Мазҳабни ҳадислар билан ўрганиш – тўғри йўл

Бўлимлар: 14. Даъват, илм

Савол: Бизнинг саволимиз шундан иборат, мазҳаб ушлаб юриш тўғрими? Жуда кўп муaммолар бўляпти. Биз ҳанафий мазҳабида юрамиз, лекин салафлар: «Сизларнинг ақидангиз тўғри эмас, биз фақат далил ҳадислар билан юрамиз. Биз юраётган йўл 73 тоифадаги энг тўғри йўл», дейишяпти. Биз шу йўлда қолишимиз жоизми? Аллоҳ ризолиги учун очиқ жавоб беринг. Жавобингиз учун раҳмат.

Жамолиддин.

Жавоб: Ушбу вақтинчалик ҳаёт давомида ҳаммамиз юришимиз лозим бўлган ягона ҳақ йўл – Аллоҳ кўрсатган, Расулуллоҳ ва саҳобалар юриб ўтишган йўл. Бу йўл Аллоҳнинг китоби Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари, демакдир. Аҳли сунна мазҳаблари эса Қуръон ва ҳадисларга мувофиқ ҳолда пайдо бўлган. Мазҳаблар ва ҳадислар орасини мувофиқлаштира олмаслик айрим одамларнинг хатосидир.

* * *

  • Мазҳаб Қуръон ва ҳадислар асосида вужудга келган;
  • Фиқҳий мазҳабларга эргашиш жоиз;
  • Мазҳабда бўлиш билан салафийликнинг фарқи нимада?
  • Тақлид ва унинг ҳукми;
  • Тақлид ва ижтиҳод ўртасидаги мартаба;
  • Энг аввал Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг сўзлари;
  • Мазҳабни саҳиҳ ҳадислар билан далиллаш лозим.

* * *

Мазҳаб Қуръон ва ҳадислар асосида вужудга келган

Аллоҳ таоло бизга кўрсатган йўлни Қуръони каримда баён қилган. Қуръони карим маъноларини одамларга тушунтириб беришни Расулуллоҳга эса буюрган. Расулуллоҳнинг сўзларини ва амалларини саҳоблар ўзларидан кейингиларга, кейингилар эса ўз авлодларига етказишган. Ҳар бир асрда яшаган уламолар оят ва ҳадисларни шарҳлаб, халққа тушунтиришган. Шундай қилиб бу йўл то бизгача етиб келган, алҳамдулиллоҳ.

Қуръон ва ҳадислар маъноларининг чуқур ва чексизлиги уларнинг то Қиёматга қадар амал қилиш учун салоҳиятли эканини кўрсатади. Бундай улкан илмлар хазинаси ичида мусулмон умматининг турли ижтиҳодлар ва мазҳабларга бўлингани, кейин бу мазҳабларнинг ўз-ўзидан сараланиб, сайқал топганлиги табиий ҳодисадир. Ислом динида пайдо бўлган жуда кўп мазҳаблардан тўрттаси Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаблари сифатида тан олинган. Аҳли сунна мазҳаблари Қуръон ва ҳадислардан алоҳида йўл эмас, балки шу икки манбанинг шарҳи ва талқинидир.

Фиқҳий мазҳабларга эргашиш жоиз

Жумҳур олимлар фиқҳий масалаларда тўрт мазҳабдан биронтасига тобеъ бўлишни жоиз, деб билганлар.

فالذي يجب على المسلم هو طاعة الله جل وعلا وطاعة رسوله صلى الله عليه وسلم والعلماء العاملين بالكتاب والسنة. قال تعالى: { يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ } (النساء: 59).

واتباع الشخص لمذهب معين لعجزه عن معرفة الشرع من جهة أخرى هو مما يسوغ وليس مما يجب…

«Мусулмон одамга вожиб бўладиган иш Аллоҳ жалла ва алога итоат қилиш ва Унинг расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш ва Китобу суннатга амал қилувчи уламоларга итоат қилишдир. Аллоҳ таоло айтган: «Эй иймон келтирган инсонлар, Аллоҳга итоат қилинглар, Расулга итоат қилинглар ва ўзингиздан бўлган раҳбарларга ҳам». (Нисо/59).

Шахснинг Шариатни билишдан ожизлиги туфайли муайян бир мазҳабга эргашиши жоиз бўладиган ишлардандир, аммо вожиб бўладиган ишлардан эмас».

(http://www.islamweb.net/ver2/fatwa/ShowFatwa.php?lang=A&Option=FatwaId&Id=71362)

Мазҳабда бўлиш билан салафийликнинг фарқи нимада?

Айрим одамлар мазҳаб билан салафлар йўлини бошқа-бошқа нарса, деб тушунадилар. Аммо бу Қуръон, ҳадис ва мазҳабларни яхши билмаслик натижасида пайдо бўладиган тушунчадир.

والمذاهب الأربعة مذاهب سنية سلفية ، إذ إن أئمة هذه المذاهب من أئمة السلف الكبار، فقد كانوا على منهج الحق واتباع الصحابة وتعظيم الكتاب والسنة، وهي مذاهب فقهية اتفقت في النهج ولكنها اختلفت في الفروع، والمنتسب إلى هذه المذاهب يعتبر سلفيا وهو على سبيل نجاة مادام موافقا لمعتقد هؤلاء الأئمة ولم ينحرف عن معتقد أهل السنة والجماعة

«Тўрт мазҳаб сунний ва салафий мазҳаблар саналади. Чунки бу мазҳабларнинг имомлари буюк салаф имомларидандир. Дараҳқиқат, улар ҳақ йўналишни тутган, саҳобларга эргашган ва Китобу Суннатни улуғлаган зотлар бўлишган. Бу фиқҳий мазҳаблар асосда иттифоқ бўлишган, аммо фаръий масалаларда турлича ижтиҳод қилишган. Бу мазҳабларга мансуб бўлган инсон модомики шу имомларнинг ақидаларига мувофиқ турган ва Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодидан адашиб кетмаган бўлса, салафий деб ҳисоб қилинади ва нажот йўлидан бораётган бўлади».

http://www.islamweb.net/ver2/fatwa/ShowFatwa.php?lang=A&Id=105965&Option=FatwaId

Тақлид ва унинг ҳукми

Фиқҳий қомусдан «мазҳаб» деган бўлимга қарасангиз, сизни «тақлид» моддасига йўллайди. Демак, мазҳаб билан тақлид бир бирига боғлиқ тушунча. Қомусда тақлиднинг таърифи ҳақида бундай ёзилади:

التَّقْلِيدُ قَبُول قَوْل الْغَيْرِ مِنْ غَيْرِ حُجَّةٍ ، كَأَخْذِ الْعَامِّيِّ مِنَ الْمُجْتَهِدِ فَالرُّجُوعُ إِلَى قَوْل النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَيْسَ تَقْلِيدًا ، وَالرُّجُوعُ إِلَى الإِْجْمَاعِ لَيْسَ تَقْلِيدًا كَذَلِكَ ؛ لأَِنَّ ذَلِكَ رُجُوعٌ إِلَى مَا هُوَ الْحُجَّةُ فِي نَفْسِهِ (شرح مسلم الثبوت 2 / 400 . الموسوعة الفقهية الكويتية – (13 / 159(

«Тақлид бошқанинг сўзини ҳужжатсиз қабул қилишдир. Бунинг мисоли оми одам мужтаҳиднинг сўзини олиши. Демак, Набий соллаллоҳу алйҳи ва салламнинг сўзларига қайтиш тақлид эмас. Ижмоъга қайтиш ҳам тақлид эмас. Чунки бу иш асл ҳужжатга қайтишдир». (Шарҳи Мусалламис-субут – 2/400). (Ал-Мавсуа – 13/159).

Бу дегани мазҳаб йўлини тутган одам дин амалларида бевосита Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг сўзларини эмас, мужтаҳид олимнинг сўзини ҳужжат қилиб олган бўлади. Бу унинг далилларни ўрганишдан ожизлиги сабаблидир.

  فَإِنَّ الْفِقْهَ مَمْدُوحٌ فِي كَلاَمِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَالتَّقْلِيدُ مَذْمُومٌ ، وَهُوَ فِي الْحَقِيقَةِ نَوْعٌ مِنَ التَّقْصِيرِ ( شرح مسلم الثبوت 1 / 10) .

 «Бас, фиқҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари билан мақталган, тақлид эса қораланган. Тақлид ҳақиқатда чала иш қилишнинг бир кўринишидир». (Шарҳи Мусулламис-субут – 1/10).

Шундан кейин китобда тақлиднинг ҳукми ҳақида баён қилинади. Бунда тақлидни фиқҳга зид қўйилади. Тақлидни жоизми ёки йўқ, деган масалада уламоларнинг икки хил қарашлари келтирилади. Хулоса ўрнида оми одам ҳам Шариат амалини бажаришга буюрилгани, аммо далилларни билишга шароити бўлмагани боис унинг мужтаҳид сўзини қабул қилиши жоизлиги, баъзилар назарида вожиб экани, чунки ҳамма одамларни ижтиҳодга буюриб бўлмаслиги айтилади. (Ал-Мавсуа – 13/161).

Тақлид ва ижтиҳод ўртасидаги мартаба

Тақлид жоиз, аммо у нуқсонли иш эканидан мусулмон одам, айниқса илм толиблари бу ҳолатда қотиб қолмасдан, ўз илмларини ошириб боришга, Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг сўзларига иложи борича кўпроқ яқинлашишга тарғиб этилади.

وَأَثْبَتَ ابْنُ الْقَيِّمِ وَالشَّوْكَانِيُّ فَوْقَ التَّقْلِيدِ مَرْتَبَةً أَقَل مِنَ الاِجْتِهَادِ ، هِيَ مَرْتَبَةُ الاِتِّبَاعِ ، وَحَقِيقَتُهَا الأَْخْذُ بِقَوْل الْغَيْرِ مَعَ مَعْرِفَةِ دَلِيلِهِ ، عَلَى حَدِّ مَا وَرَدَ فِي قَوْل أَبِي حَنِيفَةَ وَأَبِي يُوسُفَ ( لاَ يَحِل لأَِحَدٍ أَنْ يَقُول مَقَالَتَنَا حَتَّى يَعْلَمَ مِنْ أَيْنَ قُلْنَا ) (3)

 (3) إعلام الموقعين 4 / 260 . ولعل الوجه في نهي الأئمة عن تقليدهم أنهم قالوه لتلامذتهم المؤهلين الذين لديهم القدرة على معرفة حجية الأدلة ، ومدى صحتها ، وعلى تفهم دلالاتها ، فهؤلاء لا يصح منهم التقليد الصرف فيما يمكنهم فيه الرجوع إلى الأدلة. (الموسوعة الفقهية الكويتية – (13 / 16).

«Ибнул Қаййим ва Шавконий тақлиддан юқори, аммо ижтиҳоддан қуйироқ бир даражани исбот қилишганки, бу «иттибоъ» (эргашиш) мартабасидир. Бунинг маъноси бошқанинг сўзини далили билан бирга олишдир. Бу Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфнинг: «Ҳеч бир кимсага бизнинг сўзимизни – то биз бу сўзни қаердан олиб айтганимизни билмагунча – гапириши жоиз эмас», деган сўзларининг ифодасидир. (Имомларнинг ўзларига тақлид қилишдан қайтаришлари далилларнинг ҳужжатлигини ва саҳиҳлик даражасини била оладиган, далолатини англашга қодир бўлган, лаёқатли шогирдлари учун бўлса керак)». (Ал-Мавсуа – 13/161).

Аллоҳ ва Расулнинг сўзларини ўрганиш, яъни илм олиш ҳамма замонда ҳам ўзига яраша машаққатни талаб қилган. Мазҳаблар юзага келаётган пайтдаги илм машаққати шунда эдики, Расулуллоҳнинг сўзлари ҳали бир манбага жам бўлмаган, ҳадисларни тўплаш ва саралаш ишлари тугалланмаган эди. Аммо Аллоҳга шукрки, бугун бундай муаммо деярли йўқ. Шундай экан, тайёр ҳолатга келтириб, тартибга солиб қўйилган илм хазинасидан кўпроқ баҳраманд бўлишга интилиш керак. Шунда инсон ижтиҳод даражасига етмаса ҳам тақлиддан кўтарилиб, иттибоъ даражасига эришади, иншоаллоҳ.

Энг аввал Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг сўзлари

Ҳар бир замоннинг уламолари Аллоҳ ва Расулуллоҳдан келаётган бу илмларни ўзларидан аввалгилардан қабул қилиб олиб, замондошларига ўргатадилар ва кейингиларга қолдирадилар. Шундай қилиб, одамлар Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг сўзларини уламолардан оладилар. Раббоний олимлар бу икки манбани халққа пок ва асл ҳолатда етказадилар, ўзларидан бирор нарса қўшмайдилар, ўз шарҳ ва таъвилларини, фикрларини оят ва ҳадисдан устун қўймайдилар. Одамлар ҳам шу қоидага риоя қилишлари лозим.  

فلا يدفع كتاب الله وسنة رسوله صلى الله عليه وسلم بقول أحد، ولا عذر لأحد عند الله في اتباع قول يعلم أن الدليل ثابت بخلافه .

«Бас, Аллоҳнинг китобини ва Унинг расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини бирор инсоннинг сўзи билан четга сурилмайди. Бир қавлнинг далилга зид эканини била туриб, шунга эргашган одам учун Аллоҳ ҳузурида ҳеч қандай узр йўқ».

http://www.islamweb.net/ver2/fatwa/ShowFatwa.php?lang=A&Id=2397&Option=FatwaId

Мазҳабни саҳиҳ ҳадислар билан далиллаш лозим

Шу айтилганлардан хулоса қилиш мумкинки, агар кимдир мазҳаблар ва ҳадислар орасида муаммо кўраётган бўлса, бу унинг хатосидир.

Биз икки нуқтага алоҳида эътибор беришимиз лозим. Биринчиси биз мазҳабга амал қиламиз, деган қараш ҳақида. Иккинчиси биз салафлар йўлидамиз, деган фикр ҳақида.

Биринчи фикр рўпарасига мана бу саволни кўндаланг қўямиз: «Ислом динимизнинг асоси нимадан ташкил топади?» Бу саволга тўрт мазҳабнинг ҳаммасида бир хил жавоб берилган: «Қуръон ва ҳадис».

Аҳли суннанинг биронта мазҳабида Исломнинг асоси фалон имомнинг сўзи, деган қоида йўқ. Шундай экан, мазҳаб илмини олаётган талаба фиқҳий масалалар сўнггидан, оят ва ҳадисларни ўрганишга жиддий аҳамият беради. Мазҳабининг далилларини билишга интилади.

Иккинчи турдаги фикр «биз салафлар йўлидамиз», деган шиор қаршисида мана бу саволни қўямиз: «Ҳадисларни шарҳи билан ўрганишда, тушунишда қайси китобларга мурожаат қилинади?» Бу саволнинг жавобида ўз-ўзидан Фатҳул-Борий, Нававий каби бир қатор мўтабар китоблар номи зикр этилади. Ҳадис толиблари бу китобларни ҳатлаб ўта олмайдилар. Бу китоб муаллифлари эса ҳадисларни шарҳлашда, фиқҳий хулосалар чиқаришда буюк имомлар – Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Муҳаммад, Молик, Шофеий ва Аҳмад раҳимаҳумуллоҳларнинг номларини такрок-такрор эҳтиром ва дуолар билан зикр қилишларини кўрамиз.

Аллоҳ таоло барча уламоларни ўз раҳматига сазовор қилсин. Бугун илм йўлида кетаётган талабаларга, шулар қаторида бизга ҳам ихлос ва фойдали илм ато қилсин.

Расулимизга, у зотнинг оилаларига ва асҳобларига салавоту саломлар бўлсин.