِمًا كَانَ أَمْ حَرْبِيًّا. (الموسوعة الفقهية الكويتية – (37 / 168؛ الدر المختار مع حاشية ابن عابدين 3 / 247).
«Истилоҳда «мустаъмин» бировнинг иқлимига омонлик олиб кирувчидир. Бунда кирувчи одамнинг мусулмон ёки ҳарбий (уруш ҳолатидаги кофир одам – тарж.) бўлишининг фарқи йўқ». (Ал-Мавсуа 3/247; Ад-Дуррул-мухтор 3/247).
الإمام الماوردي : وقد أجمع الفقهاء على أنه إذا دخل مسلم دار الحرب بأمان أو بموادعة حرم تعرضه لشيء من دم ومال وفرج منهم؛ إذ المسلمون على شروطهم.
ومن المعروف اليوم أن الدول لا تمنح أي راغب في دخول أراضيها تأشيرة دخول إلا بشرط أن يلتزم بدساتيرها وقوانينها العامة التي تقضي بتحريم السرقة والغش وأكل أموال الآخرين بالباطل والاعتداء وما شابه ذلك ما لم يتضمن شرطاً فاسداً فيه معصية الله.
«Мовардий айтганлар: «Фуқаҳолар ижмоъ қилишганки, агар мусулмон инсон омонлик олиб ёки келишув билан дорулҳарбга кирса, улардан бирон кимсанинг қонини тўкиши, моли ёки обрўсига тажовуз қилиши ҳаром бўлади. Чунки «Мусулмонлар ўзлари келишган шартлари устида қойимдирлар». Маълумки, бугун давлатлар ўзининг ҳудудига киришни истаган ҳар қандай одам учун кириш визасини берар экан, албатта ўзининг конституциясига ва умумий қонунларига риоя этишни шарт қилиб қўйган бўлади. Уларнинг қонунлари ўғирлик, алдамчилик ва бошқаларнинг молини ботил йўллар билан ейиш, унга тажовуз қилиш каби ишларни тақиқлайди… Бу масалада Исломнинг ҳукми шуки, агар иккинчи томон мушрик бўлса ҳам модомики Аллоҳ ҳузурида гуноҳкор бўладиган фосид шартни ўз ичига олмаса, шартга вафо қилиш вожиб бўлади». (http://www.islamweb.net/ver2/fatwa/ShowFatwa.php?lang=A&Id=20632&Option=FatwaId) Шу айтилганларга кўра, мусулмон одам кириш визасини олиб борган ва ўзи меҳмон сифатида турган мамлакатда – хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ кофир бўлсин – бировнинг молини ўғирлик ёки алдамчилик йўли билан ўзлаштириши мумкин эмас.