“Хулқимни, тарбиямни тўғриласам бўладими?”
Савол: Қори ака, болаликдаги таълим-тарбиянинг аҳамияти ҳақида дарсларингизда кўп гапирасиз. Мен ноисломий оилада туғилиб, 6 ёшимда отасиз қолганман. Онам ёлғиз тарбия қилган. Алҳамдулиллаҳ, ота-онамдан шикоят қилмайман. Улар қўлидан келганича тарбия берган. Улғайганимдан кейин Исломни яхшироқ тушуна бошладим. Сездимки тарбиямда кўп хатолар бўлган экан. Хулқимда камчиликлар кўп. Энди ҳали ҳам бўлса хулқимни, тарбиямни тўғриласам бўладими? Кеч эмасми? Аллоҳ рози бўлсин.
Абдуллоҳ.
Жавоб: Хулқ ва тарбия мавзуси ниҳоятда муҳим масаладир.
«إن أحبكم إلي و أقربكم مني في الآخرة مجالس أحاسنكم أخلاقا ، و إن أبغضكم إلي و أبعدكم مني في الآخرة أسوؤكم أخلاقا ، الثرثارون المتفيهقون المتشدقون»
الراوي: أبو ثعلبة الخشني المحدث: الألباني – المصدر: صحيح الجامع – الصفحة أو الرقم: 1535
خلاصة الدرجة: صحيح
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Охират куни сизларнинг ичингиздан менга энг суюкли бўладиганларингиз ва менга энг яқин ўринда турадиганларингиз хулқи чиройли бўлганларингиздир. Охират куни сизларнинг менга энг ёмон кўринадиганингиз ва мендан энг узоқда қолиб кетадиганингиз хулқи ёмонингиздир. Улар гапбозлар, мутакаббирлар, мақтанчоқлардир».
(Албоний, Саҳиҳул-Жомеъ, 1535).
Абдуллоҳ биродарнинг мактубидан мен таъсирланиб кетдим. Мана бу жумлаларга эътибор берайлик: «Улғайганимдан кейин Исломни яхшироқ тушуна бошладим. Сездимки тарбиямда кўп хатолар бўлган экан. Хулқимда камчиликлар кўп».
Субҳоналлоҳ! Бу сўзлар қандай одилона ва холис сўзлар! Оддийгина қилиб айтсам, бу жуда ақлли инсоннинг сўзи. Фаҳму фаросати кучли одамнинг хулосаси. Илоҳим бизга ҳам, фарзандларимизга ва барча ёшларимизга ҳам мана шундай холислик ато айласин. Биродарлар, ноисломий оила эмас, биз каби исломий оилада туғилганларимиз ҳам тарбияга муҳтожмиз. Биз то қабрга киргунимизча илм олишга, тарбия кўришга интилишимиз зарур. Билганимиздан билмаганимиз, амал қилганимиздан қилмаганимиз кўп. Бизнинг тарбиямиз биз то Аллоҳнинг розилигини топиб, Унинг жаннатига лойиқ бўлгунимизча давом этажак. Аммо шу ҳақиқатга иқрор бўлиш ҳамма учун ҳам бирдек осон эмас…
Уламолар Ислом билимларини уч қисмга бўлишган. Тавҳид илми, аҳком илми, ахлоқ илми. Ахлоқ Ислом билимларининг учдан бирини ташкил қилади. Уни ҳам бошқа илмлар каби ўқиб-ўрганилади, дарс қилинади. Биз шу мақсадда биродарлар учун ахлоқ мавзусида туркум суҳбатлар бошладик. Бу суҳбатларни «Гўзал хулқлар силсиласи» деб номладик. Бугун Абдуллоҳ биродаримизнинг мактуби сабаб бўлиб, ана шу суҳбатларимизнинг биринчисини тақдим этаяпмиз. Биз икки оламда бахт-саодат соҳиби бўлишни орзу қилган, бу дунёда покиза ҳаёт кечиришга ҳаракат қилаётган, фарзандларини солиҳ инсонлар қилиб тарбиялашга интилаётган инсонларга бу суҳбатларни тинглаб, шу асосда дарслар ташкил қилишларини тавсия қиламиз.
Podcast: Play in new window | Download