Аллоҳ таолога нисбатан “ҳазрат” сўзини қўллаб бўладими?
Савол: Мен Туркияда баъзи имом-хатибларнинг “Аллоҳ ҳазратлари”, деган сўзларини эшитдим. Шунга нима дейсиз? Аллоҳу таолога нисбатан шу сўзни айтилса бўладими?
Ҳикматуллоҳ.
Жавоб: Маълумки, Аллоҳ таолони тўғри таниш учун Унинг Ўзи ҳақида фақат Унинг Ўзи ва Расули берган хабарларга суянилади. Биз Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони Унинг исм ва сифатлари орқали таниймиз. Исм ва сифатлар Қуръони каримда ва саҳиҳ ҳадисларда келади. Аллоҳнинг барча исмлари ва сифатлари ниҳоятда гўзал маъноларни ифодалайди. Уларга ўзгартириш ёки қўшимчалар киритишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Улар бизга қандай берилган бўлса, ўшандай қабул қилишимиз лозим. Шунда уларнинг асл маъноси ва гўзаллигини сақлаган бўламиз. Бунга зид йўл тутиш исмларнинг гўзаллиги ва маъносига путур етказиш бўлади.
وَلِلَّهِ الأَسْمَاءُ الْحُسْنَى فَادْعُوهُ بِهَا وَذَرُوا الَّذِينَ يُلْحِدُونَ فِي أَسْمَائِهِ سَيُجْزَوْنَ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ (الأعراف – 180)
“Аллоҳнинг гўзал исмлари бор, бас ана ўшалар билан дуо қилинглар. Аллоҳниннг исмларига ўзгартириш киритадиганларни қўйинглар. Улар яқинда қилган амаллари учун жазо оладилар”. (Аъроф, 180).
ولله سبحانه وتعالى الأسماء الحسنى، الدالة على كمال عظمته، وكل أسمائه حسن، فاطلبوا منه بأسمائه ما تريدون، واتركوا الذين يُغيِّرون في أسمائه بالزيادة أو النقصان أو التحريف، كأن يُسمَّى بها من لا يستحقها، كتسمية المشركين بها آلهتهم، أو أن يجعل لها معنى لم يُردْه الله ولا رسوله، فسوف يجزون جزاء أعمالهم السيئة التي كانوا يعملونها في الدنيا من الكفر بالله، والإلحاد في أسمائه وتكذيب رسوله. (التفسير الميسر – 3 / 141).
“…Аллоҳнинг исмларини қўшимча киритиш, камайтириш ёки бузиш (“таҳриф”) билан ўзгартирадиганлардан воз кечинглар. Мушрикларнинг худолари каби нолойиқ нарсаларни Аллоҳнинг сифатлари билан номлаш ёки исмларга Аллоҳ ва Расул истамаган маънони ёпиштириш исмларни бузишдир. Ундайлар дунёда қилиб юрган ёмон амаллари – Аллоҳга кофир бўлиш, Унинг исмларини буриш, Расулини ёлғончига чиқариш каби ишларнинг жазосини яқинда тортадилар”. (Ат-Тафсирул-муяссар – 3/141).
Дарҳақиқат, сиз кимнидир улуғламоқчи бўлсангиз, унга ўзингизча исм қўймайсиз. Уни ўзингизга ёқадиган иборалар билан эмас, балки унга ёқадиган исм ва маънолар билан зикр этишингиз лозим бўлади. Чунки сизга ёққан нарса унга ёқмаслиги мумкин. Сиз фақат ўзингизга маъқул келган ишни қилаверсангиз, ўз нафсингиз истаган гапни гапираверсангиз, у инсон сиздан узоқлашади. Шундай экан, Аллоҳни зикр этишда, Унинг Ўзи ва Расули ўргатган ибораларни қўллашни ўрганиш лозим.
Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари ҳақида ақида китобларида батафсил баён қилинади. Биз шу соҳада битилган энг қадимий китобларга мурожаат қилар эканмиз, Аллоҳнинг исм ва сифатларига “ҳазрат” калимасини қўшиб айтилган ўринларни учратмаймиз. «Ҳазрат» калимасини Аллоҳ лафзига ва Расулуллоҳ исмларига қўшиб ишлатиш тасаввуф оқимларида бор.
“Ҳазрат” (الحَضْرَة) калимаси араб тилидаги “ҳазара” (حَضَر) феълидан олинган бўлиб, “ҳазара” ҳозир бўлди, келди, деган маънода ишлатилади. “Ҳазрат” эса яқинида, олдида, қошида, ҳузурида, деган маънони билдиради. Араб тилида сўзлашувчи одамлар “ҳазрат” калимасини оддий сўз сифатида истеъмол қилишади.
Агар кимдир араб тилида гапириб, масалан, “Қиёмат куни бандалар Аллоҳнинг ҳузурида турадилар”, деса ёки “Расулуллоҳнинг ҳузурларида бир одам гапирди”, демоқчи бўлса, “Фий ҳазратиллаҳи” ёки “Фий ҳазрати Расулиллаҳи”, деб гапириши мумкин. Бунда “ҳазрат” калимаси биронта алоҳида эътиқодий қоидани ифодаламайди. Бу пайда “ҳазрат”нинг ўрнида “инда” (عند) ёки “амома” (أمام) сўзини ишлатиш ҳам мумкин. Чунки бу сўзларнинг ҳаммаси бир хил маъноларни билдира олади.
Қадимий ва машҳур “Лисонул-араб” китобида ёки бошқа луғат китобларида “ҳазрат” илоҳий маънода ишлатилади, деб ёзилмаган. “Лисонул-араб”да “ҳазрат” калимасига жумладан, қуйидаги маънолар берилган:
كلَّمتُه بِحَضْرَةِ فلان وبمَحَضْرٍ منه أَي بِمَشْهَدٍ منه. (لسان العرب – 4 / 196).
“У билан фалончининг ҳузурида, у ҳозир бўлган пайтда, яъни у кўриб турганда гаплашдим”. (Лисонул-араб – 4/196).
الحَضْرَةُ قُرْبُ الشيء تقول كنتُ بِحَضْرَةِ الدار. (لسان العرب – 4 / 196).
“Ал-Ҳазрат” – бир нарсанинг яқини, масалан, “уйнинг яқинида эдим”, дейсан”. (Лисонул-араб – 4/196).
Яна шу китобда “ҳазрат” сўзи саҳронинг муқобили, яъни, шаҳар, қишлоқ маъноларини ҳам билдириши айтилган.
Демак, араб тилида ҳам, ақида китобларида ҳам “ҳазрат” калимасига алоҳида диний маъно берилмаган. Шунинг учун Раббимиз азза ва жалланинг исмини зикр этганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам каби сўзлашимиз керак. У зот Аллоҳ калимасининг ёнига “жалла жалолуҳу”, “таборака ва таоло”, “субҳонаҳу ва таоло” ёки “таоло” ибораларидан бирини қўшиб гапирар эдилар. Буни жуда кўп саҳиҳ ҳадисларда кўриш мумкин.