Қирғин учун қасос олиш фарзми?
Савол: Ўшда қирғизлар ўзбекларни хоҳлаганча ўлдиришди, уйларини ёқишди, хотинларини, қизларини, опа-сингилларини зўрлашди. Ноҳақдан қамашаяпти, уйларида тинтув ўтказишаяпти. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 178 оятида қасосни фарз қилди. Шу оятга кўра ўзбеклар учун қирғизлардан қасос олиш фарзми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!
Четдаги ўзбеклардан.
Жавоб: Аллоҳ таолодан Қирғизистондаги мазлум биродарларимизга, опа-сингилларимизга сабр, ажр ва нусрат тилаймиз. Шаҳидларига жаннат, ҳаётда қолганларига ҳидоят ва нусрат насиб бўлсин. Мазлум ва мазлумаларнинг қалбларига Раббимизнинг раҳмат нурлари қувват ва мадад берсин.
Қасос калимасининг маъноси
Қасос араб тилидаги «қисос» калимасидан олинган бўлиб, луғавий жиҳатдан бир неча хил маъноларни ифодалайди. Шулардан бири издан бориш, деган маънодир. Бунда қасос олувчи одам жиноятчининг изига тушади, деган маъно назарда тутилади.
Қасоснинг истилоҳий маъносини эса мана бу таърифдан билсак бўлади:
الْقِصَاصُ أَنْ يُفْعَل بِالْفَاعِل الْجَانِي مِثْل مَا فَعَل. (التعريفات للجرجاني).
«Қасос жиноятчига нисбатан у қилган ишни қилишдир». (Ат-Таърифот, Журжоний).
Қасос кимдир ноҳақ қотиллик содир этганда ёки бировга жароҳат етказганда, инсоннинг бирор аъзосини яроқсиз ҳолга келтирганда қўлланади.
Қасоснинг машруълиги Қуръони карим оятлари ва ҳадисларга асосланади, унинг тафсилотлари фиқҳий китобларда баён қилинади. Ислом шариатида инсонларнинг яшаш ҳуқуқлари қай даражада мустаҳкам ҳимояланганини шу ҳукм мисолида кўрса бўлади.
Қасос вожиб бўлиш шартлари
Қасос ҳукми татбиқ қилиниши, яъни қасос вожиб бўлиши учун бир қатор шартлар топилиши керак. У шартларнинг баъзиси қотилда, баъзиси мақтулда, баъзиси қатл турида бўлади. Қотилдаги шартлардан баъзилари: қотил аниқ бўлиши, қатлни хато қилиб эмас, қасддан амалга ошириши…
Қасос вожиб бўлиш шартлари қасос олишни амалда қийинлаштиргандек кўринади. Бунинг ҳикмати – одамларнинг турли шубҳалар ёки ғаразлар билан ўзларига ёқмаган кимсаларни ўлдиришларига йўл қолдирмасликдир.
Қасос билан ўч олишнинг фарқи
Ўзига тажовуз қилган кимсадан ўч олиш одати одамлар орасида қадимдан мавжуд. Ўч олиш жоҳилият одатидан бўлиб, Ислом уни тақиқлаган ва ўрнига қасосни жорий этган.
الْقِصَاصُ : الْقَوَدُ ، وَهُوَ الْقَتْل بِالْقَتْل ، أَوْ الْجَرْحُ بِالْجَرْحِ. وَالْفَرْقُ بَيْنَ الثَّأْرِ وَالْقِصَاصِ أَنَّ الْقِصَاصَ يَدُل عَلَى الْمُسَاوَاةِ فِي الْقَتْل أَوْ الْجَرْحِ ، أَمَّا الثَّأْرُ فَلاَ يَدُل عَلَى ذَلِكَ بَل رُبَّمَا دَل عَلَى الْمُغَالاَةِ لِمَا فِي مَعْنَاهُ مِنِ انْتِشَارِ الْغَضَبِ ، وَطَلَبِ الدَّمِ وَإِسَالَتِهِ . )الموسوعة الفقهية الكويتية – 15 / 5).
«Қасос қатлга қатл, жароҳатга жароҳатдир. Ўч билан қасоснинг фарқи шуки, қасос қатл ёки жароҳатда тенглик бўлиши лозимлигини ифодалайди. Ўч олиш эса бунга далолат қилмайди балки ҳаддан ошишга далолат қилади. Чунки ўч олишда ғазабнинг ёйилиши ва қон тўкишнинг кўпайиши маъноси бор». (Ал-мавсуатул-фиқҳийя – 5/15).
الْقِصَاصُ يُقْتَصَرُ فِيهِ عَلَى الْجَانِي فَلاَ يُؤْخَذُ غَيْرُهُ بِجَرِيرَتِهِ ، فِي حِينِ أَنَّ الثَّأْرَ لاَ يُبَالِي وَلِيُّ الدَّمِ فِي الاِنْتِقَامِ مِنَ الْجَانِي أَوْ أُسْرَتِهِ أَوْ قَبِيلَتِهِ وَبِذَلِكَ يَتَعَرَّضُ الأْبْرِيَاءُ لِلْقَتْل دُونَ ذَنْبٍ جَنَوْهُ . )الموسوعة الفقهية الكويتية – (15 / 7)
«Қасос жиноятчининг ўзи билан кифояланади. Бунинг айби учун бошқаси жазоланмайди. Ўч олишда эса қон эгаси жиноятчими, унинг оиласими ёки қабиласими, фарқламайди. Шу сабабли бегуноҳ одамлар ўзлари қилмаган айб учун ўлимга дучор бўладилар». (Ал-мавсуатул-фиқҳийя – 7/15).
Ўч олиш – жоҳилият ҳаётининг муҳим белгиси
تَزْخَرُ كُتُبُ التَّارِيخِ وَالتَّفْسِيرِ وَالسُّنَن بِذِكْرِ عَادَاتِ الْجَاهِلِيَّةِ فِي الثَّأْرِ، وَكُلُّهَا تُؤَكِّدُ أَنَّ عَادَةَ الثَّأْرِ كَانَتْ مُتَأَصِّلَةً عِنْدَ الْعَرَبِ قَبْل الإْسْلاَمِ ، وَأَنَّ الثَّأْرَ كَانَ شَائِعًا ذَائِعًا حَيْثُ كَانَ نِظَامُ الْقَبِيلَةِ يَقُومُ مَقَامَ الدَّوْلَةِ ، وَكُل قَبِيلَةٍ تُفَاخِرُ بِنَسَبِهَا وَحَسَبِهَا وَقُوَّتِهَا ، وَتَعْتَبِرُ نَفْسَهَا أَفْضَل مِنْ غَيْرِهَا ، وَكَانَتِ الْعَلاَقَةُ بَيْنَ الْقَبَائِل خَاضِعَةً لِحُكْمِ الْقُوَّةِ ، فَالْقُوَّةُ هِيَ الْقَانُونُ ، وَالْحَقُّ لِلْقَوِيِّ وَلَوْ كَانَ مُعْتَدِيًا ، وَالاِعْتِدَاءُ عَلَى أَحَدِ أَفْرَادِ الْقَبِيلَةِ يُعْتَبَرُ اعْتِدَاءً عَلَى الْقَبِيلَةِ بِأَجْمَعِهَا ، يَتَضَامَنُ أَفْرَادُهَا فِي الاِنْتِقَامِ وَيُسْرِفُونَ فِي الثَّأْرِ ، فَلاَ تَكْتَفِي قَبِيلَةُ الْمَقْتُول بِقَتْل الْجَانِي ، لأِنَّهَا تَرَاهُ غَيْرَ كُفْءٍ لِمَنْ فَقَدُوهُ . وَكَانَ ذَلِكَ سَبَبًا فِي نُشُوبِ الْحُرُوبِ الْمُدَمِّرَةِ الَّتِي اسْتَغْرَقَتِ الأْعْوَامَ الطِّوَال. (الموسوعة الفقهية الكويتية – (15 / 6).
«Тарих, тафсир ва ҳадис китобларида ўч олишнинг жоҳилият одатида қандай муҳим иш бўлганлиги ҳақида кўп ривоятлар бор. Уларнинг ҳаммаси Исломдан аввал араблар орасида ўч олиш чуқур илдиз отгани ва кенг тарқалган машҳур қоидалардан бўлгани, қабиладаги тартиблар давлат ўрнида қаралганини кўрсатади. Ҳар бир қабила ўз насаби, обрўси ва кучи билан мақтанар, ўзини бошқалардан афзал ҳисоблар эди. Қабилалар орасидаги алоқа куч-қудратнинг ҳукмига бўйсундирилган эди. Куч бу қонун эди. Ҳақиқат тажовузкор бўлса ҳам кучли томонда бўлар эди. Қабиланинг бир одамига бўлган тажовуз бутун қабиланинг ҳаммасига тажовуз, деб эътибор қилинарди ва ундаги ҳар бир одам интиқом олишни ўзининг зиммасида қарз, деб билар ва одамлар ўч олишда ҳаддан ошар эдилар. Мақтулнинг қабиласи жиноятчини ўлдириш билан кифояланмас эди. Чунки улар жиноятчини ўзлари йўқотган одамга баробар, деб билмас эдилар. Бу эса узоқ йилларга чўзилган ҳамма ёқни вайрон қилувчи урушларнинг сабабчиси эди». (Ал-Мавсуатул фиқҳийя- 6/15).
وَكَانَ الْعَرَبُ مِنْ حِرْصِهِمْ عَلَى الثَّأْرِ وَإِسْرَافِهِمْ فِيهِ ، وَخَوْفِهِمْ مِنَ الْعَارِ إذَا تَرَكُوهُ يُحَرِّمُونَ عَلَى أَنْفُسِهِمْ النِّسَاءَ ، وَالطِّيبَ ، وَالْخَمْرَ حَتَّى يَنَالُوا ثَأْرَهُمْ ، وَلاَ يُغَيِّرُونَ ثِيَابَهُمْ وَلاَ يَغْسِلُونَ رُءُوسَهُمْ ، وَلاَ يَأْكُلُونَ لَحْمًا حَتَّى يَشْفُوا أَنْفُسَهُمْ بِهَذَا الثَّأْرِ . (الكامل لابن الأثير 1 / 336).
«Арабларнинг ўч олишга бўлган ҳирслари ва ўч олмасликнинг ориятидан қўрқувлари шунчалик кучли эдики, улар то ўч олмагунларича аёллар билан қўшилишни, хушбўй ишлатишни, ароқ ичишни ўзларига ҳаром қилардилар. То интиқом олмагунларича кийимларини алмаштирмас, бошларини ювмас, гўшт емас эдилар». (Ибнул-Асир, Ал-Комил, 1/336).
Араблар то Ислом келмагунича шу одатларини қўймадилар. Ҳатто Исломга киргандан кейин ҳам баъзилар шу кайфиятда бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай инсонларнинг ораларини ислоҳ қилганлар.
Энг ёмон одам ўч олувчи одамдир
عن جد عمرو بن شعيب قال رسول الله صلى الله علسه وسلم: إن أعتى الناس على الله عز وجل من قتل في حرم الله أو قتل غير قاتله أو قتل بذحول الجاهلية.
(مسند أحمد – 11/36، أحمد شاكر: إسناده صحيح).
Амр ибн Шуайбнинг бобосидан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ назарида одамлар ичидаги энг золим кимса Аллоҳнинг ҳарамида одам ўлдирган ёки қотилдан бошқани ўлдирган ё эса жоҳилият ўчи билан одам ўлдирган кимсадир». (Муснади Аҳмад; Аҳмад Шокир: саҳиҳ).
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ أَبْغَضُ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ ثَلَاثَةٌ مُلْحِدٌ فِي الْحَرَمِ وَمُبْتَغٍ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةَ الْجَاهِلِيَّةِ وَمُطَّلِبُ دَمِ امْرِئٍ بِغَيْرِ حَقٍّ لِيُهَرِيقَ دَمَهُ. (رواه البخاري).
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ учун одамларнинг энг ёмони учтадир: Ҳарамда туриб худони инкор қилучи, Исломда бўлиб жоҳилият одатини қидиручи, бир инсоннинг қонини тўкишни ноҳақ талаб қилувчи». (Бухорий ривоятлари).
Қирғизистон: қасосми ёки ўч?
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда савол туғиладики, Қирғизистонда бўлган ўзбеклар қирғини учун қасос олиш ҳақида гап кетаяптими ёки ўч олиш ҳақидами?
Эътибор берилса, ҳали у ердан, ҳали бу ердан одамларнинг оғзида «қасос» деган сўзлар эшитилаяпти. Аммо бу сўз замирида жоҳилият одатидаги ўч олиш назарда тутилаётгани тушунилмоқда. Негаки, баъзилар ҳеч тортинмасдан қирғизлардан қасос олиш, деган сўзни ишлатаяпти. Исломда бир миллатнинг иккинчи миллатдан қасос олиши Шариатга киритилмаган. Бу иш Шариат қоралган ўч олишдан бошқа нарса бўлмай қолади. Исломда давлат раҳбари изни билан ҳақ йўлда қасос олиш бор экан, бунинг учун жиноятчи қотилни аниқлаш керак. Қирғизистон қирғинида жиноятчи қотиллар ким? Бу савол ҳалигача очиқ қолмоқда. Шундай экан, Исломга кўра биринчи галдаги вазифа қасос эмас, жиноятчилар шахсини аниқлаш ва бўйнига қўйишдир. Агар қотил аниқланмас экан, қасос соқит бўлади. Бу – қотиллар жазоланмай қолиб кетади, дегани эмас. Уларнинг номлари ва қилмишлари Аллоҳнинг китобига ёзилди ва алабтта улар ё бу дунёда ёки Охиратда жазосини олади. Ундай кимсалар учун дунё ҳаётида хорлик, Қиёмат куни улкан азоб ваъда қилинган.
Бу воқеалар ақлли инсонлар учун жиддий имтиҳондир. Улар жиноятчилардан қасос олиш, деган фикр билан хатога ёки жиноятга йўл қўйишлари мумкин эмас. Ўзида имконият ва журъат топган одамлар жиноятчиларни аниқлашлари лозим. Бунда улар ҳозирги замондаги қонун ва услублардан фойдаланадилар.
Мусулмонлар жамиятда пайдо бўладиган зулм ва жиноят омилларидан аввалроқдан огоҳ бўлишга, зўравонликка олиб борадиган сабабларни бартараф этишга ҳаракат қилишлари лозим.
Аллоҳ ҳаммамизни ҳидоятга бошласин.