Фойда кўриш учун қарз бериш – ҳаром
Савол: Бир инсон Кореяда ишлайди. У Ўзбекистондаги жиянига айтибдики, «Жиян, мен сени Кореяга олиб келиш учун пул сарф қиламан. Бунга 3 минг кетади, кейин сен Кореяга бориб, менга 6 минг қилиб берасан», деган экан. Шу рибога кирадими?
Абдуллоҳ.
Жавоб: Саволда таърифланган инсоннинг шартига қараганда унинг ўз жиянини Кореяга олиб келиш учун сарф қиладиган 3000 доллар маблағи жиянининг елкасига қарз бўлиб юкланади. 3000 доллар қарзни 6000 минг қилиб қайтаришга келишиш эса рибо бўлади. Ислом фиқҳида «Фойда келтирган ҳар қандай қарз рибодир», деган қоида бор. Шунга кўра 3000 қарз ўзи билан олиб келадиган 3000 фойда рибодир.
Ислом динимизга кўра қарз бериш мутлақо беғараз ва холис бўлиши лозим. Қарз берган одамга Аллоҳ таоло савоблар ато қилади.
Рибохўр одамга Қуръон ва ҳадисда қаттиқ азоблар борлиги хабар қилинган.
الرِّبَا مُحَرَّمٌ بِالْكِتَابِ وَالسُّنَّةِ وَالإْجْمَاعِ ، وَهُوَ مِنَ الْكَبَائِرِ ، وَمِنَ السَّبْعِ الْمُوبِقَاتِ ، وَلَمْ يُؤْذِنِ اللَّهُ تَعَالَى فِي كِتَابِهِ عَاصِيًا بِالْحَرْبِ سِوَى آكِل الرِّبَا ، وَمَنِ اسْتَحَلَّهُ فَقَدْ كَفَرَ – لإِِنْكَارِهِ مَعْلُومًا مِنَ الدِّينِ بِالضَّرُورَة. (الموسوعة الفقهية الكويتية – 22 / 51).
«Рибо Китоб, суннат ва ижмоъ билан ҳаром қилинган. У улкан жиноятлардан ва еттита ҳалок қилувчи гуноҳнинг бири саналади. Аллоҳ Ўз китобида рибохўрдан бошқа бирор гуноҳкорга қарши уруш эълон қилмаган. Кимки рибони ҳалол санаса, динда аниқ нарсани инкор қилгани учун албатта кофир бўлади». (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя-ал-кувайтийя – 22/51).
Мусулмон инсонлар учун рибо каби жирканч йўлдан буткул узоқ бўлишлари, бунинг ўрнига Ислом ҳалол қилган савдо-тижорат билан қонун қоидага риоя қилган ҳолда шуғулланишлари матлуб ва маъқул ишдир.
Иймонли одамлар бир-бирларига холис ёрдам кўрсатадилар. Мана шунда инсонлар ўртасида ҳурмат, ишонч ва меҳру оқибат мустаҳкамланади. Турмушда ҳам барака бўлади.
Аллоҳ таолодан барчамиз учун ҳақ йўлга ҳидоят ва ҳалол ризқ ато қилишини сўраймиз.