“Ҳизбут-Таҳрир фирқаси ҳақида чуқурроқ маълумот берсангиз”

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Савол: Алҳамдулиллаҳ, сизнинг Ислом учун қилаётган солиҳ амалларингиз динимиз учун анча ютуқ бўлаяпти, иншааллоҳ. Устоз, сиздан сўрамоқчи бўлган саволим – Ҳизбут-Таҳрир фирқаси тўғрисида. Шу фирқа ҳақида чуқурроқ маълумот берсангиз, илтимос, келиб чиқиши ва хатолари ҳақида. Қурон ва Ҳадисдан келтирсангиз. Устоз, узр сўрайман, иложи бўлса тезроқ жавоб берсангиз.

Л.

Жавоб: Аллоҳ таоло бизда сиз билдирган яхши сифатларнинг ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлишини насиб этсин. Ўзингизга фойдали илм ва икки олам саодатини ато қилсин.

Сиз сўраган мавзуни батафсил баён қилиб беришга афсуски, имконимиз йўқ эканини айтиб, узр сўраймиз. Шу билан бир қаторда бундай масалаларга дуч келган инсонлар учун энг муҳим қоидани эслатиш лозим, деб ҳисоблаймиз. У шундан иборатки, Исломда ҳақ йўлда барқарор бўлиш, илм олиш ва бошқаларни ҳам тўғри йўлга даъват қилиш нотўғри йўллар ва адашган фирқаларни ўрганиш билан эмас, балки Аллоҳ ва Расулуллоҳ томонларидан аниқ кўрсатилган ва саҳобалар, тобеийнлар, уламолар томонларидан батафсил баён қилиб берилган ягона ҳақ йўл бўлмиш Аҳли сунна вал-жамоа ақидасини асл манбалардан мукаммал ўрганиш билан насиб бўлади.

Аллоҳ таоло айтади:

{ وَأَنَّ هَذَا صِرَاطِي مُسْتَقِيمًا فَاتَّبِعُوهُ وَلاَ تَتَّبِعُواْ السُّبُلَ فَتَفَرَّقَ بِكُمْ عَن سَبِيلِهِ ذَلِكُمْ وَصَّاكُم بِهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ } (الأنعام-153)

«Бу Менинг тўғри йўлимдир, бас шунга эргашинглар. Ўзга йўлларга эргашманг, улар сизларни Аллоҳнинг йўлидан ажратиб ташламасин». (Анъом-152).

فَاتَّبِعُوا سَبِيلَ اللهِ يَا أَيُّهَا المُؤْمِنُونَ ، لأنَّهُ سَبيلٌ وَاضِحٌ وَاحِدٌ ، وَلاَ تَتَّبِعُوا السُّبُلَ المُتَفَرِّقَةَ المُضِلَّةَ ، حَتَّى لا تَتَفَرَّقُوا شِيَعاً وَأَحْزَاباً ، وَتَبْعُدُوا عَنْ صِرَاطِ اللهِ السَّوِيِّ. (أيسر التفاسير لأسعد حومد – (1 / 943)

«Эй мўминлар, Аллоҳнинг йўлига эргашингиз. Чунки у ягона очиқойдин йўлдир. Бўлиниб кетган адаштирувчи йўлларга эргашмангиз. Токи, гуруҳлар ва ҳизбларга бўлиниб, Аллоҳнинг ҳақ йўлидан узоқлашиб кетмангиз». (Асъад Ҳавмад, Айсаруттафосир-  1/943).

Кимдир «Биз бошқа йўлларга эргашмаяпмиз, фақат уларнинг хатосини билиб қўймоқчимиз холос», деб айтиши мумкин. Ёки «Эргашганларни қайтармоқчимиз», деган сўзлар ҳам эшитилиши мумкин. Аммо биз бундан аввал ўзимизга ўзимиз бир савол бериб кўрайлик. «Биз ўзимиз эргашишимиз керак бўлган йўлни қанчалик даражада биламиз?» Чунки бизнинг Исломга эргашишимиз, уни қанчалик даражада билишимизга яраша бўлади. Маълумки, инсон билган нарсасига амал қилади.

Шундай экан, ер юзининг қайси бурчагида бўлмасин, Аҳли суннадан ўзгача эътиқодларни хоҳ янгича, хоҳ эскича кўринишларда даъво қилиб чиқаётган гуруҳлар бўлар экан, уларга жавоб беришнинг асоси ҳужжат ва далилларга асосланган мукаммал сунний эътиқод соҳиби бўлишдир. Агар биз Қуръон, саҳиҳ ҳадислар ва Аҳли сунна ақидасини эҳтиёжимизга яраша ва асл манбага мувофиқ тарзда яхши билмас ва амал қилмас эканмиз, бошқаларнинг хатосини кўрсатиш ва уларга насиҳат қилишдан фойда йўқ. Акс ҳолда инсон ўзиники қолиб, бошқанинг йўлини ўрганишга ўтиб кетади.

Шунинг учун мусулмон инсон Аҳли сунна мазҳабидаги зарурий билимларни ҳосил қилишга ҳаракат қилиши лозим.

Аллоҳ ҳаммамизга илм ва маърифат йўлида куч-ғайрат ва ихлос ато айласин. 

Мавзу бўйича қўшимча маълумот:

Ҳақ йўлни қандай танилади?