Намоздан сўнгги зикрлар ва уларнинг савоблари

Савол:

Мен намоздан кейин салавот айтмасдан туриб кетсам, «Ваҳҳобиймисан?» дейишяпти. Намоздан сўнг нима дейиш керак ё салавот айтиш шартми? Илтимoс, аниқлик киритиб беринг. Жазакаллоҳ.

Абдулҳамид.

Жавоб:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларида фарз намозларидан сўнг салавот айтилмайди. Аммо тасбеҳ, таҳмид ва такбир айтилади. Тасбеҳ «субҳаналлоҳ» дейиш, таҳмид «алҳамдулиллаҳ дейиш, такбир «Аллоҳу акбар», деб айтишдир.

Бу ишлар мустаҳаб амаллар бўлиб, бажарган инсон ниҳоятда улкан савобларга эришади. Гуноҳлари учун жазоланишдан халос бўлади, иншоаллоҳ. Албатта ўзининг гуноҳ ва хатолари кечирилишини орзу қиладиган, Аллоҳнинг азобидан қўрқадиган ҳар бир мусулмон бундай улуғ фурсат ва имкониятни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилади.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم: «مَنْ سَبَّحَ اللَّهَ فِى دُبُرِ كُلِّ صَلاَةٍ ثَلاَثًا وَثَلاَثِينَ وَحَمِدَ اللَّهَ ثَلاَثًا وَثَلاَثِينَ وَكَبَّرَ اللَّهَ ثَلاَثًا وَثَلاَثِينَ فَتِلْكَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَقَالَ تَمَامَ الْمِائَةِ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَىْءٍ قَدِيرٌ غُفِرَتْ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ». (رواه مسلم).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки ҳар бир намоз сўнггидан ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга такбир айтса – бу тўқсон тўққиз бўлади  – ва юзинчи ўринда «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳулмулку ва лаҳулҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қадийр», деса, унинг хатолари агар денгиз кўпиклари каби кўп бўлса ҳам кечирилади». (Муслим ривоятлари).

عن أبي أمامة قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: «من قرأ آية الكرسي في دبر كل صلاة مكتوبة لم يمنعه من دخول الجنة الا ان يموت». (رواه النسائي).

Абу Умомадан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки ҳар бир фарз намоз сўнггидан Оятулкурсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақат вафот бўлиши тўсиб туради, холос». (Муслим ривоятлари).

والمراد أن روحه تستقر فيها، أو المراد بالدخول التنعم، بمعنى أنه بمجرد موته وصل إلى تنعمه بنعيم الجنة، فإن القبر إما روضة من رياض الجنة، وإما حفرة من حفر النيران.. .

ولا شك أن من دخل الجنة نال فيها ما اشتهت نفسه من الزوجات وغيرهن.

«Бунинг маъноси: унинг (вафот этганнинг тарж.) руҳи жаннатга жойлашади ё эса киришдан мурод неъматларга чўмилишдир. Яъни, у вафот этишининг ўзи биланоқ жаннат неъматларидан баҳра олишга бошлайди. Чунки қабр ё жаннат боғларидан бир боғ ёки жаҳаннам ўраларидан бир чуқурликдир… Шубҳасиз, кимки жаннатга кирса, аёллар ва яна бошқа неъматлардан нафси нимани тиласа, шунга эришади». (www.islamweb.net)

Аллоҳ таолодан бизни Расулининг суннатларига чиройли амал қилишга, гуноҳ ва хатоларимизнинг кечирилишига муваффақ этишини сўраймиз. Барчамизни жаҳаннам азобидан халос қилиб, абадий жаннатига сазовор айласин.