Исломда суратлар ҳақида нима дейилган?

Савол. Мени қизиқтирган савол суратлар ҳақида. Суратга тушиш, сурат чизиш ёки уйга қандай суратларни илиш ҳақида иложи бўлса, тушунтириб берсаларингиз, илтимос. Олдиндан катта раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин.

Шоҳруҳ.

Жавоб. Қўлда сурат чизиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир неча саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган бўлиб, улар жонли нарсаларга тегишлидир.

عَنْ عَبْدَ اللَّهِ بن مسعود رضي الله عنه قَالَ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ:

«إِنَّ أَشَدَّ النَّاسِ عَذَابًا عِنْدَ اللَّهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ الْمُصَوِّرُونَ» (صحيح البخاري – 15 / 93).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят. У киши деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деётганларини эшитдим: «Қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида энг қаттиқ азобда бўладиган одамлар мусаввирлардир». (Саҳиҳул Бухорий – 15/93).

Шу ва яна бошқа ҳадисларга асосланган ҳолда Исломда жонли нарсаларнинг суратини чизишга рухсат этилмаган. Аммо табиат манзаралари, иморатлар каби жонсиз ашёларни тасвирлаш тақиқланмайди.

Жонли нарсаларни фотосуратга тушириш ёки инсоннинг суратга тушиши кўнгил хушлик ва эрмак учун бўлиши оқланмайди. Суратга олиш ва тушиш зарурат ва бирор аниқ манфаат учун бўлса жоиз саналади. Зарурат ва манфаат деганда шахсни тасдиқлайдиган ҳужжат тайёрлаш, касаллик ёки жиноятни аниқлаш, ҳақни қарор топтириш, илмий мавзуларни ёритиш, таълим-тарбия ва даъват ишларини такомиллаштириш тушунилади. Бунда авратларни акс эттиришдан сақланилади.

«Исламвеб» саҳифасида эълон қилинган фатвонинг 3 қисмида шундай дейилади:  

 حبس الظل وهو التصوير بالكاميراأو الفيديو، وهو مختلف فيه بين أهل العلم كذلك ، بين مانع ومجيز، والذي نميل إليه الجواز ما لم يعرض فيه ما يحرمه، كأن تكون الصورة لامرأة متبرجة أولقصد التعظيم، فإن لم يعرض فيه ما يمنعه فالأظهر فيه الجواز إذ ليس فيه مضاهاة لخلق الله، بل هو تصوير عين ما خلق الله، خصوصا إذا تعلقت بذلك مصلحة شرعية كاستخراج بطاقة أو اظهار حق وكتصويرمجالس العلم ونحو ذلك. وإذا لم تتعلق به مصلحة فالأولى تركه، خروجا من الخلاف، وبعدا عن الشبهة .

«Сояни тутиб қолиш яъни фотоаппарат ёки видеокамера билан тасвирга олиш ҳақида ҳам аҳли илмлар ўртасида турли ижтиҳодлар мавжуд. Биз агар очиқ-сочиқ аёл сурати каби ҳаром қилинган нарса тасвирда акс эттирилмаса ёки таъзим бажо келтириш мақсади бўлмаса, жоиз деган қавлни оламиз.  Демак, тақиқланган нарсалар тасвирланмаган бўлса, бизга зоҳир бўлгани – жоизлик. Чунки бунда Аллоҳнинг яратганига ўхшатиш мақсади йўқ, балки бу иш Аллоҳ яратган нарсанинг ўзини акс эттиришдир. Айниқса, агар шу ишга шахсга ҳужжат бериш ёки ҳақиқатни исботлаш ё эса илм мажлисларини суратга олиш каби бирор шаръий манфаат боғлиқ бўлиб турган бўлса, бунга рухсат. Агар шаръий манфаатга боғлиқлик ери бўлмаса, ихтилофдан холи ва шубҳадан узоқ бўлиш учун тарк қилган авлодир».    

http://www.islamweb.net/ver2/fatwa/ShowFatwa.php?lang=A&Id=680&Option=FatwaId

Уйга жонли нарсаларнинг сурати, ширк ва гуноҳга далолат қилувчи нарсалар осилмайди. Аммо булардан бошқа нарсаларнинг тасвирини илишдан қайтарилмайди.