Хутба учун минбар ва асо зарурми?
Савол: Хутба ўқишда минбар ва ҳасса шартми?
Жалолиддин.
Жавоб: Уламолар жумъа ўқишнинг қатор шартлари ичида минбар ва асони зикр қилишмаган. Аммо минбар ҳамма олимлар назарида суннат эканида бирор шубҳа ёки ихтилоф йўқ.
ذَهَبَ الْفُقَهَاءُ إِلَى أَنَّ اتِّخَاذَ الْمِنْبَرِ سُنَّةٌ مُجْمَعٌ عَلَيْهَا ؛ كَمَا أَنَّهُ يُسَنُّ أَنْ تَكُونَ الْخُطْبَةُ عَلَى الْمِنْبَرِ ؛ وَكَذَلِكَ الْجُلُوسُ عَلَى الْمِنْبَرِ قَبْل الشُّرُوعِ فِي الْخُطْبَةِ .وَيُسْتَحَبُّ أَنْ يَكُونَ الْمِنْبَرُ عَلَى يَمِينِ الْمِحْرَابِ بِالنِّسْبَةِ لِلْمُصَلِّينَ. (الموسوعة الفقهية الكويتية – 39 / 85).
«Фуқаҳолар минбар ҳозирлаш ҳамма иттифоқ қилган суннатдир, дейишган. Шунингдек, хутба минбар устида бўлиши, хутбага киришишдан аввал минбар устига ўтириш ҳам суннат. Минбар намозхонларга нисбатан олганда меҳробнинг ўнг томонида бўлиши мустаҳабдир». (Ал-мавсуатул-фиқҳийятул-кувайтия – 39/85).
Аммо жумъа ўқишлари фарз бўлган одамлар минбар ҳозирлашнинг иложини қила олмасалар ҳам жумъани тарк этишлари мумкин эмас. Чунки минбар жумъа шартларидан саналмайди.
«Уламолардан бирор кишининг жумъа хутбасини ўқиш учун минбарнинг устига чиқиш шарт, деганларини билмаймиз. Бухорийда келганидек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбар қилдирмасларидан аввал кесилган дарахт танаси устига чиқиб хутба қилар эдилар.»
Минбар устида хутба қилиш, шубҳасиз, Расулуллоҳ ва хулафои рошидинлар суннатларидан саналади. Хатибнинг минбар устидан туриб оммага хитоб қилишида бир қатор фойда ва ҳикматлар бор. Жумладан, одамларнинг хутбани яхши эшитишлари ва хатибни кўриб туришлари учун қулайлик туғилади. Агар хос минбар мавжуд бўлмаса, бирор нарса устида туриб хутба қилса ҳам жоиз. Агар ҳеч нима топилмаса, имом ерда туриб ҳам хутбани адо этаверади. (http://www.islamweb.net/ver2/fatwa/ShowFatwa.php?lang=A&Id=111362&Option=FatwaId)
Хутба пайтида асо ёки камонга суяниб туриш ҳақида келган ҳадислар ичида заифлари ҳам, саҳиҳлари ҳам бор. Фуқаҳолар жумъа хутбасида асо, камон ёки шу каби бирор нарсага суянишни ҳам суннатдан санашган.
«Абу Довуд Ҳакам бин Ҳазндан ривоят қилган. Ҳакам дедилар: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жумъада ҳозир бўлдик. У зот ё асога ёки камонга суяниб турдилар-да, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар». Ҳофиз ибн Ҳажар деди: «Бу ҳадиснинг исноди ҳасан. Аҳли илмлар мана шу ҳадисни хатибнинг асо ёки шунга ўхшаш нарсага, масалан, минбарнинг ёғочига суяниб туриши мустаҳаб эканига далил қилишган. Лекин бу иш вожиб эмас ва буни тарк қилиш билан хутба ботил бўлмайди».
(http://www.islamweb.net/ver2/fatwa/ShowFatwa.php?lang=A&Id=15927&Option=FatwaId )
Аммо уламолардан Ибн Қаййим ва Албонийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган айрим амалларни ибодат суннати эмас, балки одат суннатидан деб ҳисоблаганлар. Улар хутба пайтида асога суянишни ҳам одат суннати, деб айтишган.