Намозни бошлаш пайтида қўл қандай кўтарилади?
Савол: Менга устозим намоз бошлаганда бармоқни қулоққа теккизиб бошлаш бидъат эканлигини айтганди, лекин бошқа бир илмли домла бармоғини қулоғига теккизиб бошлаётганини кўрдим. Менга қайси бирининг ҳадиси кучлироқ келганлигини айтиб берсангиз, демоқчиман.
Ф.
Жавоб: Намоз ўқишга киришилаётган пайтда қўлни қулоқ юмшоғигача кўтариш ёки елка баробар кўтариш ҳақида саҳиҳ ҳадислар келган. У ҳадисларни Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибни Можа ва Байҳақийлар ривоят қилишган. Аммо ҳадисларда бармоқни қулоққа текказиш ҳақида айтилмаган. Бармоқни қулоққа текказиш баъзи уламоларнинг ижтиҳодларида келган. Намозда қўлни қандай кўтариш кераклиги ҳақидаги ҳадислардан баъзилари мана булар:
عَنْ مَالِكِ بْنِ الْحُوَيْرِثِ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم كَانَ إِذَا كَبَّرَ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِىَ بِهِمَا أُذُنَيْهِ وَإِذَا رَكَعَ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِىَ بِهِمَا أُذُنَيْهِ وَإِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ مِنَ الرُّكُوعِ فَقَالَ » سَمِعَ اللَّهُ لِمَنْ حَمِدَهُ «. فَعَلَ مِثْلَ ذَلِكَ. (صحيح مسلم – 2 / 7).
Молик ибн Ҳувайрисдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам такбир айтганларида икки қўлларини қулоқлари баробаригача кўтарар эдилар. Рукуъ қилганларида ҳам икки қўлларини қулоқларигача кўтарар эдилар. Рукуъдан бошларини кўтарганларида «Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ», деб, яна шундай қилар эдилар. (Саҳиҳи Муслим).
عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ قَالَ رَأَيْتُ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم حِينَ افْتَتَحَ الصَّلاَةَ رَفَعَ يَدَيْهِ حِيَالَ أُذُنَيْهِ – قَالَ – ثُمَّ أَتَيْتُهُمْ فَرَأَيْتُهُمْ يَرْفَعُونَ أَيْدِيَهُمْ إِلَى صُدُورِهُمْ فِى افْتِتَاحِ الصَّلاَةِ وَعَلَيْهِمْ بَرَانِسُ وَأَكْسِيَةٌ.) سنن أبى داود-1 / 265، قال الألباني: صحيح) .
Воил ибн Ҳужрдан ривоят. У киши деди: «Мен пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни намоз бошлаганларида икки қўлларини қулоқлари рўпарасига кўтарганларини кўрдим. Кейин яна келдим. Унда (саҳобаларнинг) намозга киришаётганда устларида бурнус ва тўнлари билан қўлларини кўкраклари баробарида кўтараётганларини кўрдим». (Абу Довуд).