Риболи қарз олиш жоиз бўладиган зарурат ҳолати нима?
Савол: Мен кўп йиллардан бери Россияда ишлайман. Шу ерни фуқаросиман. Ҳозир қийин аҳволда қолдим, ишларим орқага сурилиб кетди. Анча қарзга кириб қолдим.
Ҳақдорлар ҳар куни пулини сўраб келишяпти. Ҳозир сотадиган ҳеч нарсам йўқ. Бир танишим таклиф қилаяпти. Банк орқали пул олиб қарзларингни бериб юбор, кейин ишлаб берасан, деяпти. Илтимос, бунинг ҳукми қандай бўлади? Шуни айтиб берсангиз. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин. А. Жавоб: Аллоҳ таоло сизнинг мушкулларингини осон қилсин. Қийин кунда тақво, сабр, яхши хулқ ва солиҳ амаллар билан туриш Аллоҳнинг ёрдамига йўл очади. Ислом шариати инсоннинг золим томонидан бирор ишга мажбурланиши (الإكراه) ёки ўта муҳтожликка (الضرورة) тушиб қолиш ҳолатларини ҳисобга олган. Бундай пайтда айрим ҳаром амаллар мубоҳга (жоизлик) айланади. Аммо сизнинг вазиятингиз бу икки ҳолатдан биронтасига тўғри келмаса керак, валлоҳу аълам. Мажбурлик инсоннинг бирор тақиқланган ишни бошқа биров томонидан қўрқитиш йўли билан мажбуран қилдиришдир. Мажбурлик ҳолати деганда агар бир ҳаром ишни қилмаса (ёки бир фарз бўлган ишни қилса) ҳалок бўлиш ёки бирор аъзосидан айрилиш хавфига дуч келиб қолган бўлади. Саволда таърифланган аҳвол мажбурликлик эмас, кўпроқ зарурат (الضرورة) ҳолатига ўхшаб кетади. Шунинг учун зарурат ҳолати ҳақида бир оз тўхталамиз. Аллоҳ таоло айтади:
{ … فَمَنِ اضْطُرَّ غَيْرَ بَاغٍ وَلَا عَادٍ فَلَا إِثْمَ عَلَيْهِ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ } (البقرة/173)
"… Бас, кимки мажбур бўлиб қолиб, зулм қилмаган ва ҳаддан ошмаган ҳолда еса, унга бирор гуноҳ йўқ. Албатта Аллоҳ Ғафурдир, Раҳиймдир". (Бақара/173).
{ وَقَدْ فَصَّلَ لَكُمْ مَا حَرَّمَ عَلَيْكُمْ إِلَّا مَا اضْطُرِرْتُمْ إِلَيْهِ } (الأنعام/119)
"Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларини батафсил баён қилди. Мажбурлик ҳолатингиз учун рухсат берди". (Анъом/119). Уламолар шу каби бир қатор далилларга суянган ҳолда инсоннинг зарурат ҳолатига тушиб қолган вазиятда риболи қарз олиши жоиз эканини айтишган. (Аммо бу фақат қарз олувчи одам учундир. Риболи қарз бериш эса ҳеч қачон жоиз бўлмайди). Бироқ жоизлик масаласидаги энг муҳим нуқта шундаки, заруратнинг маъноси, чегараси ва меъёри нима билан ўлчанади? Кўп одамлар ўз бошларига келган қийинчиликларни зарурат ва мажбурлик, деб ўйлашади. Ҳақиқатда ундай бўлмайди. Хўш, Шариатда зарурат, деб нимага айтилади? Зарурат ҳолатини тушунтириш учун уламолар зарурат билан эҳтиёжни бир-бирига таққослайдилар.
قال أبو عبد الله الزركشي رحمه الله :
فالضرورة : بلوغه حدّاً إن لم يتناول الممنوع هلك أو قارب كالمضطر للأكل ، واللبس بحيث لو بقي جائعاً أو عرياناً لمات ، أو تلف منه عضو ، وهذا يبيح تناول المحرم .
والحاجة : كالجائع الذي لو لم يجد ما يأكل لم يهلك ، غير أنه يكون في جهد ومشقة ، وهذا لا يبيح المحرَّم .(المنثور في القواعد – 2 / 319 (.
Абу Абдуллоҳ Аз-Заркаший раҳимаҳулллоҳ айтган: "Зарурат инсоннинг тақиқланган нарсани истеъмол қилмаса ҳалок бўладиган ёки шунга яқин ҳолатга етишидир. Бунинг мисоли ейишга ёки кийишга ўта муҳтож бўлиб қолган одамдирки, бу одам агар оч ёки яланғоч қолса албатта ўлади ёки бирор аъзоси ишдан чиқади. Бу одам учун ҳаром нарсани тановул қилиш жоиз бўлади. Эҳтиёжнинг мисоли эса ейишга нарса тополмаган оч инсоннинг ҳолатидир. У ҳозир емаса ҳалок бўлмайди, аммо қаттиқ қийналиб қолади. Бу одамга ҳаром ейиш жоиз эмас". (Ал-Мансур фил-қавоид – 2/319). Демак, бир инсон риболи қарз олмаса қийналиб қолади, деб айтилаяпти. Аммо бу қийинчиликнинг миқдори зарурат даражасига етадими ёки йўқми? Бу саволга тўғри жавоб топилиши лозим. "Ислом: савол-жавоб" саҳифасида катта қарзга ботиб қолган ва уларни тўлай олмагани учун судланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган одамнинг саволи келтирилган. У одам: "Қамоқдан қутулиб қолишим учун банкдан қарз олишим мумкинми?", деган савол билан мурожаат қилган. Унга берилган жавобда жумладан бундай дейилади:
كما لم يفهم كثيرون معنى الضرورة ، فراحوا يبحثون عن البنوك والمؤسسات الربوية من أجل الاقتراض بفائدة ربوية ، دون أن يكون منهم بحث عن طرق مباحة يتحصلون فيها على الأموال اللازمة ، ومن الطرق التي أباحتها الشريعة في الحصول على المال لعادمه : العمل المباح ، والاستدانة من شخص دون ربا ، وشراء سلعة بالأقساط وبيعها نقداً ، وليُعلم أن كثيراً من هؤلاء قد يكون لهم الحق في الزكاة ، فلا بأس من طلبهم ذلك من المؤسسات التي تقوم على جمع زكاة المسلمين .
والذي نراه في مسألتك : أنه إن أمكنك الحصول على المال بالطرق الشرعية المباحة : فلستَ معذوراً بأخذ قرضٍ ربوي ، وإن كنتَ تستطيع تقسيط المبلغ الذي عليك : فلستَ معذوراً أيضاً ، فإن لم يمكنك الحصول على المال بطريق مباح وكان يترتب على عدم دفعك للمبلغ ، دخولك السجن فنرجو أن تكون من المعذورين المضطرين للتعامل بالربا ، ولا إثم عليك ، وإنما الإثم على من أقرضك بالربا ، وعلى من علم بحالك ولم يساعدك مع استطاعته .
ويجب أن تعلم أن العلماء يقولون " إن الضرورة تقدَّر بقدرها " ، ومعنى ذلك – في حالتك -: أنه لا يجوز لك أن تأخذ من البنك إلا القدر الذي به تسلم من الضرر والأذى
"Шунингдек, кўп одамлар зарурат маъносини тушунмайдилар ва фоизли қарз олиш учун рибо билан ишлайдиган банклар ва муассасаларни қидирадилар. Улар керакли маблағни мубоҳ йўллар билан ҳосил қилиш имкониятларини қидирмайдилар. Шариат мол топишда ҳалол қилган йўллардан баъзилари: ҳалол меҳнат қилиш, рибосиз қарз олиш, бирор молни пулини бўлиб-бўлиб бериш шарти билан сотиб олиб, кейин уни нақдга сотиш. Яна шуни ҳам эслатиш лозимки, бундай одамларнинг кўплари закот олишга ҳақли бўладилар. Улар мусулмонларнинг закотларини тўплайдиган муассасаларга мурожаат қилишлари мумкин. Сизнинг масалангизда биз тўғри деб билган йўл шуки, агар сиз Шариат мубоҳ қилган йўллар билан пул топишга имконингиз бўлса, риболи қарз олишда узрли саналмайсиз. Агар зиммангиздаги маблағни бўлиб-бўлиб тўлашга қодир бўлсангиз ҳам сизга узр йўқ. Агар молни мубоҳ йўл билан топишнинг имкони бўлмаса ва қарзни тўламаслик оқибатида қамоққа тушишингиз аниқ бўлса, рибо билан муомала қилишда узрли бўласиз, деб умид қиламиз ва сизга гуноҳ йўқ. Бу ҳолатда гуноҳ сизга риболи қарз берган одамга ва сизнинг шу ҳолатингизни билиб ва қодир бўла туриб ёрдам бермаган одамгадир. Сиз яна шуни билишингиз лозимки, уламолар айтадилар: "Зарурат ўз миқдори билан ўлчанади". Бунинг маъноси шуки, сизга банкдан азият ва зарардан қутулишга кифоя қиладиган миқдордан ортиғини олиш жоиз эмас". (http://www.islamqa.com/ar/ref/94823) Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, сизнинг ҳолатингиз, Шариат кўрсатган зарурат доирасига тўғри келмаса керак, валлоҳу аълам. Сиз қийинчилик бўлса ҳам ҳалол меҳнат қилишингиз, аҳволингизни очиқ ва тўлиқ баён қилган ҳолда бирон кишидан қарз олишингиз, бирор турдаги молни пулини кейинроқ ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан (насияга) сотиб олиб, нақдига сотишингиз, закот билан ёрдам берувчи ташкилотлардан ёрдам сўрашингиз, биродарларга айтиб мусулмонлардан холис ёрдам олишингиз мумкин. Бу саналган йўллар ҳам мусулмон инсон учун Аллоҳ берган имкониятлардир. Сиз бошингизга келган бу синовлар учун ҳеч кимга аччиқ қилмасдан, Аллоҳ учун сабр қилган ҳолда Унинг тақдирига рози бўлсангиз ва тақвода собит турсангиз, Унинг Ўзи албатта сизга ёрдам ва мадад ато қилади. Маълумки, инсонга келадиган мусибатлар унинг гуноҳ ва хатолари туфайли бўлади. Шундай экан, тилни доимо истиғфор ва зикр билан банд этиш ғам ва кулфатларнинг тезроқ бартараф этилиш сабабларининг бошидир. Аллоҳдан ҳаммамизга ҳидоят сўраймиз. Расулуллоҳга салавот ва саломлар йўллаймиз.