Жумъа намозига бормасликка узр борми?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Мен Туркияда ишлайман. Баъзан иш билан бўлиб жумъа намозларига боролмайман. Бунинг ҳукми қанақа? Олдиндан раҳмат.

Ҳусан.

Жавоб: Жумъа намозини адо этиш ҳар бир балоғатга етган, ақли комил, соғлом, озод, сафар устида бўлмаган мусулмон эркакнинг зиммасида фарзи айндир. Жумъа намозининг фарзлиги оят, ҳадис ва ижмоъ билан собит бўлган. Жумъа намозини узрсиз қолдириш гуноҳ ҳисобланади.

* * *

  • Жумъа намози ҳақида оят ва ҳадислар;
  • Иш билан банд одамлар нима қилади?
  • Узрли саналадиган иш ёки хизматлар;
  • Жумъа ибодати учун шароит яратиш.

* * *

Жумъа намози ҳақида оят ва ҳадислар

{ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا نُودِيَ لِلصَّلَاةِ مِنْ يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ } (الجمعة – 9).

«Эй иймон келтирган инсонлар, жумъа куни намозга азон айтилган вақтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдосотиқни тарк этинг. Ана шу ишингиз агар билсангиз сизлар учун яхшироқдир». (Жумуъа-9).

Узрсиз равишда жумъа намозига бормаган инсон шубҳасиз гуноҳкор бўлади. Бу ҳақда иккита ҳадис келтирамиз.

عَنْ عَبْد اللَّهِ بْن عُمَرَ وَأَبي هُرَيْرَةَ أَنَّهُمَا سَمِعَا رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ عَلَى أَعْوَادِ مِنْبَرِهِ: «لَيَنْتَهِيَنَّ أَقْوَامٌ عَنْ وَدْعِهِمُ الْجُمُعَاتِ أَوْ لَيَخْتِمَنَّ اللَّهُ عَلَى قُلُوبِهِمْ ثُمَّ لَيَكُونُنَّ مِنَ الْغَافِلِينَ». (صحيح مسلم – 3 / 10).

Абдуллоҳ ибн Умар ва Абу Ҳурайрадан ривоят. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбар зиналари устида туриб, бундай деётганларини эшитдилар: «Баъзи қавмлар жумъаларни тарк этишни ё тўхтатадилар ёки Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босади. Сўнг улар аниқ ғофиллардан бўлиб қоладилар». (Саҳиҳи Муслим – 3/10).

عن أبي الجعد الضمري قال: قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: «من ترك الجمعة ثلاث مرات تهاونا بها طبع الله على قلبه». (سنن الترمذي – 2 / 373، قال الشيخ الألباني : حسن صحيح).

Абу Жаъд Замрийдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки уч марта бепарволик билан жумъани тарк қилса, Аллоҳ унинг қалбини муҳрлайди». (Сунани Термизий – 2/373. Албоний: ҳасан, саҳиҳ).

Ҳадисдаги бепарволик деган иборадан жумъага узрсиз равишда бормаслик тушунилади.

Иш билан банд одамлар нима қилади?

Жумъа куни иш билан банд бўладиган одамлар Қуръон оятига кўра жумъага азон айтилиши билан ишни тўхтатишлари ва азонга жавоб қилишлари, яъни жумъа хутбасини тинглашга, намозни жамоат билан ўқишга интилишлари лозим бўлади. Бу пайтда ишчилар ҳам, иш берувчилар ҳам жумъага ҳозир бўлишлари зарур. Агар корхона раҳбари ишчининг жумъага боришига рухсат бермаса, албатта гуноҳга ботади. Ишчи эса тўхтаб қолмаслиги керак бўлган ишда ишлаётган бўлса, ўзининг ўрнига шу ишни бажариб тура оладиган ва жумъага бориши фарз бўлмаган бирор одамни қўйиб боради. Ишда ҳозир бўлмаган соатлар учун ойликдан кесиб олиниши жумъага бормаслик учун узр бўла олмайди.

Узрли саналадиган иш ёки хизматлар

Агар иш ёки хизмат шундай нозик вазифадан иборат бўлсаки, уни ташлаб кетиш ёки ўрнига бошқани қўйиб бориш катта зарарлар келтириб чиқариши аниқ бўлса, бу узрли ҳолат саналади. Бунга тез тиббий ёрдам ва фавқулодда операция хизматлари, ёнғинга қарши курашувчи ташкилотлар, чегара, йўл ҳаракати, телефон ва бошқа турдаги алоқа хизматларининг иши мисол бўла олади. Бу каби соҳаларда ишловчи ходим жумъа намозига бора олмаса, узр ҳисобланади. Уламолар бу сўзга Тағобун сурасидаги қуйидаги оятни далил қилиб келиришгади:

{ فاتقوا الله ما استطعتم } (التغابن-16).

«Аллоҳдан қўлингиздан келганича тақво қилинг». (Тағобун-16)

(http://www.islamqa.com/ar/ref/36530)

Жумъа ибодати учун шароит яратиш

Мусулмон одам узрли вазиятга ўз ихтиёри билан рози бўлиб, бир умр жумъа ўқимасдан яшай олмайди. Нозик ишда ишлаб туриб ҳам жумъа ибодатини бажо этиш имкониятларини излайди. Ўзининг иш шароитларини ўнглашга, мослаштиришга ҳаракат қилади.

Ўз корхонаси ёки идорасининг истиқболи ҳақида бош қотирадиган раҳбар ҳам ўзининг дини ёки эътиқодидан қатъиназар қўл остида ишлайдиган мусулмон хизматчилар учун зарурий шароитларни яратиб беришга ҳаракат қилади. Жумладан, идора ёки муассаса қошида беш маҳал намозни ва жумъа ибодатини адо этадиган кичик ҳажмдаги масжид ёки намозхона ташкил қилиш, намоз ўқийдиган ходимларнинг жумъага боришларини тартибловчи жадваллар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ иш бўлади.