Золим ёки кофирни мақтайдиган имомга иқтидо қилишнинг ҳукми

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Мен Туркияда яшайман. Жумъа намозини қилишга вақтим ҳам бор, аммо масжид имомлари тоғутга ишлайди. Аллоҳнинг шариатини қолдириб, жумҳуриятни тузган Отатуркни мақтайди. Бу имомларнинг орқасидан қандай намоз ўқийман?

Абдулазиз.

Жавоб: Аллоҳ таоло ҳаммамизни Исломни тўғри ва тўлиқ тушунишимизни, билганимизга чиройли амал қилишимизни насиб этсин.

Сиз Туркия каби мусулмон мамлакатида муқим яшар экансиз, жумъа намозини узрсиз қолдиришингиз жоиз эмас. Масжид имомининг кимнидир мақташи дарҳол унга иқтидо қилишни ҳаром қилмайди. Агар имконият бўлса, золимларни мақтамайдиган имомга иқтидо қилишингиз афзал, албатта. Бировни мақташнинг ҳукми масаласида тафсилотларга назар солиш даркор.

* * *

  • Ўринсиз мақтовнинг хатари
  • Мақтов қачон мустаҳаб бўлади?
  • Кофир ёки золимни мақташ

* * *

Ўринсиз мақтовнинг хатари

Бировни мақташ ёқимсиз иш экани ҳақида келган қуйидаги ҳадис кўпчилик мусулмонлар ўртасида машҳурдир:

عن المقداد بن الأسود قَالَ إِنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «إِذَا رَأَيْتُمُ الْمَدَّاحِينَ فَاحْثُوا فِى وُجُوهِهِمُ التُّرَابَ». (رواه مسلم)

Миқдод ибнулАсваддан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар маддоҳларни кўрсангиз, уларнинг юзига тупроқ сочингиз». (Муслим ривоятлари).

Имом Ғаззолий «Иҳёу улумид-дин» китобида мақтов туфайли келиши мумкин бўлган олти хил офатни санаб, бундай деганлар:

وَقَال الْغَزَالِيُّ : وَالْمَدْحُ تَدْخُلُهُ سِتُّ آفَاتٍ : أَرْبَعٌ فِي الْمَادِحِ ، وَاثْنَتَانِ فِي الْمَمْدُوحِ . فَأَمَّا الْمَادِحُ فَالأُْولَى : أَنَّهُ قَدْ يُفْرِطُ فَيَنْتَهِي بِهِ إِلَى الْكَذِبِ ، قَال خَالِدُ بْنُ مَعْدَانٍ : مَنْ مَدَحَ إِمَامًا أَوْ أَحَدًا بِمَا لَيْسَ فِيهِ عَلَى رُءُوسِ الأَْشْهَادِ بَعَثَهُ اللَّهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ يَتَعَثَّرُ بِلِسَانِهِ . وَالثَّانِيَةُ : أَنَّهُ قَدْ يَدْخُلُهُ الرِّيَاءُ ، فَإِنَّهُ بِالْمَدْحِ مُظْهِرٌ لِلْحُبِّ ، وَقَدْ لاَ يَكُونُ مُضْمِرًا لَهُ وَلاَ مُعْتَقِدًا لِجَمِيعِ مَا يَقُولُهُ ، فَيَصِيرُ بِهِ مُرَائِيًا مُنَافِقًا .وَالثَّالِثَةُ : أَنَّهُ قَدْ يَقُول مَا لاَ يَتَحَقَّقُهُ وَلاَ سَبِيل لَهُ إِلَى الاِطِّلاَعِ عَلَيْهِ …

وَقَال الْحَسَنُ : مَنْ دَعَا لِظَالِمٍ بِطُول الْبَقَاءِ فَقَدْ أَحَبَّ أَنْ يُعْصَى اللَّهُ تَعَالَى فِي أَرْضِهِ .وَالظَّالِمُ الْفَاسِقُ يَنْبَغِي أَنْ يُذَمَّ لِيَغْتَمَّ ، وَلاَ يُمْدَحَ لِيَفْرَحَ… (إحياء علوم الدين 3 / 233 – 235 . الموسوعة الفقهية الكويتية – (36 / 277).

«Ғаззолий дедилар: «Мақтовда олтита офат бор. Уларнинг тўрттаси мақтовчи одамда, иккитаси мақталадиган одамда бўлади.

Мақтовчи одамдагисининг биринчиси – у одам гоҳо ҳаддан ошади ва ёлғон гапиришгача боради. Холид ибн Маъдон айтган: «Кимки бир имомни ёки бирор инсонни унда йўқ нарса билан гувоҳлар ҳузурида мақтаса, Қиёмат куни Аллоҳ уни тили калимага келмайдиган ҳолда тирилтиради».

Иккинчиси  унга риё аралашиши мумкин. Чунки у мақташ билан ўзининг муҳаббатини кўрсатган бўлади. Эҳтимол унинг ичида бундай нарса йўқдир ва айтаётган гапининг ҳаммасига ҳам ўзи ишонмас. Бунда у кўзбўямачи ва мунофиқ бўлади.

Учинчиси – у амалга ошмайдиган ва ҳақиқатини билиб бўлмайдиган нарсани гапириши мумкин…

Ҳасан (Басрий) дедилар: «Кимки бир золимнинг умри узоқ бўлсин, деб дуо қилса, Аллоҳнинг ерида Унга исён қилинишини орзу қилган бўлади. Золим, фосиқ қораланиши керак – токи ғамга ботсин. Мақталиши керак эмас  – токи хурсанд бўлмасин»… («Иҳёу улумид-дин» – 3/233-235)

Бу сўзлардан ҳеч кимни мақташ мумкин эмас экан, деган хулоса келиб чиқмайди. Балки мақтовчига ёки мақталадиган одамга зарар бўлмайдиган, аксинча яхши ишларнинг ривожланишига сабаб ва одамларга ибрат бўладиган ҳолатларда мақтов жоиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалардан баъзиларини мақтаганлари ривоят қилинган. 

Мақтов қачон мустаҳаб бўлади?

«Агар маддоҳларни кўрсангиз, уларнинг юзига тупроқ сочингиз», ҳадисининг шарҳида имом Нававий ёзадилар:

أن النهى محمول على المجازفة فى المدح والزيادة فى الأوصاف أو على من يخاف عليه فتنة من إعجاب ونحوه اذا سمع المدح وأما من لايخاف عليه ذلك لكمال تقواه ورسوخ عقله ومعرفته فلا نهى فى مدحه فى وجهه اذا لم يكن فيه مجازفة بل إن كان يحصل بذلك مصلحة كنشطه للخير والازدياد منه أو الدوام عليه أو الاقتداء به كان مستحبا والله أعلم. (شرح النووي على مسلم – (18 / 126).

«Мақташдан қайтариш, деганда тахминга суяниб мақташдан, таърифлаётганда йўқ нарсани қўшиб юборишдан қайтарилган ёки мақтов эшитган одам ўзига бино қўйиш хавфи мавжуд бўлганда мақташ мумкин эмас, деган маъно тушунилади. Аммо тақвосининг бутунлиги, ақли ва маърифатининг етуклиги сабабли бундай хавотирлар бўлмаса, тахминга берилмаган ҳолда унинг юзига мақташдан қайтарилмайди. Аксинча, агар мақтов туфайли яхши ишларга ғайрат ошиши ёки уларнинг давомли бўлиши, бошқаларнинг шунга эргашиши кутилаётган бўлса, мақташ мустаҳаб бўлади, валлоҳу аълам». (Шарҳун-Нававий ало Муслим – 18/126).

Кофир ёки золимни мақташ

«Исламвеб» саҳифасида «Кофирни мақтаган одам кофир бўладими?» деган саволга берилган жавобда бундай дейилган:

فإن مدح الكافر لا يعتبر كفرا إلا إذا كان في مدح المادح له ما يدل على الإعجاب به لكونه كافرا أو الرضى بكفره.

وأما مدح العامل بما فيه من صفات حميدة كإتقانه العمل فلا حرج فيه، فقد مدحت عائشة رضي الله عنها عبد الله بن جدعان بحضرة النبي صلى الله عليه وسلم ولم ينكر ذلك عليها، إلا أنه أخبر أن ذلك لا ينفعه في الآخرة.

«Кофирни мақташ куфр, деб эътибор қилинмайди. Илло агар мақтовчи одамнинг мақтовида мақталаётган кимсанинг кофир бўлгани учун ёқтириб қолганига ёки шунга розилигига далолат қилувчи ҳужжат бўлса, бу мустасно.

Аммо ишчининг ишни мукаммал бажариши каби яхши сифатларини мадҳ қилишда бирор зарар йўқ. Оиша разияллоҳу анҳо Абдуллоҳ ибн Жудъонни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида мақтаганлар. У зот буни рад этмаганлар. Аммо бу иш Охиратда унга фойда бермаслигини айтганлар».

(http://www.islamweb.net/ver2/fatwa/ShowFatwa.php?lang=A&Id=48508&Option=FatwaId)

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ ابْنُ جُدْعَانَ كَانَ فِى الْجَاهِلِيَّةِ يَصِلُ الرَّحِمَ وَيُطْعِمُ الْمِسْكِينَ فَهَلْ ذَاكَ نَافِعُهُ قَالَ: «لاَ يَنْفَعُهُ إِنَّهُ لَمْ يَقُلْ يَوْمًا رَبِّ اغْفِرْ لِى خَطِيئَتِى يَوْمَ الدِّينِ». (صحيح مسلم – 1 / 136).

Оишадан ривоят. У киши дедилар: «Мен «Ё Расулаллоҳ, Ибн Жудъон жоҳилиятда силайи раҳм қилар, мискинларни овқатлантирар эди. Бу иши унга фойда берадими?» деб сўрадим. Расулуллоҳ: «Фойда бермайди. У бирор бир кун: «Эй Раббим, Қиёмат куни менинг хатоларимни кечир», демаган», дедилар». (Саҳиҳи Муслим – 1/136).

Шулардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, масжид имомининг қайсидир номусулмон ҳукмдорни мақташи унга иқтидо қилишдан тўсмайди, валлоҳу аълам. Сизнинг маддоҳ инсонга эмас, холис имомга иқтидо қилишингиз афзал, албатта. Агар имом бировни мақташ асносида йўқ гапларни қўшиб гапирса, бунинг гуноҳи унинг ўзига бўлади.

Қўшимча маълумот учун:

«Ҳозирги кундаги масжид имомларига иқтидо қилиш тўғрими?«