Ҳозирги кундаги масжид имомларига иқтидо қилиш тўғрими?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Биз умматлар, қачон хоҳласак Роббимизга дуо қиламиз. Дуони Пайғамбаримиз қандай қилганлар ва қандай дуо қилишни буюрганлар? Ҳозирги вақтда, ҳар қандай масжид имомига иқтидо қилишимиз тўғрими? Жумъа намозига  бора олмай юрибман.

Ислом.

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни Аллоҳдан ўз ҳожатларимизни сўраганда чин ихлос билан сўрашга, дуони астойдил қилишга ва дуоларимизнинг қабул этилишига ишонган ҳолда туришга буюрганлар. Дуо ижобат бўлиши учун яна гуноҳдан узоқ юриш, силайи раҳмдан узилмаган ҳолда бўлиш шарт қилинади.

Ҳозирги вақтда ҳам, бошқа вақтда ҳам Аҳли сунна эътиқодида бўлган ҳар бир имомга – агар унда имомлик шартлари мавжуд бўлса – иқтидо қилинаверади. Имомлик шартлари деганда мусулмон, оқил, болиғ, эркак киши бўлиш, қироат қила олиш, намоз рукнларини тўғри адо этиш, таҳоратни сақлаб туришга халал етказадиган узрлардан саломат бўлиш тушунилади. Имомнинг давлат томонидан тайинланиши унга иқтидо қилишдан тўса олмайди. Аммо шаҳарда бир неча имомлар бўлиб, улардан қайси бири мусулмонларга кўпроқ фойда келтираётган бўлса, ўшанга эргашиш афзалроқ, дейиш мумкин.

Ҳафтада бир марта жума намозига ҳозир бўлиб, уни адо этиш жумъа ўқиш шартларига муяссар бўлган ҳар бир эркак мусулмон зиммасидаги фарздир. Жумъа шартлари бир неча турларга бўлинади. Улардан баъзилари: Ислом, ақл, балоғат, ҳуррият, соғлиқ, муқимлик, жамоат…  

Жумъа ибодати Ислом динимизнинг улуғ шиори саналади. Жумъа намози кўплаб ҳикмату фойдаларни ўзида жамлаган муборак амалдир. Аммо айрим одамлар чалкаш тушунчалар чангалида қолиб, Аллоҳ буюрган бу гўзал ва буюк ибодатни адо этиш бахтидан ўзларини ўзлари маҳрум қилиб юрган бўлсалар эҳтимол. Ундай хато фикрлар афсус ва надоматлардан бошқа натижага олиб бормайди.

Жумъа намозини қолдирмай ато этишга ҳаракат қилиш зарур.