Уйга кириш ва уйдан чиқишдаги одоблар

Бўлимлар: 08. Суннат

Савол: Уйга кирганда ўнг оёқ билан кирилади. Чиққанда қайси оёқ билан чиқиш керак?

Иброҳим.

Жавоб: Маълумки, Шариат қоидаларида ҳурмат маъносини ифода этган ҳар қандай ишда ўнг томонни, ҳурматга нолойиқ ишларда эса сўл томонни муқаддам тутилади. Бу қоида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан олинади. Аммо Суннатда уйга кираётганда ва уйдан чиқаётганда ўнг ёки чап оёқни биринчи қўйиш ҳақида кўрсатма келмаган. Бинобарин, яхши ният билан ўнг оёқни қўйса – яхши. Агар чап оёқ билан кирса ёки чиқса, бу Суннатга хилоф иш қилди, деб айтилмайди.

* * *

  • Ҳурмат маъноси бор ҳар бир иш – ўнг томондан;
  • Ўнгу сўлни танлашда қатъий кўрсатма бўлмаган ишлар;
  • Уйга кираётганда ўқиладиган хос дуо борми?

* * *

Ҳурмат маъноси бор ҳар бир иш – ўнг томондан

Нававий раҳимаҳуллоҳ Риёзус-солиҳийн китобида ёзадилар:

باب استحباب تقديم اليمين في كل مَا هو من باب التكريم ؛ كالوضوءِ وَالغُسْلِ وَالتَّيَمُّمِ ، وَلُبْسِ الثَّوْبِ وَالنَّعْلِ وَالخُفِّ وَالسَّرَاوِيلِ وَدُخولِ الْمَسْجِدِ ، وَالسِّوَاكِ ، وَالاكْتِحَالِ ، وَتقليم الأظْفار ، وَقَصِّ الشَّارِبِ ، وَنَتْفِ الإبْطِ ، وَحلقِ الرَّأسِ ، وَالسّلامِ مِنَ الصَّلاَةِ ، وَالأكْلِ ، والشُّربِ ، وَالمُصافحَةِ ، وَاسْتِلاَمِ الحَجَرِ الأَسْوَدِ ، والخروجِ منَ الخلاءِ ، والأخذ والعطاء وغيرِ ذَلِكَ مِمَّا هُوَ في معناه .

ويُسْتَحَبُّ تَقديمُ اليسارِ في ضدِ ذَلِكَ ، كالامْتِخَاطِ وَالبُصَاقِ عن اليسار ، ودخولِ الخَلاءِ ، والخروج من المَسْجِدِ ، وخَلْعِ الخُفِّ والنَّعْلِ والسراويلِ والثوبِ ، والاسْتِنْجَاءِ وفِعلِ المُسْتَقْذرَاتِ وأشْبَاه ذَلِكَ «. («رياض الصالحين – 1 / 405، النووي).

«Ҳурмат маъноси бор ҳар бир ишда ўнг томонни муқаддам тутишнинг мустаҳаблиги ҳақидаги боб. Бунга таҳорат, ғусл, таяммум қилиш, шиппак, махси, шалворларни кийиш, масжидга кириш, мисвок қилиш, сурма тортиш, тирноқ олиш, мўйловни қисқартириш, қўлтиқ остини тозалаш, соч олиш, намоз сўнггида салом бериш, еб-ичиш, қўл бериб сўрашиш, Ҳажарул-Асвадни силаш, ҳожатхонадан чиқиш, олиш, бериш каби ишлар киради. Бундай ишларнинг зиддида чап томонни муқаддам тутиш мустаҳабдир. Бунга бурун қоқиш, тупуриш, ҳожатга кириш, масжиддан чиқиш, махси, шиппак, шалвор ва кийимларни ечиш, истинжо қилиш, нопок нарсаларга қўл теккизиш каби ишлар мисолдир».  (Риёзуссолиҳийн 1/405, Нававий).

 Ўнгу сўлни танлашда қатъий кўрсатма бўлмаган ишлар

Турмушда баъзи ишлар борки, улар ўнгданми ёки чапданми, деган савол орасида қолади. Уйга кириш, уйдан чиқиш масаласи ҳам шулардан бири. Нававийнинг сўзларини шарҳлаб, Ибн Аллон бундай деган:

«سكت عما لا تكرمة فيه ولا إهانة كدخول المنزل. وقد اختلف فيه: فقيل إنه باليمنى، نظراً لعدم وجود الإهانة المقتضية اليسرى. وقيل: باليسرى، لفقدان التكريم المقتضي بها. والراجح الأول «. (ابن علان رحمه الله في شرحه «دليل الفالحين لطرق رياض الصالحين» (6 / 7) .

«Ҳурмат ҳам, паст санаш ҳам ҳисобланмайдиган ишлар ҳақида индамаганлар, уйга кириш масаласига ўхшаш. Бу масалада ихтилоф бор. Чап оёқни тақозо қиладиган паст тутиш маъноси бўлмагани учун уйга ўнг оёқ билан кирилади, деб ҳам айтилган. Ўнг оёқни тақозо қиладиган ҳурматлаш маъноси бўлмагани учун чап оёқ билан кирилади, деб айтилган ери ҳам бор. Биринчи қавл устунроқ». («Далилул-фолиҳийн» – 6/7). (http://www.islamqa.com/ar/ref/138382)

Баъзи олимлар уйга кириш ва чиқишда ўнг ёки чап оёқни қўйишнинг аҳамияти йўқ, дейишади. Демак, бу масалада ҳар кимнинг ихтиёри ўзида. Суннатда аниқ кўрсатма келмагани учун истаса чап оёқни биринчи қўяр. Аммо яхши ишларни ўнг томондан бошлаш афзал эканини инобатга олиб, яхши ният билан ўнг оёқни биринчи қўйса, буниси афзалроқ, валлоҳу аълам.

Уйга кираётганда ўқиладиган хос дуо борми?

Маълумки, «Ҳиснул-муслим» китобида Абу Довуд ривоят қилган ҳадисга асосан, уйга кираётганда мана бу зикр айтилиши кўрсатилган:

اللَّهُمَّ إِنِّى أَسْأَلُكَ خَيْرَ الْمَوْلِجِ وَخَيْرَ الْمَخْرَجِ بِسْمِ اللَّهِ وَلَجْنَا وَبِسْمِ اللَّهِ خَرَجْنَا وَعَلَى اللَّهِ رَبِّنَا تَوَكَّلْنَا

Бироқ бу ҳадисни бир неча муҳаддислар, жумладан шайх Албоний заиф деганлар. Саҳиҳ суннатда эса уйга кираётган пайтда ўқиладиган хос дуо келмаган.

Ушбу масалада Саҳиҳи Муслимда Жобир ибн Абдуллоҳдан келган ривоятни эслаш ўринлидир. Жобир Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деётганларини эшитди. “Инсон уйига кираётган пайтда ва таом еётган пайтда Аллоҳни зикр қилса, шайтон (шерикларига) айтади: “Сизларга ётадиган жой ҳам йўқ – кечки овқат ҳам”. Агар инсон уйига кирсаю кираётган пайтда Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон айтади: “Ётадиган жойни топдинглар”. Агар инсон овқат устида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон айтади: “Ётадиган жойни ҳам топдинглар – кечки овқатни ҳам”.

Шу ҳадисга асосланган ҳолда айтиш мумкинки, уйга кираётганда «Бисмиллаҳ», деб айтиш билан суннат бажо қилинган бўлади, иншоаллоҳ.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар сафар уйдан чиқаётган пайтларида мана бу дуони ўқир эдилар:

اللَّهُمَّ إِنِّى أَعُوذُ بِكَ أَنْ أَضِلَّ أَوْ أُضَلَّ أَوْ أَزِلَّ أَوْ أُزَلَّ أَوْ أَظْلِمَ أَوْ أُظْلَمَ أَوْ أَجْهَلَ أَوْ يُجْهَلَ عَلَىَّ