Намознинг фарзлигига далил бўлган оят қайси?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Намоз қайси сурада ва қайси оятда фарз қилинган?

Зиёвуддин.

Жавоб: Инсон Исломдаги бирор амални ўрганар экан ёки шуни адо этишга киришар экан, шу амалнинг Исломдаги ҳукми ва далилини билиши жуда яхши фазилатдир.

Намоз Ислом динида иймон келтиргандан сўнг бажариш лозим бўлган энг муҳим амал саналади. Бу ибодатнинг фарзлиги оят, ҳадис ва ижмоъ билан собит бўлган.

Қуръони каримда намознинг фарзлигини умумий шаклда эълон қилувчи бир неча оятлар нозил бўлган. Шулардан баъзилари қуйидаги оятлардир:

{ وَأَقِيمُوا الصَّلاَةَ } (سورة البقرة / 110).

«Намозни бажо қилинглар». (Бақара/110).

{ إِنَّ الصَّلاَةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَوْقُوتًا }  (سورة النساء / 103) .

«Албатта намоз мўминлар зиммасига вақти аниқ белгилаб қўйилган фарздир». (Нисо/103).

Беш маҳал намознинг фарзлигига ишора қилувчи оятлардан баъзилари мана булар:

{ حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلاَةِ الْوُسْطَى وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِينَ } (سورة البقرة / 238).

 

«Намозларни, жумладан ўртада келувчи намозни вақтида ўқишда бардавом бўлинглар. Намозда Аллоҳ учун ўзингизни паст олган ҳолда қойим турингиз». (Бақара/238).

Муфассирлар оятдаги ўрта намоздан мурод аср намозидир, дейишган.

{ وَأَقِمِ الصَّلاَةَ طَرَفَيِ النَّهَارِ وَزُلَفًا مِنَ اللَّيْل }  (سورة هود / 114).

«Намозни куннинг икки тарафида ва туннинг бир қисмида бажо келтиринг». (Ҳуд/114).

Уламолар бу оятда беш маҳал намознинг вақтлари зикр этилганини ёзишади ва намозларни аниқлашда бир неча хил маъноларни хулоса қилиб чиқаришади. Жумладан, «куннинг икки тарафида» деганда бомдод, пешин ва аср, «туннинг бир қисмида» деганда шом ва хуфтон намозлари назарда тутилган, дейишади.