Эр-хотин бир-бирини яхши кўради, лекин уларни ажраштиришмоқчи

Бўлимлар: 16. Аёл, оила

Савол: Сизга савол шуки, Исломда эр-хотин ажралса қандай қоидаларга амал қилиш лозим? Ўртада фарзанд йўқ. Эр-хотин бир-бирларини яхши кўришади, лекин қайнона йўл қўймаяпти. Эрнинг ўзини фикри йўқ, онаси нимани ўргатса шуни қилаяпти. 2 йил бўлган турмуш қуришганига. Келинни Исломдан хабари бор, ҳижобда. Эрини ҳам хабари бор, лекин фақат ўзига керакли жойларигагина амал қилади. Яъни хотин эрига итоат қилиши керак, дейди. Аммо аёлини олдидаги исломий бурчларини яхши билмайди. Бу оилага ўзингиз тўғри йўл кўрсатинг, илтимос. Аллоҳ сиздан рози бўлсин, Обидхон қори. Саволимда хатоликлар бўлса узр сўрайман.

М.

Жавоб: Аллоҳ бу оилага ҳақ йўлни насиб этсин. Саволни агар тўғри тушунган бўлсак, эр-хотин бир-бирини яхши кўрадию йигитнинг онаси ўғлига «ажарашасан», деяпти. Бундай ҳолатда онанинг талабига «хўп» деб оилани ажратишга ҳисса қўшилмайди. Аксинча, ҳар икки томондаги ёши катта, ақлли ва обрўли инсонлардан маслаҳат ва ёрдам сўралади. Оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилинади.

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «الْبَرَكَةُ مَعَ أَكَابِرِكُمْ«. رَوَاهُ الطبراني. الألباني: صحيح.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Барака катталарингиз билан биргадир». (Табароний ривоятлари, Албоний: саҳиҳ).

Ислом дини инсонни албатта онани рози қилишга, унинг дуосини олишга, маъруф ишларда унга итоат этишга чақиради. Аёл кишини ҳам маъруф ишлар доирасида эрга бўйсунишга буюради. Аммо она фарзандига, эркак аёлига ноҳақ ишни буюриши мумкин эмас. Ҳар бир инсон ўзаро муносабатларда Аллоҳ таоло томонидан белгилаб берилган чегарага риоя қилиши лозим. Инсоннинг ўз ҳуқуқини суиистеъмол қилиши тақиқланади.

Эркак киши онасини рози қилиш билан бир қаторда ўз аёлининг моддий ва маънавий ҳуқуқларини таъминлаши, уни зулм ва ноҳақликдан ҳимоя қилиши зарур. Аёлини талоқ қилиш онага итоат этиш доирасига кирмайди.   

«Эр-хотин бир-бирларини яхши кўришади, лекин қайнона йўл қўймаяпти». Қайнонанинг қаршилик қилишига сабаб нима экан? Бу саволга жавоб сифатида одатда албатта қайнонанинг хатолари келтирилади. Балки шунақадир. Лекин бунинг акси бўлиши ҳам мумкин-ку. Балки келиннинг ҳам хатолари бордир? Келин эҳтимол қайнонанинг ҳурматини адо этишда камчиликларга йўл қўяётгандир?

Инсон ўз муаммоларига чора қидираётган пайтда энг аввал ўз хатоларини қидириб кўриши керак. Сўнг бошқа одамларга назар солиш навбати келади. Ўз хатосини ўзи топа оладиган одам муваффақиятли ва бахтли одамдир. Ўзининг камчилигини гапирмайдиган, ўйлаб кўрмайдиган одам бахтсиз одам бўлади.

«Эрнинг ўзини фикри йўқ, онаси нимани ўргатса шуни қилаяпти». Бу сўздан келин куёвдан кўра ақллироқ, деган хулоса келиб чиқади. Агар шундай бўлса, Аллоҳ хоҳласа, яхши бўлади, деб умид қиламиз. Чунки келин ақлли аёл экан, ўзининг заковати ва фаросати билан ҳолатни яхши томонга ўзгартира олади, иншоаллоҳ. «Эрни эр қилган – хотин», деган мақол ҳам бекорга айтилмаган. Зукко ва эсли келин ўзининг ҳаққини билиш билан бирга ўз эрига онага (яъни ўзининг қайнонасига) қандай муомала қилишни ҳам ўргатиб туради. «Онамларга мана бундай деб чиройли гапиринг, онамларга мана буни ҳадя қилинг. Онамларга мана буни илинайлик…» ва ҳоказо. Келин шу йўл билан иншоаллоҳ қайнонасида ўзига нисбатан муҳаббат пайдо қилиши мумкин.

عن أبى هريرة عن النبي صلى الله عليه و سلم يقول : تَهَادَوْا تحابوا. (البخاري، الأدب المفرد – 1 / 208).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бир-бирингизга ҳадя қилинглар – дўстлашасизлар». (Бухорий, АлАдаб алмуфрад 1/208).

Аллоҳ розилиги учун миннатсиз ҳадя қилиш қалбларни бирбирига илиқлаштиради. Одамлар орасини ислоҳ қилади. Аммо баъзи одамлар бунга тоқат қила олмайдилар. Бир оилада яшаб ёки ён қўшни бўла туриб, бирбирлари билан чиқиши олмаётган икки одамнинг биридан: «Расулуллоҳнинг мана шу маслаҳатларига қанчалик амал қилаяпсиз?» деб сўраб кўриш даркор. Агар у одам кўзини каттакатта очиб: «Ие, ман нимага бунақа қилишим керак экан? У манга нима қилиб қўйибди?!» деса, бу уларнинг орасини ислоҳ қилиш анча қийин эканидан далолатдир. Инсон ўз нафсини ўзига ёқмаган одамга ҳам яхши муомала қилишга кўндира олмас экан, у иродаси заиф ожиз одам бўлади. У фақат ўзига яхшилик қилинишини истайдиган тамагир одам. Бундай одам ҳам ўз навбатида бошқалардан кўп яхшилик кутмаслиги ва бунинг учун ўзидан бошқа ҳеч кимдан хафа бўлмаслиги керак.

Катталарга ҳурмат назари билан қараш нафақат келиннинг, балки оилада ўзининг туққан онасини ҳурмат қилишни, кўнглини олишни билган ҳар бир ёш йигит ва қизнинг хулқидир. Ўз ота-онасининг ҳурматини Ислом кўрсатгандек жойига қўйишни яхши ўрганган фарзанд бирор ерга борса ҳам ўзидан каттани ҳурмат қилишни яхши биладиган бўлади. У қаерга бормасин, ўзининг хулқи ва чиройли тарбияси билан катталарнинг меҳрига сазовор бўла олади. Катта ёшли одамни ҳурмат қилишни билмаслик ўз ота-онасини қандай ҳурмат қилиш кераклигини билмай катта бўлиб қолган одамларда учрайди. Бундай одамлар ҳаётда кўп муваффақиятсизликка йўлиқади.

Бизнинг бу тавсия ва насиҳатларимиз ҳозир гуёки фақат келинга қаратилгандек туюлиши ва кимдадир таажжуб уйғотиши мумкин. Бунинг жавоби шуки, биздан ким маслаҳат сўраса, маслаҳат ва тавсияни ўшанга берамиз. Модомики биздан «нима қилиш керак», деган саволни келин томон сўраётган экан, аввало уларга гапиришимиз ўринлидир. Агар бизга куёв мурожаат қилса, унга ҳам аввал ўзининг камчилиги ҳақида гапирган бўлар эдик. Агар биз ҳозир келин орқали: «куёв фалон қилсин, пистон қилсин» десак, куёвнинг жавоби тайин: «Сен ўзингни бил!» Шунинг учун агар ислоҳ йўлини изласак, бунинг бошланиш нуқтаси ҳам тайин – келин ўзига гап тегмайдиган даражага кўтарилсин. Кейинги қадам – бошқалардан ҳам чиройли талаб қилиш, иншоаллоҳ.