Абдулҳаким қори ота боқий оламга риҳлат қилдилар
«Албатта, биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта барчамиз У Зот(нинг ҳузури)га қайтгувчидирмиз»
Ислом Овози таҳририятига келган хабарларга кўра кеча, кечқурун ўзбекистонлик жуда кўп уламолар ва талабаларнинг устози муҳтарам Абдулҳаким қори ота 100 ёшдан ошиқроқ умр кечириб, бу фоний дунёдан боқий оламга, меҳрибон Аллоҳнинг ҳузурига риҳлат қилдилар. Бугун душанба куни пешин намозидан сўнг Марғилон шаҳрида Қори отанинг жанозалари ўқилиши эълон қилинган. Шу дамларда Ўзбекистон ва қўшни жумҳуриятларнинг турли вилоят ва шаҳарларидан кўплаб мусулмонлар жаноза ва дафн маросимида иштирок этиш, қори отанинг оилаларига таъзия изҳор қилиш учун Марғилон шаҳрига келганлар. Аллоҳ таолодан азизу мукаррам устозимиз шайх Абдулҳаким қори отамизни Ўз раҳматига сазовор айлашини, қабрларини кенг ва нурли этишини, Фирдавс жаннатига дохил қилиб, иззату икром айлашини сўраймиз.
У муҳтарам инсоннинг Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини таърифлашга тил ожиз. У зот яшаган умр мусулмон ёшлар учун ибратларга тўладир. Иншоаллоҳ келгусида бундай уламоларимизнинг ҳаёт ва фаолиятлари ҳақида ҳикоя қиладиган қиссалар вужудга келажак. Умид қиламизки, мағфиратли ва марҳаматли Раббимизнинг Ўзи устозимизни муносиб мукофотлайди.