Аллоҳнинг юзини восита қилиб нарса сўраш ҳақидаги ҳадис

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Биродари азизлар, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло иншааллоҳ гуноҳларингизни кечириб, иймонларингизни мустаҳкам, илмларингизни зиёда, Охират куни юзларингизни ёруғ қилсин. Инсоният учун ўрнак килиб юборилган Расулуллоҳ Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбаримиз билан бирга қилсин. Барча мусулмонларни ҳам иншааллоҳ, шунга муваффақ қилсин, амин. 

Саволим шундай: Биродарлар, ўзим кофирлар юртидаги бир қамоқхонадаман, алҳамдулиллаҳ, аммо мен нолимайман. Биродарлар билан орамизда гап бўлди, шундай ҳадис бор экан. Ҳадисни кўрмадик, фақат эшитдик. Бу ҳадис шундай экан: «Кимки Аллоҳ розилиги учун бирон нарса сўраса ёки бирон ҳожатини бажаришини сўраса, фарқи йўқ, нима бўлишидан қатъий назар, агар у сўраган муслим сўралган муслимга йўқ жавобини берса, булар иккови ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг лаънатига учрармиш! Биродарлар, агар шундай ёки шунга ўхшаш ҳадислар бирон жойда бўлса, илтимос тўлиқ ҳолатда киритинглар, рақамлари билан. Кучли ҳадисми ёки кучсиз? Саҳиҳми ёки яхши ҳадисми? Бу ерда ўзбекча китоблардан ниҳоятда қийналаяпмиз. Қуръоннинг таржимаси 2 дона бор. Яна майда китоблар, намоз ҳақида.

Раҳмонқул.

Жавоб: Аллоҳ таоло сизларга нажот берсин. Ҳаммамизни Ўз ҳидоятига бошласин. Сиз сўраган ҳадис бир неча йўллар билан ривоят қилинган. Улардан бири қуйидагичадир:

عن رافع بن خديج: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «ملعون من سأل بوجه الله ، و ملعون من سئل بوجه الله فمنع سائله». (الألباني، صحيح الترغيب، حسن لغيره).

«Аллоҳнинг юзи билан сўраган одам малъундир, Аллоҳнинг юзи билан сўралган, аммо сўровчисига бермаган ҳам малъундир». (Албоний, Ат-Тарғиб ват-тарҳиб, ҳасанун лиғайриҳ).

Бу ҳадисдан дунё матосини Аллоҳнинг юзи билан сўраш дуруст эмаслиги англашилади.

Ҳадис шарҳида Усаймин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

«…Бас, одамлардан бирор нарса сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳнинг юзи билан сўрама. Чунки Аллоҳнинг юзи билан фақат жаннат сўралади. Одамлар жаннат беришга қодир эмаслар... Агар дунё ишларидан бирини сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳнинг юзи билан сўрама. Чунки Аллоҳнинг юзи дунё ишини сўралишдан буюкроқдир. Охират ишлари эса Аллоҳнинг юзи билан сўралади. Масалан, Сенинг юзинг билан мени дўзахдан омон қилишингни сўрайман, дейиш. («Ал-қавлул-муфид» 596-597; http://www.alamalyawm.com/ArticleDetail.aspx?artid=75263).

Шунга қарамасдан кимдир Аллоҳнинг юзи билан бирор нарса сўраса, унга қодир бўла туриб бермаслик пасткашлик бўлади.

Аллоҳдан ҳаммамизни ҳақ йўлда собит қилишини сўраймиз.