Инсон бировни ёки ўзини сотиши мумкин эмас
Савол: Ҳозир қизларни алдаб, Дубайга ва яна бошқа дам олиш масканларига олиб бориб сотиб юборишяпти. Олган одамга бундай қизлар чўри ҳисобланадими?
Жалолиддин. Жавоб: Аёл-қизларни фаҳш ишларга тортаётганлар, одам савдоси билан шуғулланаётганлар, хоҳ алоҳида шахслар бўлсин, хоҳ давлатга алоқадор ходимлар бўлсин, асосан, Аллоҳдан қўрқмайдиган, Исломга алоқаси бўлмаган, Охиратга ишонмайдиган кофир кимсалар бўлади. Хоҳ алданган бўлсин, хоҳ ўзининг ихтиёри билан бўлсин, бировга мулк сифатида сотилган аёллар чўри ҳисобланмайди. Ким озод инсонни сотиб олса ёки ўзини ўзи сотса, гуноҳга ботиб, улкан жиноят содир этган бўлади. Имом Бухорий ўз Саҳиҳларида "Ҳур инсонни сотган одамнинг гуноҳи", деган боб очиб, қуйидаги ҳадисни келтирганлар.
بَاب إِثْمِ مَنْ بَاعَ حُرًّا
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ قَالَ اللَّهُ ثَلَاثَةٌ أَنَا خَصْمُهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ رَجُلٌ أَعْطَى بِي ثُمَّ غَدَرَ وَرَجُلٌ بَاعَ حُرًّا فَأَكَلَ ثَمَنَهُ وَرَجُلٌ اسْتَأْجَرَ أَجِيرًا فَاسْتَوْفَى مِنْهُ وَلَمْ يُعْطِ أَجْرَهُ صحيح البخاري ت – (5 / 480)
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ айтди: 3 та одам борки, Қиёмат куни уларга қарши Мен даъвогар бўламан. Улар – Менга ваъда бериб сўнг хиёнат қилган одам, озод инсонни сотиб пулини еган одам, мардикор ёллаб, уни тўлиқ ишлатгандан сўнг ҳаққини бермаган одам". (Саҳиҳул-Бухорий – 5/480). Фиқҳий қомусда ҳуррият инсон учун бирламчи ҳукм, қуллик эса оризий (кейин пайдо бўлувчи) экани баён қилинади:
الأْصْل فِي الإْنْسَانِ الْحُرِّيَّةُ لاَ الرِّقُّ ، وَقَدْ اتَّفَقَ الْفُقَهَاءُ عَلَى أَنَّ اللَّقِيطَ إِذَا وُجِدَ وَلَمْ يُعْرَفْ نَسَبُهُ يَكُونُ حُرًّا ، وَإِنِ احْتُمِل أَنَّهُ رَقِيقٌ ، قَال ابْنُ الْمُنْذِرِ : أَجْمَعَ عَامَّةُ أَهْل الْعِلْمِ عَلَى أَنَّ اللَّقِيطَ حُرٌّ . وَقَال ابْنُ قُدَامَةَ : لأِنَّ الأْصْل فِي الآْدَمِيِّينَ الْحُرِّيَّةُ ، فَإِنَّ اللَّهَ تَعَالَى خَلَقَ آدَمَ وَذُرِّيَّتَهُ أَحْرَارًا ، وَإِنَّمَا الرِّقُّ لِعَارِضٍ ، فَإِذَا لَمْ يُعْلَمْ ذَلِكَ الْعَارِضُ فَلَهُ حُكْمُ الأْصْل (المغني 5 / 679 ، 680 ، القاهرة ، دار المنار ، 1367هـ ، ط ثالثة ، وكشاف القناع 6 / 392 ، وفتح القدير 6 / 250) .
وَالْحُرِّيَّةُ حَقٌّ لِلَّهِ تَعَالَى فَلاَ يَقْدِرُ أَحَدٌ عَلَى إِبْطَالِهِ إِلاَّ بِحُكْمِ الشَّرْعِ ، فَلاَ يَجُوزُ إِبْطَال هَذَا الْحَقِّ ، وَمِنْ ذَلِكَ أَنَّهُ لاَ يَجُوزُ اسْتِرْقَاقُ الْحُرِّ وَلَوْ رَضِيَ بِذَلِكَ (فتح القدير 6 / 237 ). (الموسوعة الفقهية الكويتية – 23 / 13).
"Инсон учун асл ҳукм ҳурриятдир, қуллик эмас. Фуқаҳолар агар бир гўдак топиб олинсаю унинг насаби маълум бўлмаса, бордию қуллардан эканлиги эҳтимоли мавжуд бўлса ҳам у озод инсон бўлади, деб иттифоқ қилишган… Ибн Қудома деди: "Чунки одамларда асл қоида ҳурриятдир. Аллоҳ таоло Одам ва унинг зурриётларини озод ҳолда яратган. Қуллик эса ориз (ташқи омил) сабаблидир. Агар ана шу ориз борлиги маълум бўлмаса, унга асл ҳукм қўлланади. "Ҳуррият Аллоҳ таолонинг ҳаққидир. Шариат ҳукмисиз ҳеч бир кимса уни бекор қилишга қодир эмас. Шу сабабли агар ўзи рози бўлса ҳам озод инсонни қул қилиш жоиз бўлмайди. (Фатҳул-Қадир – 6/237)". (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 23/13).