Бегона қиз билан Интернет орқали гаплашиш

Бўлимлар: 11. Ахлоқ ва одоб

Савол: Мен яқинда намоз ўқишни бошладим. Мен ҳар доим интернетдан фойдаланиб юрганим учун вақтимнинг кўпи интернетда ўтади. Бир қиз билан танишганман. Фақат интернет орқали гаплашамиз. Ўзим уйланмаганман. Шу ишим гуноҳмасмикан, деб ўйланиб қолдим. Менга маслаҳат беринг. Сизларга катта раҳмат.

Эркин.

Жавоб: Мусулмон йигитнинг бегона қиз билан Интернет орқали гаплашиб юриши Исломга тўғри келмайди. Бу кўнгилсиз оқибатларга олиб борадиган хатарли ишдир. Уйланмоқчи бўлган ақлли йигит ўз жуфти ҳалолини ота-она, қариндошлар ва солиҳ биродарларининг ёрдамида топишга ҳаракат қилади. Бемаслаҳат қилинган иш инсонни кейин қутулиб бўлмайдиган муаммолар ботқоғига ташлайди.

Мусулмонликда қиз бола ўзини ўзи турмушга узатмайди. Балки унинг валийлари турмушга берадилар. Ўзига жуфт қидириб Интернет кезган қизни одамлар ижобий баҳоламайдилар. Исломни тушунган ота-она ўз қизини бегона йигит билан хатлашиб юришига йўл қўйиб бермайди.

Сизга катталар ва яхши одамлар билан  маслаҳатлашган ҳолда иш тутишни тавсия қиламиз.  

Интернет яхши ишлар учун восита бўлгани каби жуда кўп ёмонликлар учун ҳам осон йўлдир. Ёшларнинг кўп вақтларини Интернетда беҳуда ўтказишлари уларнинг ахлоқ ва соғлиқларига жидий зарарлар келтиради.