Оила нотинч бўлса, ким ёрдам беради?
Биринчи мактуб:
Мен сиздан ўзимни ҳаётимда бўлаётган муаммолардан қандай чиқиш кераклиги ҳақида маслаҳат беришингизни сўраб, безовта қиляпман. Ҳозир биз Кореяда яшаймиз. 1 та боламиз ҳам бор. Келганимизга 2 йил бўлди. Визамиз тугади, кетсак қайтиб киролмаймиз. Қори ака, хўжайним билан биз жуда кўп тортишиб, уришиб қоляпмиз. Сабаби эрим компютердан ҳеч бўшамайди. Келади, фақат ўшанга қараб ўтираверади. «Қашқирлар макони» деган турк киносини кўриб ўтираверади. «Бизга ҳам қаранг, гаплашиб ўтиринг, менга ҳам ёрдам беринг, қизимиз 1 ёшга ҳам тўлмаганда иш қилолмаяпман, қараб туринг, кирларни ювиб олай, ишларни қилиб олай» десам, «мен кинони кўриб олай, кейин» дейди. Унгача нима қиламан, эрталабдан бери энди келдингизку, иш қилолмадим десам, «мени тинч қўй, тергама, ишинг бўлмасин мен билан», деб сўкинади бемаъни сўзлар билан. Мени жуда кўп урган, шунга «талоғимни беринг, сиздай зулмкор эр билан яшамайман», десам, «хўп урмайман, энди урсам талоқсан», деди. Мен хурсанд бўлиб энди урмайди десам, энди аччиғи келса, ўша кинони деб менга нарсалар отаяпти. Талоқ тушди десам, қўлим билан урмадимку, деяпти. Бу нарсалар ҳам менга ёмон тегадику, шуни ўйламаяпти. Тўғри мендан ҳам айб ўтади, лекин мен киноларни ўрнига менга ёрдамлашинг ёки илм ўрганинг дунёвий нарсаларни ўрнига деб уришаман, холос. Хўжайним бўлса сени йўлинга мен юрмайман дейди. Мени йўлим битта дедим, пайғабаримиз С.А.В.ни йўли десам, сен кўп гапирмай ўзингни билиб юравер деди. Шунга Ўзбекистонга чиқиб кетай десам боргани жойим йўқ. Онам йўқ, уйимизга дадам сиғдирмайди. Эрим бўлса яшаётган уйимизни қарзларига бериб юборган. Ўзбекистонга боролмайди қарзи туфайли. Мен эса нима қилай? Қийналиб кетдим. Ўзбекистонда динга эркинлик ҳам йўқ шунга нима дейсизлар? Шу ерда бирон шаҳарга чиқиб кетсамми, деб уйланиб ўтирибман. Нима қилай? Маслаҳат беринг.
Бир муслима.
Таҳририятдан: Биз бу масала юзасидан ўзимизнинг маслаҳатимизни синглимизнинг почтасига юборганимиздан сўнг иккинчи мактуб келди.
Иккинчи мактуб:
Мен шикоят қилиб ёзган мақолани чиқармадилар-ку?! Мен доим кутаман оят, ҳадис далиллар билан. Нима қилай? Қаерга мурожаат қилиш керак? Мана бугун ҳам урди. Мен эримни умуман тушуна олмаяпман. Кўнглингиз қолдими? Айтинг, бўлмаса яшамай қўяверинг десам, йўқ ундай эмас, кўнглим қолмади, дейди. Билмадим, лекин энди қўли билан урди, мен эса чидай олмай, Аллоҳ кифоя қилсин, десам, баттар урди. Қори ака, менга ёрдам берадиган ҳеч кимим йўқ. Мен ўзим боламни олиб кўчага чиқиб кетайми? Нима қилай? Илтимос жавобингизни кутаман. «Қўлим билан урсам жавобинг ўзинг билан« деган эдику, нима бўлади энди? Сиздан ҳам, биздан Аллоҳ рози бўлсин. Жавобингизни кутиб қоламан… 16 феврал, 2011 йил.
Жавоб: Аллоҳ таоло барчамизга Ўз ҳидоятини ато айласин. Тарбиясиз эркакларга ҳам инсоф берсин. Сизга ҳам, турмуш ўртоғингизга ҳам бир-бирингиз билан тотув ва бахтли турмуш кечириб кетишни насиб этсин. Сизлар ўзингиз турган ердаги исломий ташкилотга мурожаат қилишингиз лозим. Шу билан бир қаторда ўша ердаги ўзбек мусулмон жамоаси бу воқеага аҳамият беришлари зарур.
- Мусулмон ташкилотлар билан алоқа боғланг
- Яшаш ва иш жойингиз мусулмонга муносиб бўлсин
- Аёллар билан муносабат – ақл мезони
- Миллатдошлар билан бирга бўлинг
Мусулмон ташкилотлар билан алоқа боғланг
Агар аҳвол сизнинг ёзганларингиздек бўлса, аввало шуни айтиш лозимки, Ўзбекистонга турмуш ўртоғингизсиз қайтишингиз тўғри бўлмайди. Иккинчи фикрингиз, яъни, нотаниш юртда бошқа бир бегона шаҳарга якка ҳолда кетиш ҳам нотўғри.
Бизнинг маслаҳатимиз шуки, сиз ва турмуш ўртоғингиз, ўзингиз турган ердаги масжид ёки исломий ташкилот раҳбарига мурожаат қилинглар. Агар эрингиз бунга кўнмаса, ўзингиз бораверасиз. Бўлаётган воқеани айтиб, улардан ёрдам сўрайсиз. Масжид имоми ёки ташкилот раиси воқеа тафсилотини ўзингиздан эшитади ва агар талоқ содир бўлган, деб ҳукм қилса, эрингизга насиҳат қилади ва сизларни яраштириб қўяди, деб ўйлаймиз. Сиздан ҳам турмуш ўртоғингизга нисбатан сабрли бўлиш ва хушмуомалалик билан муносабатда бўлиш талаб қилинади.
Яшаш ва иш жойингиз мусулмонга муносиб бўлсин
Аслида мусулмон одам бирор ерга кўчиб борса, фақирона бўлса ҳам мусулмонлар яшайдиган маҳаллага жойлашади. Яхши одамлар билан қўшни бўлади. Намозларни масжидда жамоат билан ўқийди.
Ақлли йигит ўз оиласида исломий муҳит пайдо қилади. Уйда аёли ва фарзандлари билан китоблар ўқийди. Вақтини бемаъни томошалар, бефойда кинолар билан ўтказмайди. Умрни ғанимат билади. Оилада хулқ ва муомалани чиройли қилади. Уй ишларида аёлига қарашади. Мана шундай уйларда ҳаловат ва бахту садодат ҳукм суради. Ҳалоллик ва поклик сақланади, топиш-тутишда барака бўлади.
Иймонли инсон даромади камроқ бўлса ҳам мусулмонлар учун шароит мавжуд ерда ишлашга ҳаракат қилади. Ишни деб динига бепарво бўлмайди, намозларини қўлдан бой бермайди. Илмсиз, тарбиясиз, жоҳил бўлиб ўтавермайди.
Аёллар билан муносабат – ақл мезони
Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллар ҳақида кўп насиҳат қилишган ва кўрсатмалар беришган.
{ وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئاً وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْراً كَثِيراً }(النساء\19)
«Улар билан яхши муносбатда бўлинглар. Агар уларни ёқтирмасангизлар, эҳтимол Аллоҳ унинг ортида кўп яхшиликлар ато қиладиган нарсани ёқтирмаётган бўлишингиз мумкин». (Нисо/19).
عن عائشة رضي الله عنها، قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «خيركم خيركم لأهله، و أنا خيركم لأهلي». (السيوطي – الجامع الصغير، الألبانى: صحيح).
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг яхшилариннгиз оиласига яхши бўлганингиздир. Мен сизларнинг ичингизда оиласига янг яхши бўлганингиздирман». (Суютий, Ал-Жомеус-сағир. Албоний: саҳиҳ).
Ибн Можа ривоят қилган яна бир ҳадисда аёллар эрлари устидан шикоят қилганлари зикр қилинади. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлини урадиган эркаклар ҳақида:
فلا تجدون أولئك خياركم
«Улар сизларнинг яхшиларингиз қаторида эмас», деганлар. (Ибни Можа).
Зўравон эркак ақлининг ўрнига қўлини ишлатади. Бу унинг ақли камлигиданми ёки бошқа сабаби бормикин?
Миллатдошлар билан бирга бўлинг
Инсон қаерда бўлмасин, ўзининг тилида сўзлашадиган мусулмонлар билан алоқа боғлашга интилиши лозим. Мусулмон одам аввало ўз миллатидаги ибодатли инсонлар билан борди-келди қилади. Улар билан биргаликда дарслар уюштиради. Бу унинг динни ҳам, дунёни ҳам тезроқ ва тўғрироқ тушунишига ёрдам бўлади.
Жамоатда бўлган одам яхшиларни кўриб таъсирланади. Ўз камчиликларини тузатиб олади. Ўзидан илми ва тақвоси кўпроқ инсонларга эргашади. Шунда мусулмонлар унинг ҳолидан доимо хабардор бўладилар. Ёрдамга муҳтож бўлса, дарҳол ёрдам берадилар. Хато содир бўлганда насиҳат қиладилар.
Бундай инсон ўзининг ҳам, аёли ва фарзандларининг ҳам дини, тили ва дунёси мустаҳкам бўлишига эришади, иншоаллоҳ.
Кореяда яшаб меҳнат қилаётган ўзбек мусулмонлари кўп, деб эшитамиз. Улар бир-бирларига яқинроқ бўлиб яшашлари, тез-тез кўришиб туришлари, ўзаро аҳволларидан хабардор бўлишлари лозим. Қўлларидан келганича кундалик ёки ҳафталик дарслар ташкил қилишлари керак.
Сизлар кеч бўлса ҳам шу қоидаларга амал қилинглар. Ўзбек мусулмонларининг жамоаларини қидиринглар ва улар билан дўстлашинглар. Улардан маслаҳат ва ёрдам сўранглар. Шунда иншоаллоҳ, машаққатларингиз енгиллашади.
Бир ўзбек оиласи бегона юртда мана шундай оғир аҳволда қолган бўлсаю шу юртда яшаётган миллатдошлар бундан бехабар бўлсалар, бунинг асорати ҳаммага тегиши мумкин.
Бу хабарни ўқигандан кейин юртошларимиздан баъзилари ўз ёрдамларини таклиф этиб, сизларнинг манзил ёки телефон рақамингизни сўрашлари мумкин, деб ўйлаймиз. Шунинг учун савол юборган синглимиз, турмуш ўртоғингиз билан келишган ҳолда бизга телефон рақамингизни ёзиб юборишингиз ўринли бўлади.