Ҳукумат томонидан қурилган масжидда ибодат қилишнинг ҳукми

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Россиянинг Москва шаҳридаги катта жомий масжид ҳукумат тарафидан қурилган. Унда намоз ўқиса бўладими?

Жалолиддин.

Жавоб: Агар масжидда намозлар Ислом қоидаларига биноан тўғри адо этилаётган ва имом тўғри эътиқодда бўлса, у ерда намоз ўқилаверади. Масжиднинг ким томонидан бино қилингани аҳамиятли эмас. Балки у ерда кимлар, кимга ва қандай ибодат қилаётганлари эътиборли.

وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا (الجن – 18)

«(Аллоҳ ваҳй қилган ҳукмлардан бири:) Масжидлар Аллоҳникидир, бас Аллоҳ билан қўшиб бошқа бирор кимсага ибодат қилмангиз». (Жин – 18).

Муфассирлардан Ал – Жазоирий бу оятни шарҳлаб ёзадилар: «Масжидлар Аллоҳникидир. Бас, ибодат учун у ерларга кирсангиз, Аллоҳ билан бирга бирор кимсага ибодат қилманг. Чунки, уй Уники бўлса, сиз у ерда бўлсангизу яна Ундан бошқасига сиғинсангиз, бу иш ҳаром, ширк ва қилувчиси жаҳаннамда бўлишидан ташқари ўта беадабликдир… Аллоҳдан бошқага сиғиниш масжидда ҳам, бошқа ерда ҳам ҳаром. Аммо бундай воқеанинг масжидда содир этилиши жуда ёмон ва хунукдир…» (Айсарут-тафосир, 5/452, Ал- Жазоирий).

Агар масжидда ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилинаётган экан, у ерни обод ва гавжум бўлишига ҳисса қўшиш, жамоат билан бирга бўлиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.