Қироатда хатоси кўп бўлган имомга иқтидо қилишнинг ҳукми
Савол: Мени кўпдан бери бир савол қийнайди. Шу саволга жавоб ва маслаҳат берсангиз. Мен Қирғизистонни Жалолобод шаҳридан бўламан. 2010 йилнинг июн ойида бўлиб ўтган тўполонда маҳалламиздан бир бизнинг уйимиз талон-тарож қилиб, куйдириб юборилган. Алҳамдулиллаҳ, оила аъзоларимиз билан ҳаммамиз соғ-омонмиз. Биз бомдод, шом ва хуфтон намозларига маҳалла масжидимизга чиқишга мажбурмиз. Сабаби – кеч кирганда узоқроқдаги масжидларга бориш хатарли. Аммо масжидимиздаги имомларимиз намозда Қуръон оятларини бузиб, хато ўқишади. Уларни бу хатоларини яхши гапириб ҳам, қаттиқ гапириб ҳам айтиб кўрдик, лекин яхши томонга ўзгармасдан, аксинча, бизни ёмон кўриб, ҳизбий, ваҳобий, деб жамоатга ҳам ёмон кўрсатиб бўлишди. Жамоатимизнинг кўпчилиги катта ёшдаги, Қуръонни ўқишни билмаган кишилардан ташкил топганлигидан, имомларни хатоларини билмасдан иқтидо қилиб ўқишяпти. Мени қилаётган амалим гуноҳ бўляптими? Агар гуноҳ бўлса нима қилишим керак? Аллоҳ рози бўлсин.
Шерзод.
Жавоб: Аллоҳ таоло сизга ва оила аъзоларингизга Ўз марҳаматларини ато айласин. Маҳалла аҳлингиз, қавму қариндошларингиз ва юртошларингиз билан соғ-омонликда, Ислому иймонда барқарор ҳаёт кечиришингизни тилаймиз. Раббимиз мусулмонларга ўзаро тотувликда умр ўтказишни муяссар этсин.
Сизнинг масжид имомларига – агар улар қироатда билмасдан хато қилаётган бўлсалар – иқтидо қилиб намоз ўқишингиз иншоаллоҳ тўғри амал, валлоҳу аълам.
Маънони ўзгартирмайдиган хато намозни бузмайди
Маълумки, қироатдаги хато икки турда бўлади: маънони ўзгартирмайдиган хато, маънони ўзгартирадиган хато.
Ал-Мавсуатул-фиқҳийянинг «Қироатда хато қилиш боби»да келтирилади:
اللَّحْنُ فِي الْقِرَاءَةِ :اتَّفَقَ الْفُقَهَاءُ عَلَى أَنَّ اللَّحْنَ فِي الْقِرَاءَةِ إِنْ كَانَ لاَ يُغَيِّرُ الْمَعْنَى فَإِنَّهُ لاَ يَضُرُّ وَتَصِحُّ الصَّلاَةُ مَعَهُ. وَاخْتَلَفُوا فِي اللَّحْنِ الَّذِي يُغَيِّرُ الْمَعْنَى. (الموسوعة الفقهية الكويتية – (33 / 51).
«Фуқаҳолар қироатдаги хато агар маънони ўзгартирадиган даражада бўлмаса, бунинг зарари йўқ ва намоз дуруст бўлади, деган сўзда иттифоқдирлар. Улар маънони ўзгартирадиган хато тўғрисида турли фикрда бўлишган». (Ал-Мавсуа – 33/51).
Шунга кўра қироатдаги хато оят маъносини ўзгартириб юбормаса, намоз бузилмайди.
Маънони ўзгартирадиган хатонинг ҳукми
Маънони ўзгартирадиган хато ҳақида уламолар ораларида аввалда ҳам ҳозирда ҳам икки хил фикр мавжуд. Ҳанафий мазҳабидаги китобларда бу мавзудаги хулоса мана бундай:
وَإِنْ غَيَّرَ الْمَعْنَى تَغْيِيرًا فَاحِشًا بِأَنْ قَرَأَ وَعَصَى آدَمَ رَبُّهُ بِنَصْبِ الْمِيمِ وَرَفْعِ الرَّبِّ وما أَشْبَهَ ذلك مِمَّا لو تَعَمَّدَ بِهِ يَكْفُرُ إذَا قَرَأَ خَطَأً فَسَدَتْ صَلَاتُهُ في قَوْلِ الْمُتَقَدِّمِينَ وَاخْتَلَفَ الْمُتَأَخِّرُونَ قال محمد بن مُقَاتِلٍ وأبو نَصْرٍ محمد بن سَلَّامٍ وأبو بَكْرِ بن سَعِيدٍ الْبَلْخِيّ وَالْفَقِيهُ أبو جَعْفَرٍ الْهِنْدُوَانِيُّ وأبو بَكْرٍ محمد بن الْفَضْلِ وَالشَّيْخُ الْإِمَامُ الزَّاهِدُ وَشَمْسُ الْأَئِمَّةِ الْحَلْوَانِيُّ لَا تَفْسُدُ صَلَاتُهُ وما قَالَهُ الْمُتَقَدِّمُونَ أَحْوَطُ لِأَنَّهُ لو تَعَمَّدَ يَكُونُ كُفْرًا وما يَكُونُ كُفْرًا لَا يَكُونُ من الْقُرْآنِ وما قَالَهُ الْمُتَأَخِّرُونَ أَوْسَعُ لِأَنَّ الناس لَا يُمَيِّزُونَ بين إعْرَابٍ وَإِعْرَابٍ كَذَا في فَتَاوَى قَاضِي خَانْ. (الفتاوى الهندية – 1 / 81).
«Агар хато маънони жуда хунук тарзда ўзгартириб юборса, масалан, «Одамнинг Раббиси унга осий бўлди», деб мимни фатҳа билан, Раббни замма билан ўқиса, – бу қасддан қилса кофир бўладиган ишлардан – бу ҳолатда аввалги уламолар наздида намози бузилади. Кейинроқ келган уламолар эса бу масалада бошқача фикрда бўлганлар. Муҳаммад ибн Муқотил, Абу Наср Муҳаммад ибн Салом, Абу Бакр ибн Саид Ал–Балхий, фақиҳ Абу Жаъфар Ал–Ҳиндувоний, Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл, шайх имом зоҳид шамсул–аимма Ал–Ҳалвонийлар «намоз бузилмайди», дейишган. Мутақаддиминлар айтган сўз эҳтиёткорликдир. Мутааххиринларнинг сўзлари эса бағрикенгликдир. Чунки одамлар «эъроб»лар орасини ажрата олмайдилар». (Фатовойи ҳиндийя- 1/81).
Баъзи уламолар маъно бузиладиган даражадаги хато ҳақида гап кетганда Фотиҳа сураси билан бошқа сураларни фарқлаш лозимлигини айтишган. Чунки Фотиҳа ҳар намозда ўқилиши шарт бўлган сура экан, ҳар бир мусулмон уни тўғри ўқишга ўрганиш зарур.
من كان إماماً أو مأموماً يخطئ في قراءة الفاتحة بما يغيِّر معنى الآيات : فصلاته باطلة … ويجب عليه أن يصحح قراءته ، وأن يتعلم قراءة الفاتحة على الصواب ؛ إلا أن يعجز عن تعلم ذلك ، بعد اجتهاده فيه ، فلا يكلف الله نفسا إلا وسعها . لكنه إن كان إماماً فلا يصلي وراءه إلا من كان مثله أو دونه في إقامة الفاتحة .
«Кимки хоҳ имом, хоҳ иқтидо қилувчи бўлсин, Фотиҳа сурасининг қироатида оятлар маъносини ўзгартирадиган тарзда хато қиладиган бўлса, бас унинг намози ботилдир… Унга қироатини тўғрилаб олиш ва Фотиҳа сурасини тўғри ўқишни ўрганиш вожиб. Илло ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам уни ўрганишнинг уддасидан чиқа олмаса, у ҳолатда Аллоҳ ҳеч бир инсонни тоқати етмайдиган ишга буюрмайди, деймиз. Локин агар бундай одам имом бўлса, унинг орқасида фақат ўзига ўхшаган ёки Фотиҳани бажо қилишда ўзидан қуйироқ даражада бўлган одам ўқиши мумкин». (http://www.islamqa.com/ar/ref/70270).
Юқоридагилардан хулоса қилиб қуйидагиларни айтиш мумкин:
- Қироатда маънони ўзгартириб юбормайдиган хато намозни бузмайди;
- Маънони ўзгартирадиган хато Фотиҳа сурасидан бошқа оятларда бўлса, намоз бузилмайди;
- Иқтидо қилган одамнинг даражаси имомнинг даражасидан паст бўлса, имомнинг ҳар икки турдаги хатоси ҳам намозни бузмайди;
- Қироати тўғри одамнинг қироати хато имом орқасида намоз ўқишига мутааххирин уламолар рухсат беришган.